Жаҳон | 07:36
12093
2 дақиқада ўқилади

2026 йилда дунёдаги энг бой одамлар рейтинги

Сайёрадаги энг бой йигирма инсоннинг умумий бойлиги — тахминан 3,8 триллион доллар — аксарият мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)дан ҳам юқори.

Фото: Neil Jamieson / Forbes

Бундан ташқари, 2020 йилдан бери бу бойликлар ҳайратланарли даражада тез суръатларда ўсиб келмоқда. Ўша пайтда дунёдаги энг бой инсон Жефф Безос бўлиб, унинг капитали 145 миллиард долларни ташкил этган. Бугун эса Илон Маскнинг бойлиги бу рақамдан қарийб беш баробар юқори.

Ушбу инфографикада Forbes маълумотлари асосида 2026 йилдаги дунёдаги энг бой одамлар кўрсатилган. 714,2 миллиард долларлик капитали билан Илон Маск тарихда 700 миллиард доллар чегарасидан ўтган биринчи инсонга айланди.

Фото: Visual Capitalist

2020 йилдан бери Маскнинг бойлиги ақл бовар қилмас суръатларда ўсиб, қарийб 30 баробарга ортган. Унинг бойлигининг энг йирик манбаларидан бири — SpaceX компаниясидаги улуши бўлиб, компания ҳозирги баҳоси 800 миллиард доллар бўлган шароитда мазкур улуш қиймати 366 миллиард долларга тенг. 2026 йилда компания акциялари эҳтимолий оммавий жойлаштирилиши (IPO) амалга ошса, унинг капитализацияси 1,5 триллион долларгача ўсиши мумкин.

Google ҳамтаъсисчиси Ларри Пейж 257,7 миллиард доллар бойлик билан иккинчи ўринни эгаллайди. 2025 йилда Alphabet акциялари 63 фоизга қимматлашгани унинг шахсий бойлигини сезиларли оширган.

Рейтингдан кўринишича, Nvidia бош директори Женсен Хуанг 162,5 миллиард доллар капиталига эга бўлиб, дунёда саккизинчи ўринда туради. Сўнгги етти йилда Nvidia акциялари 4200 фоиздан ортиқ кўтарилгани туфайли, Хуанг йигирма нафар энг бой миллиардер орасида бойлик ўсиш суръати энг тез бўлганлардан бири сифатида ажралиб турди.

Солиштириш учун, Билл Гейтснинг бойлиги 2020 йилдан бери деярли ўзгармаган. Ўша йили у дунёдаги иккинчи энг бой инсон эди, бироқ шундан бери 18-ўринга тушиб кетган. Бунинг асосий сабабларидан бири — у ўнлаб миллиард доллар маблағни Билл ва Мелинда Гейтс жамғармасига ўтказгани ва катта миқдордаги маблағларни хайрия мақсадларига йўналтирганидир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид