Жаҳон | 16:35 / 13.01.2026
2980
2 дақиқада ўқилади

Кипрда “Уралкалий” собиқ раҳбари Владислав Баумгертнер бедарак йўқолди

Россиялик бизнесмен 7 январ кунидан бери алоқага чиқмаяпти. Унинг мобил телефони сигнали охирги марта Лимассол яқинидаги қояли соҳил ҳудудида қайд этилган. Полиция қидирув операциясини давом эттирмоқда.

Фото: STR/NurPhoto/IMAGO

Кипрда Россиялик бизнесмен ва “Уралкалий” компаниясининг собиқ раҳбари Владислав Баумгертнер йўқолгани ҳақида мамлакат полицияси душанба куни, 12 январда хабар қилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, Баумгертнер 7 январдан бери Лимассолдаги уйида кўринмаган. Philenews нашри ёзишича, Россиялик бизнесменнинг ходими у қўнғироқларга жавоб бермай қўйганидан кейин Баумгертнернинг йўқолгани ҳақида хабар берган.

Баумгертнернинг мобил телефони сигнали охирги марта Писсури қишлоғи атрофидаги тик, қояли соҳил ҳудудида қайд этилган. 10 январ куни полиция, қутқарувчилар гуруҳлари ва кўнгиллилар ушбу ўтиш қийин бўлган ҳудудда бедарак йўқолган бизнесменни қидириш операциясини бошлаган. Эртаси куни операцияга дронлар ва маҳаллий авиация кучлари ҳам жалб қилинган. Полиция маълум қилишича, россияликни қидириш ишлари 12 январ куни ҳам давом эттирилди.

53 ёшли бизнесмен “Уралкалий”ни 2003–2013 йилларда бошқарган. 2013 йил август ойида Баумгертнер Минскда, ўша пайтдаги Беларус бош вазири Михаил Мясникович билан музокаралар чоғида қўлга олинган ва ваколатни суиистеъмол қилишда айбланган. Беларус тергов ҳибсхонасида уч ой сақланганидан кейин Баумгертнер Россияга топширилган. Охирги йилларда бизнесмен Кипрда яшаган ва Global Ports порт компаниясини бошқарган. 2023 йилда у “Соллерс” автомобил компанияси директорлар кенгашига ҳам кирган.

Шу орада, Кипрнинг ANT1 телеканали хабар беришича, 8 январ куни Никосияда РФ ТИВнинг юқори лавозимли ходимларидан бири ўз хизмат кабинетида ўлик ҳолда топилган. Унинг исми ошкор қилинмаяпти. Журналистлар маълумотларига кўра, Россия элчихонаси ходимининг ўлими ҳақида Кипр ҳокимиятига жасад топилганидан бир неча соат ўтибгина хабар берган.

ANT1’нинг маълум қилишича, дипломатик ваколатхона полицияга элчихона ходими ўз жонига қасд қилгани ва васиятнома қолдирганини айтган. Бундан ташқари, полиция ходимларини Россия элчихонаси биносига киритишмаган. Марҳумнинг жасади уларга элчихона ҳовлисида топширилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид