Ўзбекистон | 20:02 / 15.01.2026
3287
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришни кенгайтирмоқчи

Шимолий Европа давлатлари билан келишувга эришиб, фуқароларни юқори даромадли иш ўринларига юбориш муҳимлиги таъкидланди; АҚШдаги элчига эса ушбу давлатга мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритиш бўйича музокаралар ўтказиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон фуқароларига хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиб бериш – навбатдаги устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 15 январ куни Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Президент илгари мамлакат фуқаролар асосан 2-3 та давлатга бориб ишлаган бўлса, ҳозир ташкилий миграция асосида 30 дан ортиқ давлатда меҳнат қилаётганини таъкидлади. 
 
Мисол учун, Германия, Япония, Жанубий Корея компаниялари мутахассисларга талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ўқув курсларини ташкил этди.

Хусусан, Япониядаги компаниялардан бири қурилиш, ҳайдовчилик, меҳмонхона ва ресторан хизмати йўналишларида «10 минг нафар ўзбек мутахассисини жалб қилиш» лойиҳасини бошлаган. Шунингдек, Буюк Британияга мавсумий ишчиларни юбориш амалиёти йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, қатор мамлакатлардаги элчилар бундай тажрибани бошқа давлатлар билан йўлга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди. Масалан, четдан ишчи кучини фаол жалб этаётган Австрия, Франция, Испания, Италия, Чехия, Саудия Арабистонидаги элчиларнинг мазкур йўналишдаги ишлари қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Швеция, Дания ва Норвегияда 300 минг ишчиларга эҳтиёж бор. 

Норвегиялик иш берувчилар бу йилнинг ўзида 3 минг фуқарони ўзлари ўқитиб, уларга Европа стандартлари асосида сертификат беришга тайёр. Ёки Швеция грант ажратиб, ижтимоий ходимларни тайёрлаш ва жорий йилнинг ўзида 500 нафарини ишга олиш таклифини бермоқда. 
 
Мутасаддиларга Швеция, Дания ва Норвегия билан келишувга эришиб, Ўзбекистон фуқароларини юқори даромадли иш ўринларига юбориш муҳимлиги таъкидланди. 

Умуман, Швеция ва Латвиядаги элчилар билан биргаликда Шимолий Европа давлатлари билан ташқи меҳнат миграцияси борасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, 2025 йили АҚШ ҳукумати қишлоқ хўжалиги ишчилари учун махсус виза олишни соддалаштирганига эътибор қаратилган.

Ушбу мамлакатдаги элчига АҚШдаги мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритиш бўйича музокаралар ўтказиш топширилди.

Бундан кейин ҳар бир вилоят ҳокими ишчи кучи қабул қилувчи ривожланган давлатлар ҳудудлари билан тўғридан тўғри ишлаш амалиётини йўлга қўйиши кераклиги қайд этилди. 

Умуман, ҳар бир элчи хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиш, аҳолини шунга мос касб ва тилга ўқитишга ҳам масъул бўлиши белгиланди. 

Бу борада Япония, Швеция, Норвегия, Болгария, Австрия, Хорватия, Словения, Сербия, Греция ва Ўмон билан миграцияга оид ҳукуматлараро ва идоралараро битимларни имзолаш муҳимлиги таъкидланди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид