Жаҳон | 15:47
3049
3 дақиқада ўқилади

Кипер: Россия Панама ва Сан-Марино байроқлари остидаги кемаларга ҳужум қилди

Олег Кипер ва Алексей Кулеба маълумотларига кўра, Россия дронлари Қора денгиз акваториясида Панама ва Сан-Марино байроқлари остида ҳаракатланаётган икки тижорий кемани нишонга олган. Улардан бирининг экипаж аъзоси оғир яраланган.

Фото: State Emergency Service of Ukraine/REUTERS

Россия яна Қора денгизда хорижий байроқлар остида сузаётган ва Украина уруш шароитида дон экспорт қилишда давом этаётган денгиз йўлаги доирасида бўлган тижорий кемаларга ҳужум қилди. Бундай баёнотни Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Олег Кипер душанба куни, 12 январда Telegram’да берди.

Унинг айтишича, биринчи ҳужумкор дрон Панама байроғи остидаги кемага қаратилган. У кема “кутиш ҳудуди”да бўлган ва ўсимлик мойини юклаш учун Черноморск портига йўл олган. “Кеманинг уст қурилмасига зарба берилгани қайд этилди, ёнғин келиб чиқмади. Афсуски, экипажнинг бир аъзоси оғир яраланди ва Украина Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан зудлик билан Одесса портига эвакуация қилинди, у ерда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди”, — деб ёзди Кипер.

Иккинчи зарба Сан-Марино байроғи остидаги қуруқ юк ташувчи кемага берилган — у портдан чиқиб кетаётган бўлган. “Ёнғин тезда локаллаштирилди. Ҳеч ким жабрланмади”, — дейилади постда.

Одесса яқинида икки тижорий кемага РФ Қуролли кучлари ҳужум қилгани ҳақидаги маълумотни Telegram’да Украина жамоатлар ва ҳудудларни ривожлантириш вазири ҳамда тикланиш бўйича бош вазир ўринбосари Алексей Кулеба ҳам тарқатди.

Бундан олдин Украина 9 январ куни Қора денгиз акваториясида фуқаролик кемаларига Россия томонидан қилинган ҳужумлар ҳақида хабар берган эди. Ўшанда Алексей Кулеба маълумотларига кўра, Россия Комор ороллари байроғи остида сузаётган, соя юкини ташиётган кемани нишонга олган. Натижада Сурия фуқаролигига эга бўлган экипаж аъзоси ҳалок бўлгани Кулебанинг Telegram’даги постида айтилган.

Яна бир РФ дрони Сент-Китс ва Невис байроғи остидаги фуқаролик кемасига урилган — у денгиз йўлаги доирасида Черноморск портига дон юклаш учун йўл олган бўлган.

Украинанинг денгиз йўлаги 2023 йил ёзида — Россия Қора денгиз “дон ташаббуси”дан чиққанидан кейин ташкил этилган. У Украинага, жумладан, дон ва металл экспорт қилишни давом эттириш имконини беради.

https://www.dw.com/ru/glava-odesskoj-ova-rf-atakovala-suda-pod-flagami-panamy-i-sanmarino-v-cernom-more/a-75480632

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид