Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вертикал гигантлар: муҳандислик ҳақидаги тасаввурни ўзгартирган етти бинo
Дунёдаги энг баланд бинолар инсониятнинг архитектура ва муҳандисликда мураккаб синовларни енгиб ўтиш қобилиятини ёрқин намоён этади — улар осмонўпар иморатлар қуриш чегараларини илгари тасаввур қилиб бўлмас даражада кенгайтиради. Осмон сари бўй чўзган бу иншоотлар нафақат замонавий мегаполислар силуэтини шакллантиради, балки материаллар, лойиҳалаш ва қурилиш муҳандислигидаги инновацияларни ҳам намойиш қилади.
Дубайдаги афсонавий Бурдж-Халифадан тортиб Куала-Лумпурдаги ултразамонавий Merdeka 118'гача — ушбу етти бино XXI асрнинг улкан мақсадлари ва техник маҳорат тимсолидир. Ҳар бири архитектура ғояси, муҳандислик кашфиётлари ва инсоннинг ҳамиша осмонга етиш истаги ҳақида ўз ҳикоясини сўзлайди.
2026 йил ҳолатига кўра дунёдаги энг баланд етти бинони кўриб чиқамиз.
1) Бурдж-Халифа — Дубай, БАА (828 метр)
2010 йилда қурилиши якунланганидан бери Бурдж-Халифа сайёрадаги энг баланд бино ва замонавий Дубайнинг рамзи бўлиб қолмоқда. Осмонўпар иморат 163 қаватдан иборат бўлиб, унда турар жойлар, корпоратив офислар, Armani меҳмонхонаси, ресторанлар ва бир нечта кузатув майдончалари жойлашган.
Skidmore, Owings & Merrill бюроси ишлаб чиққан лойиҳа инновацион “таянч-ядро” (buttressed core) тизимига асосланган бўлиб, Y-шаклли режалаштириш чўл гули шакли ҳамда исломий меъморчилик мотивларидан илҳомланган.
Ҳар бир “қанот” ўз темир-бетон ядроси ва ташқи колонналарига эга; улар биргаликда марказий олтибурчак устунни таянч билан таъминлаб, шамол юкламаларини сезиларли камайтиради ва конструкция чидамлигини оширади.
2) Merdeka 118 — Куала-Лумпур, Малайзия (678,9 метр)
2023 йилда қурилиши тугалланган Merdeka 118 дунёдаги иккинчи энг баланд бино бўлиб, Малайзия учун алоҳида рамзий ютуқ ҳисобланади. Минора 118 қаватдан иборат — бу рақам унинг номида ҳам бевосита акс этган ва бинога “вертикал миллий рамз” мақомини беради. Фойдаланишга топширилиши Куала-Лумпурнинг жаҳон даражасидаги супер-осмонўпарлар шаҳри сифатидаги ривожланишида янги босқични белгилади.
Бино бир неча функционал зоналарга бўлинган: юқори қисмда Park Hyatt Kuala Lumpur меҳмонхонаси ва иккита The View at 118 кузатув майдончаси, пастки қисмида эса етти қаватли Mall 118 савдо мажмуаси жойлашган.
Меҳмонхона, туризм ва тижорат функцияларининг бундай уйғунлиги бинода доимий фаолликни таъминлайди ва унинг шаҳар иқтисодиётидаги “драйвер” ролига хизмат қилади.
3) Шанҳай минораси — Шанҳай, Хитой (632 метр)
2015 йилда қурилиши якунланган Шанҳай минораси Хитойдаги энг баланд ва дунёдаги учинчи энг баланд бино ҳисобланади. 128 қаватли ушбу иншоот барқарор (экологик) ривожланиш тамойилларини осмонўпар иморатлар қурилишига чуқур интеграция қилишнинг намунасидир. Тахминан 47 та “яшил” технология энергия истеъмолини шу кўламдаги анъанавий биноларга нисбатан 54 фоизгача камайтиришга ёрдам беради.
Миноранинг спиралсимон шакли ҳам меъморий, ҳам муҳандислик ечимидир: у шамол юкламасини камайтиради ва сейсмик барқарорликни оширади. Чўққига яқин қисмида ташқи ёритиш учун электр ишлаб чиқарадиган шамол турбиналари жойлашган — бу бинога қайта тикланувчи энергияга йўналганлик хусусиятини беради.
Табиий газда ишлайдиган когенерация тизими пастки қаватларни электр ва иссиқлик билан таъминлайди, ақлли мониторинг тизимлари эса эксплуатация харажатлари ва ташламалар миқдорини камайтиради.
4) Макка қироллик соат минораси — Макка, Саудия Арабистони (601 метр)
2012 йилда тугалланган Макка қироллик соат минораси Макканинг манзарасида асосий доминантага айланган ва 120 қаватдан иборат. Иншоотнинг асосий вазифаси — ҳар йили шаҳарга келадиган миллионлаб зиёратчиларни қабул қиладиган меҳмонхона-турар жой мажмуаси. Миқёси ва мақсади унга ҳам меъморий ифода, ҳам чуқур маданий аҳамият беради.
Конструктив жиҳатдан бино соат қисми устида бирлашадиган тўртта V-шаклли таянчга суянади; улар конуссимон пўлат балка орқали юкламани тўғридан тўғри пастга узатади. Муҳандислар юқори мустаҳкам пўлат ва бетондан иборат композит элементларни қўллаб, оғирликни камайтирган ҳолда кўтарувчанликни сақлаб қолишга эришган.
Соат циферблатлари ва арабча ёзувлар замонавий композит материаллар ва шиша мозаика ёрдамида ишлангани туфайли соатлар жуда узоқдан ҳам кўринади.
5) Ping An халқаро молия маркази — Шэнчжэн, Хитой (599,1 метр)
2017 йилда қуриб битказилган Ping An молия маркази 115 қаватдан иборат бўлиб, Шэнчжэн бизнес туманининг муҳим элементи ҳисобланади. 2019 йилда Баланд бинолар ва шаҳар муҳити бўйича кенгаш уни дунёда тўлиқ офислар учун ажратилган энг баланд бино деб тан олган.
Минора Шэнчжэн махсус иқтисодий зонасининг жадал иқтисодий ўсишини акс эттиради.
Қурилиш 2013 йилда бир муддат тўхтатилган — сабаб бетон тайёрлашда ишлов берилмаган денгиз қуми қўлланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар. Кенг кўламли текширувлар ва тузатиш ишларидан кейин лойиҳа давом эттирилган, бироқ авиация хавфсизлиги сабаб кейинроқ режалаштирилган антенна лойиҳадан чиқариб ташланган.
Шунга қарамай, бино лойиҳа бўйича белгиланган баландликка етган ва ҳозирда офислар билан бирга ёрдамчи савдо ва меҳмонхона функцияларини ҳам ўз ичига олади.
6) Lotte World Tower — Сеул, Жанубий Корея (555 метр)
Lotte World Tower 2016 йилда қуриб битказилган ва ҳануз Жанубий Кореянинг энг баланд бинодир. 123 қаватли ушбу осмонўпар иморат мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги супер-осмонўпар бинолар сафига қўшилиш бўйича интилишини ифодалайди. Унинг қиёфасида анъанавий корейс керамикаси, фарфор ва хаттотлик мотивлари замонавий меъморий тил билан уйғунлашган.
Фасад бўйлаб ўтадиган вертикал “чок” визуал жиҳатдан минорани Сеулнинг тарихий маркази билан боғлайди. Ташқи қобиқ оқ лакланган металл элементлар билан уйғунлашган ёруғ кумушранг шишадан ишланган бўлиб, нозик ва элегант образ яратади.
Ўн қаватли стилобат майдони бўйича миноранинг вертикал массасини такрорлайди — бу ҳам конструктив барқарорликни, ҳам мажмуанинг функционал яхлитлигини таъминлайди.
7) One World Trade Center — АҚШ (541 метр ёки 1776 фут)
One World Trade Center — АҚШдаги ва бутун Ғарбий яримшардаги энг баланд бино. Унинг футлардаги баландлиги атайин танланган бўлиб, 1776 йилга ишора қилади ва бинога меъморчиликдан ташқари рамзий маъно беради.
Бино, асосан, юқори хавфсизлик талабларига мос офис иншооти: пастки қисмида савдо майдонлари, юқори қаватларда эса кузатув майдончаси жойлашган.
Конструктив жиҳатдан у темир-бетон ядрони ташқи пўлат каркас билан уйғунлаштиради, каркас шамол, сейсмик ва оғирлик юкламаларига чидамли. Подиум қисми хавфсизликни ошириш учун қалин бетон деворлар ва ламинацияланган шиша қовурғалар билан бажарилган.
Энг баланд бинолар — инсон амбицияси илғор муҳандислик фикри ва меъморий қараш билан учрашганда нималарга қодир эканини кўрсатувчи барқарор рамзлардир.
Бу иншоотлар баландлик рекордларидан ҳам узоқроқ маъно касб этади: улар шаҳарлар манзарасига янги горизонтлар беради, мегаполисларни жаҳон ориентирига айлантиради ва лойиҳалаш, материаллар ҳамда қурилиш технологиялари чегараларини кенгайтиради.
Мавзуга оид
21:11 / 11.01.2024
Малайзияда дунёдаги иккинчи энг баланд бино очилди
19:45 / 23.10.2021
Сайлов участкаларига бириктирилган бинолар статистикаси очиқланди
00:14 / 10.02.2018
Энг машҳур автомобиль брендларининг штаб-квартиралари билан танишинг (фотожамланма)
16:01 / 25.11.2016