Жамият | 20:18 / 15.01.2026
2014
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги айрим кўчаларда жамоат транспорти ҳаракати схемаси ўзгартирилади

Аҳоли ва меҳмонлар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Seoul Mun атрофида транспорт ҳаракатини тартибга солиш, шу жумладан йўл бўйи тураргоҳларни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилгани таъкидланмоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги

Тошкентда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш, тирбандликларни камайтириш ҳамда жамоат транспорти устуворлигини таъминлаш мақсадида бир қатор манзилларда ўрганиш ва таҳлил ишлари амалга оширилди, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги.

Қайд қилинишича, дастлаб, Заргар ва Ботир Зокиров кўчалари кесишмасида жойлашган «Пахтакор» транспорт ўтиш боғламасида мавжуд ҳолат ўрганилган. Хусусан, жамоат транспорти — автобусларнинг боғламага кириши билан боғлиқ муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, мазкур масалани ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу ечимлар амалга оширилгандан сўнг, жамоат транспорт йўналишлари сони 11 тага етказилиб, боғлама орқали кунлик йўловчилар оқими 37 минг нафаргача ошиши кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Абдулла Қодирий – Абай кўчалари ҳамда Шароф Рашидов – Осиё кўчалари кесишмаларида транспорт воситаларининг ўтказувчанлигини ошириш, ҳаракатни самарали бошқариш ва жамоат транспортига устуворлик бериш юзасидан таҳлил ишлари олиб борилган.

Бундан ташқари, Зиёлилар ва Кичик ҳалқа йўли кесишмасида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, Абдулла Қодирий – Маҳтумқули кўчаларида ҳаракатни оптималлаштириш ҳамда йўл белгиларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Авлиё ота кўчаси ҳамда Фидокор кўчасида тирбандликларни камайтириш мақсадида транспорт воситалари учун бир томонлама ҳаракат тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, аҳоли ва меҳмонлар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Seoul Mun атрофида транспорт ҳаракатини тартибга солиш, шу жумладан йўл бўйи тураргоҳларни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид