Жаҳон | 13:20 / 03.01.2026
4393
2 дақиқада ўқилади

Мадуро Каракасда портлашлардан сўнг сафарбарликка чақирди

Венесуэла ҳукумати 2026 йил 3 январга ўтар кечаси Каракас ва бир нечта штатларда “ҳарбий объектлар ҳамда фуқаролик инфратузилмаси” нишонга олинганини иддао қилди ва бунда АҚШни айблади. Расмий баёнотда президент Николас Мадуро миллий фавқулодда ҳолат эълон қилгани ҳамда мамлакатнинг “ижтимоий ва сиёсий кучлари”ни сафарбарлик режаларини ишга туширишга чақиргани айтилган. 

Фото: REUTERS

Reuters ва AP’га кўра, Каракасда тунги соатларда портлашлар, пастдан учган самолётлар шовқини ва айрим ҳудудларда электр таъминоти узилиши ҳақида гувоҳлар хабар берган; қора тутун ҳарбий базага тегишли ҳудуддан кўтарилгани ҳам айтилган

Оқ уй ва Пентагон ҳозирча ҳодиса юзасидан расмий изоҳ бермаган. 

Венесуэла ҳукумати тарқатган баёнотда “чет эл ҳарбий аралашуви” рад этилгани, ҳужумлар Каракасдан ташқари Миранда, Арагуа ва Ла-Гуайра штатларида ҳам бўлгани айтилган. 

AP эса ҳукумат бу воқеаларни “империалистик ҳужум” деб атагани ва фуқароларни сафарбарликка чақирганини ёзади. Мадуро миллий мудофаа режаларини ишга туширгани ва “ташқи таҳдид” режимига ўхшаш ҳолат эълон қилингани ҳам қайд этилган. 

Британиянинг The Guardian нашри Колумбия президенти Густаво Петро “Каракас бомбардимон қилинмоқда” деган баёнот берганини ёзган, бироқ бу даъво мустақил тасдиқлангани ҳақида аниқ далил келтирмаган. 

https://www.reuters.com/world/americas/venezuela-says-it-rejects-military-aggression-by-us-2026-01-03

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид