Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина “Лукойл”нинг бурғилаш қурилмалари йўқ қилинганини маълум қилди
“Лукойл”нинг Владимир Филановский номидаги, Юрий Корчагин номидаги ва Валерий Грайфер номидаги бурғилаш қурилмаларига Украина Мудофаа кучлари томонидан зарба берилди, деб билдирди Украина Қуролли кучлари Бош штаби.
Фото: Украина ҚК Бош штаби
Украина Мудофаа кучлари Каспий денгизида Россиянинг “Лукойл” нефт компаниясига тегишли учта бурғилаш қурилмасига зарба берди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби якшанба, 11 январ куни маълум қилди.
Гап Владимир Филановский номидаги, Юрий Корчагин номидаги ҳамда Валерий Грайфер номидаги бурғилаш қурилмалари ҳақида кетмоқда, дейилади Украина ҚК Бош штаби Telegram’даги постида. Маълумотларга кўра, уларнинг барчаси Россия армияси таъминоти учун ишлатилган. “Зарбалар қайд этилди. Етказилган зарар кўлами аниқланмоқда”, — дейилади хабарда.
“Украина Мудофаа кучлари Россия оккупацион қўшинларининг ҳарбий-иқтисодий имкониятлари ва ҳужум салоҳиятини тизимли равишда сусайтиришни давом эттирмоқда”, — деб таъкидлайди Украина ҚК Бош штаби.
Рус тилидаги ихтисослашган Neftegaz.ru платформаси маълумотларига кўра, Владимир Филановский номидаги нефт-газ конденсати кони Каспий денгизи шелфининг шимолий қисмида, Астрахандан 220 км узоқликда жойлашган. У 2005 йилда очилган ва 2016 йил октябрда саноат миқёсида эксплуатацияга киритилган.
Валерий Грайфер номидаги кон (аввалги номи — “Ракушечное”) 2001 йилда очилган. У Владимир Филановский номидаги конга бевосита яқин ҳудудда жойлашган.
Юрий Корчагин номидаги кон “Лукойл” томонидан 2010 йилда эксплуатацияга киритилган. “Конда жами (тўпланган) нефт қазиб олиш ҳажми 8,6 млн тоннадан ошади. Конни ўзлаштириш учун барча денгиз объектлари Астрахан вилояти ҳудудида қурилган”, — дейилади компания сайтида.