Ўзбекистон | 19:01 / 12.01.2026
2196
2 дақиқада ўқилади

АЭХА Ўзбекистонни уран чиқиндиларидан тозалаш режасини тасдиқлади

Стратегик режа Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қамраб олади ҳамда халқаро молия ва ихтисослашган ташкилотлар билан ҳамкорликни назарда тутади. Ҳужжат совет даврида уран қазиб олишдан зарар кўрган ҳудудларни босқичма-босқич тозалаш ва тиклашга қаратилган.

Янгиободдаги ташландиқ завод

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Марказий Осиёда уран чиқиндиларини рекултивация қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган янги стратегияни (.pdf) қабул қилди.

Стратегик режа Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қамраб олади ҳамда халқаро молия ва ихтисослашган ташкилотлар билан ҳамкорликни назарда тутади. Ҳужжат совет даврида уран қазиб олишдан зарар кўрган ҳудудларни босқичма-босқич тозалаш ва тиклашга қаратилган.

Дастурнинг янгиланган умумий қиймати 113 миллион еврога баҳоланмоқда. Унга қурилиш-муҳандислик ишлари, лойиҳаларни бошқариш, эҳтимолий харажатлар захираси, шунингдек, қўшимча дастурий харажатлар киритилган. Ҳисоб-китоблар амалдаги шартномалар ва жорий смета маълумотлари асосида амалга оширилади.

Қайд этилишича, янги стратегия илгари устувор объектлар қаторига киритилмаган, экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавфи нисбатан паст бўлган объектларга ҳам татбиқ этилади.

АЭХА янги режанинг амалга оширилиши лойиҳаларнинг такрорланишининг олдини олишга, амалга оширилаётган ишларнинг шаффофлигини оширишга ва минтақада уран чиқиндиларини тозалашни тўлиқ якунлаш учун қўшимча халқаро ёрдамни жалб қилишга имкон беради, деб ҳисоблайди.

СССР даврида Марказий Осиёда, жумладан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ядро саноати эҳтиёжлари учун уран фаол қазиб олинарди. Тахминан 40 йил давомида бундай ишлар, масалан, Тошкент вилояти, Янгиобод туманида олиб борилган.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида уран рудасини қазиб олиш ва қайта ишлаш оқибатида тўпланган тахминан 4 миллион тонна радиоактив чиқинди кўмилган. Таққослаш учун, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларда бу кўрсаткич анча юқори: Қозоғистонда 240 млн тонна, Қирғизистонда 132 млн тонна ва Тожикистонда 42 млн тонна. Шу билан бирга, Ўзбекистон бўйлаб радиация даражаси расман меъёрдан ошмайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид