Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сизни кузатиш учун рухсат сўраб ўтиришмайди — бу қулайликми, қулликми?
Шахсий ҳаётингизни, сирларингизни адолатли инсонга ишонган бўлармидингиз? Айтайлик, ижтимоий тармоқлар, сиздаги қурилмалар, фойдаланаётган дастурларингиз яхши одамларнинг қўлида деб ўйлайсизми? Агар пардалар ортида “ёмон амакилар” турган бўлса-чи? Бугун биз “5 дақиқа”да Ден Брауннинг “Рақамли қалъа” романи ҳақида гаплашамиз.
Асар воқеалари дунёнинг энг махфий ташкилотларидан бири — АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ичида бошланади. У ерда ҳар бир овоз, ҳар бир рақам, ҳар бир хабар кузатилади. Ана шу жойда криптография бўйича энг кучли мутахассислардан бири, IQ даражаси жуда юқори бўлган Сюзан Флетчер исмли гўзал хоним ишлайди. Ўша соҳибжамол сизни АҚШнинг “темир деворлари” ортига назар ташлашингизга ёрдам беради.
Криптограф Энсей Танкадо Испанияда шубҳали ўлим топади. У хавфсизлик агентлигида ишлаган, кейин эса ташкилотни тарк этиб, бутун дунёга шов-шув соладиган даъво қилади. Танкадо шундай код яратганки, уни ҳеч қандай суперкомпютер бузиб ўта олмайди. Бу шифр агар очилмаса, Миллий хавфсизлик агентлигининг глобал тизими ишдан чиқади. Агар очилса, агентлик бутун дунё алоқаларини мутлақ назорат қилиш имконига эга бўлади.
Мутлақ назорат учун кураш
Миллий хавфсизлик агентлиги раҳбарияти кодни очишга уринади. Аммо “TRANSLTR” деб аталган улкан суперкомпютер ҳам код олдида ожиз қолади. Тизим қизиб, маълумотлар ёниб кетиш хавфи пайдо бўлади. Сюзан Флетчер буни биринчи бўлиб ҳис қилади. У кодни очиш билан нафақат тизимни, балки инсон эркинлигини ҳам йўқ қилиш мумкинлигини англайди.
Бир вақтнинг ўзида воқеалар иккинчи йўналишда ҳам ривожланади. Сюзаннинг қаллиғи — тилшунос ва рамзлар билан ишлайдиган Дэвид Беккер Испанияга юборилади. У код муаллифи Танкадо қолдирган сирнинг тагига етади. Қувғинлар, хиёнатлар, ёлғон йўл-йўриқлар орқали Беккер ҳам код ортидаги ҳақиқий мақсадни англайди.
Асарнинг драмаси шундаки, Миллий хавфсизлик агентлигининг ичида ҳам ягона фикр йўқ. Куч ишлатиш тарафдори бўлган Грег Ҳейл каби шахслар учун мақсад ҳамма нарсани оқлайди. Улар учун эркинлик иккинчи даражали тушунча. Стратмор эса давлат хавфсизлиги билан виждон ўртасида қолган раҳбар сифатида тасвирланади. У тизимга, тизимнинг қудратига ҳаддан ортиқ ишониб юборади. Ҳаммани назорат қилиш мумкин бўлган кучга эришиш учун қонунларнинг ҳам, инсон дахлсизлигининг ҳам унга ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
Сирларингиз — душманингиз бўлиши мумкин
Танкадони асар давомида деярли кўрмайсиз, лекин ҳамма воқеалар унинг ғояси атрофида содир бўлади. У шифр яратиш орқали давлатни ағдаришни эмас, инсонларни уйғотишни истаган эди. У код орқали шундай тузоқ қўйгандики, уни очишга уринган ҳар қандай ҳокимият ўзини фош қилиб қўяди. Яъни у “Троя оти”га ўхшаб ичкарига киради ва барчамизни назорат қилишга уринаётган тизимни ишдан чиқаради.
Асар якунида аён бўладики, ҳақиқий душман код эмас. Асл душман — ҳокимиятнинг чексиз назоратга бўлган иштиёқидир.
Ден Брауннинг фикрича, технологияга ишониб бўлмайди, у кимда бўлса, ўша унинг йўналишини белгилайди. Агар технология инсонни ҳимоя қилса — бу тараққиёт. Агар инсонни кузатишга хизмат қилса, у қулликнинг замонавий кўриниши.
(Фараз қилинг, телеграм, ютуб, фейсбук ва ниҳоят сунъий интеллект ёмон одамларнинг қўлига тушса нима бўлади? Умуман, улар айни пайтда яхши одамларнинг қўлидами? Шунақа пайтда одам тоғларга қочиб кетиб, қўй боқсам дейсан).
Бугунги кунда “Рақамли қалъа” янада долзарб. Смартфонлар, ижтимоий тармоқлар, камералар, сунъий интеллект — барчаси ҳаётимизни енгиллаштиряпти, лекин бир вақтнинг ўзида биз ҳақимизда ҳамма нарсани билиб оляпти. Эркинликни қулайликка алмаштиришни афзал биляпмиз.
Ден Браун замонавий дунёнинг энг яхши ёзувчиларидан бири. У деярли барча асарларида ўқувчига янги билимлар бера олади, баланд деворлар ортига қараш имконини беради.
Мавзуга оид
14:37 / 03.01.2026
Шамолга айланган одам - орзулар зерикарли кабинетларда ўлиб кетмаслиги керак
12:21 / 27.12.2025
Очликда курашиб, машҳурликда мағлуб бўлган инсон қиссаси
11:54 / 20.12.2025
Жажман – ҳаммамизнинг ҳисобимизга кун кўрадиган енгилмас махлуқ ҳақида эшитганмисиз?
19:35 / 13.12.2025