Жаҳон | 11:20 / 03.01.2026
1698
2 дақиқада ўқилади

Германияда сўнгги кунларда банклар учинчи марта ўмарилгани хабар қилинди

Германиянинг ғарбида жойлашган Шимолий Рейн – Вестфалия федерал ер ҳудудида сўнгги бир неча кун ичида банкларга қарши учинчи марта ўғирлик/босқин қайд этилгани маълум бўлди. 2 январ, жума куни маҳаллий полиция Галле шаҳридаги темирйўл вокзали яқинида жойлашган банк бўлимида 30 декабр куни иш вақтида тўртта сейф ячейкаси бузиб очилганини билдирди.

Фото: Christoph Reichwein/dpa/picture alliance

Зарар миқдори ҳозирча аниқланмаган. Жиноятчилар омборхонага айнан қандай кириб боргани ҳам номаълум. Шу билан бирга, полиция очиб ташланган ячейкалар эгалари билан боғланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеага гувоҳ бўлган бўлиши мумкин бўлган барча шахслардан бу ҳақда маълумот беришни сўради.

Биринчи воқеа Боннда 17 декабр куни содир бўлган, аммо бу ҳақда фақат ой охирида маълум бўлди. Фриденсплатц марказий майдонида жойлашган Sparkasse бўлимида икки сейф бузиб очилиб, у ердан катта қийматдаги қимматбаҳо буюмлар — асосан олтин ўғирланган. Полиция жиноятда 22 ёшли собиқ банк ходимини гумон қилаётганини маълум қилди. Унинг уйида тинтув ўтказилган, у участкага олиб келинган, аммо уни ушлаб туришга асос топилмагани сабаб қўйиб юборилган, деб хабар беради WDR телеканали.

Иккинчи воқеа 29 декабр эрталаб Гелзенкирхендаги Sparkasse бўлимида аниқланган. Банк хавфсизлик хизмати омборхонада тахминан 3200 та ячейка (пул, олтин ва бошқа қимматбаҳо нарсалар сақланган) бузиб очилганини кўрган. Жиноятчилар омборхонага ёнидаги автотураргоҳ томондан кириб, деворни тешиб ўтган. Айрим маълумотларга кўра, зарар миқдори 100 млн евродан ошиб кетиши мумкин. Бу ўғрилик ГФР тарихидаги энг йирикларидан бири, деб аталмоқда. 1 январ куни полиция ходимлари ҳозиргача гумонланувчиларни аниқлашга олиб келадиган бирорта ҳам жиддий далил йўқлигини тан олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид