Жаҳон | 11:34 / 10.01.2026
2919
2 дақиқада ўқилади

Волгоград вилоятида дрон ҳужумидан сўнг нефт базаси ёнмоқда

Волгоград вилоятида дрон қолдиқлари тушиши оқибатида нефт базасида ёнғин юз берди. Дронлар ҳужумлари фонида Волгоград, Геленжик, Краснодар ва Чебоксар аэропортларида рейсларни қабул қилиш ва жўнатишга чекловлар жорий этилди.

Фото: Yuriy Dyachyshyn/AFP/Getty Images

Украина Қуролли кучлари шанбага ўтар кечаси, 10 январда Россиянинг бир қатор ҳудудларига дронлар билан ҳужум қилди. Волгоград вилоятида дрон парчалари тушиши сабаб нефт базаси ёнганини маҳаллий губернатор Андрей Бочаров маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Бочаровнинг айтишича, аҳолини эвакуация қилиш зарурати туғилса, Октябрский посёлкасидаги мактаблардан бирида вақтинча жойлаштириш пункти тайёрлаб қўйилган.

Дронлар ҳужумлари фонида Волгоград, Геленжик, Краснодар ва Чебоксар аэропортлари рейсларни қабул қилиш ва жўнатишга вақтинча чекловлар киритди, деб хабар қилди Росавиация расмий вакили Артём Кореняко.

Шунингдек, 10 январ тунги пайт Москва аэропортлари Домодедово ва Жуковский ҳам фаолиятини вақтинча тўхтатган. Россия пойтахти мэри Сергей Собянин Москвага яқинлашиб келаётган битта дрон урдириб туширилгани ҳақида хабар берган.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 10 январ тунги пайт РФ ҳудудлари устида жами 59 та дрон йўқ қилинган.

9 январ куни Россия армияси Киев ва Лвивга дронлар билан ҳужум қилди. Киев шаҳар мэри Виталий Кличко бу ҳужумни “пойтахтнинг муҳим инфратузилма объектлари учун энг оғриқли” деб атади. Киевдаги кўп қаватли уйларнинг деярли ярми — тахминан 6000 та бино иссиқлик таъминотисиз қолган. Ҳужум натижасида 4 киши ҳалок бўлган, яна 24 киши яраланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид