Жаҳон | 18:06 / 10.01.2026
4670
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла ва АҚШ дипломатик муносабатларни тикламоқчи

Президент Николас Мадуро АҚШ томонидан ўғирлаб кетилганига бир ҳафта бўлмасдан, Венесуэла расмийлари Қўшма Штатлар билан қарийб 7 йилдан бери узилиб қолган дипломатик алоқаларни тиклаш ва Вашингтондаги элчихона фаолиятини қайта йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес маълум қилди.

Делси Родригес / Фото: New York Times

Родригеснинг баёнотига кўра, Венесуэла ва АҚШ ҳукуматлари “иккала мамлакатдаги дипломатик миссиялар фаолиятини қайта йўлга қўйиш мақсадида, синов тариқасидаги дипломатик жараёнларни бошлаш”га қарор қилган.

АҚШ Давлат департаментининг тасдиқлашича, Америка дипломатлари 9 январ куни элчихона фаолиятини тиклаш “эҳтимолига баҳо бериш учун” Венесуэла пойтахти Каракасга борган.

New York Times'нинг ёзишича, икки томон ҳам дастлабки қадамлар “тажриба-синов тариқасида” эканини айтмоқда. Айни пайтда муносабатлар кун сайин ўзгаришга учраяпти.

Делси Родригесга кўра, дипломатик алоқаларни тиклаш имкониятини ўрганишдан мақсад – “агрессия ва республика президенти ҳамда биринчи хонимининг ўғирлаб кетилиши билан боғлиқ оқибатларни кўриб чиқиш, шу билан бирга, ўзаро манфаатли кун тартибини илгари суриш”дан иборат.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса жума куни Америка нефт компаниялари раҳбарларини Оқ уйга йиғиб, улардан Венесуэладаги нефт конларига инвестиция киритишни сўради.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид