Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эрон масаласида нима қилиши мумкин?
The Telegraph газетаси тўрт эҳтимолий сценарийни келтирди. Улар орасида Али Хоминаийни ўлдириш ёки мамлакатни узоқ вақт давомида бомбалаш вариантлари ҳам бор.
US Air Force / AFP / Scanpix / LETA
АҚШ президенти Доналд Трамп учинчи ҳафтадирки ҳукуматга қарши намойишлар давом этаётган Эронга нисбатан бир неча «жуда қатъий» вариантларни кўриб чиқаётганини айтди. The Wall Street Journal маълумотига кўра, АҚШ Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини Эрон бўйлаб йўлланадиган зарбаларга тайёр туриш ҳақида огоҳлантирган. АҚШнинг ҳарбий аралашуви қандай кўринишда бўлиши мумкинлиги (ва умуман, аралашувнинг ўзи бўлиш-бўлмаслиги) ҳақида ҳозирча расман хабар берилмади. Британиядаги The Telegraph газетаси тўртта эҳтимолий сценарийни кўриб чиқди.
«Рамзий зарбалар»
Биринчи вариант – Теҳронга намойишчиларга қарши куч ишлатиб бўлмаслиги тўғрисида сигнал бериш, шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трампнинг намойишчиларни қатл этиш бошланган тақдирда Эронга зарба берилиши ҳақидаги таҳдидини тасдиқлашгагина қаратилган «рамзий» ҳаво ҳужуми ёки зарбалар сериясини амалга ошириш.
Бундай зарбанинг эҳтимолий нишонлари Эрон ядровий дастури ёки кучишлатар идоралари билан боғлиқ ҳар қандай объектлар бўлиши мумкин – масалан, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базалари. Эффектни ошириш учун америкаликлар Теҳроннинг ўзида жойлашган қандайдир расмий идорага ҳам ҳужум уюштириши мумкин. Бу турдаги операция учун АҚШнинг Форс кўрфази минтақасида жойлашган ҳарбий кучлари етарли бўлади.
The Telegraph ёзишича, бу сигнал «режимни намойишчиларга қарши қонли репрессияларни юмшатишга кўндириш» учун етарли бўлиши мумкин. Шу билан бирга, агар ҳужум фақат рамзий маънода бўлиши билдириб қўйилса, у тескари эффект келтириб чиқариши – Эрон расмийларида америкаликлар аслида можарога жиддий аралашиш ниятида эмаслиги ҳақида хулоса ҳосил қилиши мумкин.
Узоқ давом этувчи ёпирилма зарбалар
Иккинчи вариант – Эрондаги режимни ағдариш мақсадидаги кенг кўламли ҳарбий кампания. Бу ҳолатда америкалик ҳарбийлар нафақат ҳарбий идораларнинг штаб-квартираларини, балки Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг бутун мамлакат бўйлаб жойлашган кўплаб базаларини ҳам бомбалаши керак бўлади.
The Telegraph 2025 йил июнида Исроил авиацияси қарийб икки ҳафта мобайнида Эрондаги объектлар бўйлаб зарбалар бергани, аммо бу режимни алмаштириш учун етарли бўлмаганини эслатади – шу туфайли бу вариант танланадиган бўлса, америкаликлар янада кенг кўламлироқ ва давомлироқ бомбалашни амалга оширишига тўғри келади. Таҳлилчилар фикрича, нафақат режимнинг муҳим функционерлари, балки давлат нашрлари, суд ва прокуратура идораларидаги амалдорлар ҳам нишонга айланиши керак.
Бундай бомбардировка учун америкаликлар минтақага қўшимча кучларни олиб келишига тўғри келади – ҳозирда энг яқин жойлашган авиаташувчи зарбдор гуруҳи эса Форс кўрфазидан бир неча минг километр масофада, Жанубий Хитой денгизи ҳудудида турибди.
Назарий жиҳатдан, АҚШ иттифоқчи мамлакатлар ҳудудларидаги ҳарбий базаларга жойлаштирилган жанговар самолётларни ҳам ҳаракатга келтириши мумкин, аммо бу давлатлар Эрон томонидан жавоб зарбалари бўлишидан қўрқиб, ўз ҳудудидан ҳарбий ҳаракатлар учун фойдаланишга рухсат бериши даргумон.
Бундан ташқари, кенг кўламли ҳарбий тажовуз қаршисида эронликлар амалдаги режим атрофида бирлашиши мумкинлиги бўйича хавотир ҳам бор.
Али Хоминаийнинг ўлдирилиши
Эронда оммавий норозилик намойишларига туртки бўлган иқтисодий инқирозни халқаро санкцияларни ечмасдан ортда қолдириб бўлмайди. Буни Эрондаги кўплаб юқори мартабали мулозимлар ҳам тушуниб турибди – фақат мамлакат олий раҳбари Али Хоминаий бундан мустасно. Воқеалар ривожининг учинчи варианти бўйича АҚШ режимни осонлик билан ўзгартириш имкониятига эга бўлиш учун уни ўлдиришга уриниши ҳам мумкин.
Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш операциясидан кейин эйфорияга берилган Доналд Трамп маъмурияти учун бундай вариант жозибали бўлиши мумкин. Вашингтондагилар Теҳронда Хоминаий йўқ қилинганидан кейин ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш эвазига Вашингтон талабларига ён беришга – ядровий амбициялардан воз кечишга ҳамда қатағонларни юмшатишга тайёр бўлган одамлар топилишига ставка қилиши мумкин.
Бироқ бу ерда ҳам хавф-хатарлар мавжуд. Биринчидан, режим қулашидан умидвор бўлиб, ўлимни бўйнига олган ҳолда кўчаларга чиқаётган эронликлар Вашингтоннинг ҳукумат вакиллари билан келишувини сотқинлик деб баҳолаши мумкин.
Иккинчидан, Хоминаий шиа мусулмонлари учун нафақат сиёсий, балки диний етакчи бўлиб, унинг ўлдирилиши бутун Яқин Шарқдаги динлараро муносабатларни беқарорлаштириши ҳамда минтақада кенг кўламли уруш хавфини туғдириши мумкин.
Киберуруш
Тўртинчи вариант – тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатлардан воз кечиб, намойишчиларни фаолроқ қўллаб-қувватлаган ҳолда режимни уларнинг ўзи ағдаришига умид қилиш.
Бундай ҳолда, АҚШ фаолларга ташқи дунё билан алоқада бўлиш ва ўз ҳаракатларини яхшироқ мувофиқлаштириш имконини бериш учун ахборот блокадасини енгиб ўтишда киберҳужумлардан фойдаланиши, шунингдек, масалан, Эрондаги кўплаб одамларга интернетга уланиш имконини тақдим этиш мақсадида Starlink терминалларининг оммавий контрабандасини йўлга қўйиш мумкин. Шу билан бирга, АҚШ Эрон ҳукумат тармоқларига ҳужум қилиб, ҳарбийлар ва амалдорлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни издан чиқаришга ҳаракат қилади.
Аммо айрим таҳлилчилар фикрича, вазият қўлдан бой берилди. Бундай ҳаракатлар бир неча кун олдин амалга оширилган бўлганида намойишчиларга устунлик берган бўларди. Энди эса, агар ташқаридан тўғридан тўғри аралашув бўлмаса, Эрон ҳукумати намойишларни бостира олади, деб ёзади The Telegraph.