Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ қамални ёриб ўтишга уринган кемага зарба берди
Эрон сулҳ бузилганини маълум қилиб, Америка кемасига дронлар билан ҳужум қилди.
Фото: US Central Command/X
Америкалик ҳарбийлар қамалга қарамай, Ҳўрмуз бўғозини кесиб ўтишга уринган «Туска» (Touska) номли кемага зарба берди – бу кема Эрон байроғи остида ҳаракатланган.
АҚШ президенти Доналд Трамп Truth ижтимоий тармоғида «авиаташувчи ҳажмидаги юк кемаси блокадани ёриб ўтишга урингани, аммо бу унинг учун ёмон якунлангани» ҳақида ёзган.
Трампнинг сўзларига кўра, кема экипажи огоҳлантиришни эътиборсиз қолдирган, шу туфайли Америка кемаси «машина бўлмасида ёриқ қолдириб, уларни тўхтатган».
Ҳозирда кема АҚШ ҳарбийлари назоратида бўлиб турибди.
Ўз навбатида, Эрон Американинг бу зарбасини сулҳнинг бузилиши ва «денгиз қароқчилиги акти» деб баҳолади. Эрон ҳарбий қўмондонлигининг Tasnim ахборот агентлиги орқали тарқатилган баёнотида айтилишича, Эрон Хитойдан келган «Туска» номли контейнеровозга қилинган ҳужумга жавобан дронлар билан америкаликларнинг бир неча ҳарбий кемасига ҳужум уюштирган.
АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган вақтинча сулҳ муддати 21 апрел куни тугайди.
Теҳрон 17 апрел куни Ҳўрмуз бўғозини тижорий кемалар ўтиши учун очишини эълон қилганди. Аммо 18 апрел куни сув йўли яна блокланди. Эрон ҳукумати АҚШ Эрон портлари қамалини тўхтатмагунча Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновига тўсқинлик қилишда давом этишини билдирган.
Покистонда шу кунларда тинчлик музокараларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтиши кутилаётганди (биринчи босқич 11-12 апрел кунлари ўтказилганди ва натижасиз тугаганди). Трамп 19 апрел куни АҚШ Исломободга делегация юборишини маълум қилди, аммо Эрон 20 апрел куни Америка блокадаси бекор қилинмагунча, музокараларда иштирок этмаслигини билдирди.