Жаҳон | 07:33 / 09.01.2026
6002
2 дақиқада ўқилади

Нефт денгизи устидаги қашшоқлик: Венесуэла парадокси

Венесуэла дунёдаги энг катта нефт захираларига эга, бироқ бугун унинг глобал энергетика бозорларидаги ўрни ўтган ўн йилликларга нисбатан мутлақо номутаносиб даражада кичик.

Фото: REUTERS

АҚШ ва Саудия Арабистони каби давлатлар нефтни кунлик қазиб чиқариш ҳажмлари бўйича етакчилик қилаётган бир пайтда, Венесуэлада ишлаб чиқариш кўрсаткичлари сўнгги ўн йилликлар давомида изчил равишда пасайиб келмоқда.

Ушбу визуализация энг йирик ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг исботланган нефт захираларини таққослайди. “Захира” деганда — жорий шароитларда иқтисодий жиҳатдан қазиб олиниши мумкин бўлган нефт ҳажми тушунилади. Маълумотлар манбаи — ОПЕКнинг 2025 йилги Annual Statistical Bulletin нашри.

Венесуэла тахминан 303 миллиард баррел исботланган нефт захирасига эга — бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, ҳатто Саудия Арабистонидан ҳам анча юқори. Мамлакат ҳиссасига жаҳон захираларининг тахминан 17 фоизи тўғри келади. Ушбу ресурсларнинг асосий қисми Ориноко дарёси ҳавзаси (Ориноко пояси)да жамланган.

Ресурс жиҳатидан катта устунлигига қарамай, 2024 йилда Венесуэла нефт қазиб чиқариш ҳажми бўйича дунёда атиги 21-ўринни эгаллади — кунига тахминан 960 минг баррел ишлаб чиқарган.

Энг юқори чўққиси 1970-йилларда мамлакат кунига 3,5 миллион баррелгача нефт қазиб чиқарган, бу ўша пайтдаги жаҳон умумий қазиб чиқаришининг 7 фоизидан кўпроғини ташкил этган. 2010-йилларда эса ишлаб чиқариш кескин қисқарди ва ўтган йили ўртача 1,1 миллион баррел/сутка атрофида бўлди — бу глобал ҳажмнинг тахминан 1 фоизига тенг.

Саноатга йиллар давомида етарли сармоя киритилмагани ва халқаро санкциялар Венесуэланинг нефт секторини ривожлантириш имкониятларини жиддий чеклади. Айрим ғарб компаниялари, жумладан Chevron ҳам мамлакатда ишлашда давом этаётган бўлса-да, санкциялар режими кенгайиши ва экспортга чекловлар кучайиши ортидан уларнинг иштироки сезиларли даражада қисқарди.

Венесуэла ОПЕКнинг асосчи давлатларидан бири бўлган (Эрон, Ироқ, Кувайт ва Саудия Арабистони билан бир қаторда), аммо қазиб чиқариш пасайиб бориши билан ташкилот ичидаги унинг таъсири ҳам сезиларли равишда сусайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид