Ўзбекистон | 19:45 / 23.10.2021
6745
3 дақиқада ўқилади

Сайлов участкаларига бириктирилган бинолар статистикаси очиқланди

Республика бўйича энг кўп сайлов участкалари мактаб, коллеж, тиббиёт муассасалари, фуқаролар йиғинлари биноларида, маданият ва спорт марказларида ташкил этилган.

Фото: KUN.UZ

Сайлов участкаларининг 7 259 таси мактаблар, 696 таси коллежлар, 515 таси тиббиёт муассасалари, 151 таси олий ўқув юртлари, 597 таси фуқаролар йиғинлари бинолари, 510 таси маданият ва спорт марказлари, 37 таси савдо марказлари, 38 таси санаториялар, 87 таси Давлат хизматлари агентлиги, 12 таси қамоқда сақлаш жойлари (тергов ҳибсхоналарида), 6 таси жазони ижро этиш муассасалари, 168 таси ҳарбий қисмлар, 706 таси бошқа объектларда жойлашган.

Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, Сайлов кодексига мувофиқ республика бўйича 10 760 та сайлов участкаси ташкил этилган. Шундан 1 203 таси Фарғонада, 1 111 таси Самарқандда, 1001 таси Қашқадарёда, 988 таси Тошкент вилоятида, 931 таси Андижонда, 860 таси Сурхондарёда, 831 таси Наманганда, 797 таси Тошкент шаҳрида, 656 таси Қорақалпоғистонда, 610 таси Бухорода, 553 таси Хоразмда, 524 таси Жиззахда, 411 таси Навоийда, 284 таси Сирдарёда жойлашган.

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг айтишича, ички ишлар органлари кузатувида 18 546 080 дона сайлов бюллетени республикадаги барча сайлов округи ва участкаларига етказиб берилган.

“Сайлов участкалари жойлашган барча бинолар овоз бериш кунидан олдин сапёр мутахассисларни жалб этган ҳолда тўлиқ текширилади ва 23 октябрь соат 18:00 га қадар қўриқловга олинади. Шу мақсадда овоз бериш куни сайлов участкалари ҳамда унинг атрофида жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун 53 670 нафар ҳуқуқ-тартибот ва жамоатчилик вакиллари хизматга жалб этилади.

Улар томонидан овоз бериш жараёнига ҳамда участка сайлов комиссиялари ва кузатувчиларнинг фаолиятига аралашмасдан сайлов участкаларида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш ва турли нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш чоралари кўрилади. Шунинг учун барча жойларда ёнғин ўчириш бўлинмаларининг жанговар ҳисоблари ва тез тиббий ёрдам хизматларининг узлуксиз навбатчилиги ташкил этилди.

Ҳар бир сайлов участкаси биноси атрофида ҳудудий профилактика инспекторлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмати йўлга қўйилди. Турли нохуш ҳолатлар ва уларнинг ижтимоий хавфли оқибатларини бартараф этиш учун ҳар бир ҳудудда алоҳида захира кучлари тўлиқ шай ҳолатга келтирилди”, дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент сайлови 2021 йил 24 октябрга белгиланган. Сайловда «Миллий тикланиш»дан партия етакчиси Алишер Қодиров, ЎзЛиДеПдан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев, «Адолат» СДПдан партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимов, Экопартиядан партия раиси Нарзулло Обломуродов ва ХДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова Ўзбекистон президентлиги учун кураш олиб боришади.

МСК маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги сайловчилар сони қарийб 21,2 миллион кишини ташкил қилади. Ушбу президент сайловида маҳкумлар ҳам илк марта овоз беришади. 14–20 октябрь кунлари 421 618 нафар ўзбекистонлик президент сайловида муддатидан олдин овоз беришга улгурган.

Мавзуга оид