Туризм | 12:18 / 10.01.2026
702
2 дақиқада ўқилади

Статистика: 2025 йилги тиббий туризм кўрсаткичлари эълон қилинди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида 80 653 нафар чет эл фуқароси даволаниш мақсадида Ўзбекистонга келган. Келганлар орасида энг катта улуш Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.

Фото: AFP

Миллий статистика қўмитаси 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонга даволаниш мақсадида ташриф буюрган хориж фуқаролари сонига оид маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, ҳисобот даврида мамлакатга 80 653 нафар чет эл фуқароси тиббий хизматлардан фойдаланиш учун келган.

Статистикага кўра, Ўзбекистонга даволаниш мақсадида келганларнинг асосий қисми қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, Тожикистондан — 55 851 нафар, Қирғизистондан — 14 296 нафар, Қозоғистондан — 7 633 нафар фуқаро келган.

Шунингдек, Россиядан — 1 820 нафар, Афғонистондан — 678 нафар, Туркманистондан — 219 нафар хориж фуқароси даволаниш учун ташриф буюрган. Бундан ташқари, Туркия (47 нафар), АҚШ (15 нафар), Хитой (15 нафар) ҳамда Озарбойжон (10 нафар) фуқаролари ҳам мазкур мақсадда Ўзбекистонга келгани қайд этилган. Бошқа давлатлардан келганлар сони эса 69 нафарни ташкил этган.

Мутахассислар қайд этишича, бундай кўрсаткичлар мамлакатда тиббий хизматлар бозорининг кенгайиши, диагностика ва даволаш хизматлари турларининг кўпайиши, шунингдек, қўшни давлатлар билан алоқаларнинг фаоллиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид