Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон яшаш учун энг арзон давлатлар қаторига кирди
Numbeo портали маълумотларига кўра, Ўзбекистонда харажатларнинг деярли барча асосий тоифалари бўйича нархларнинг нисбатан паст даражаси қайд этилган.
Фото: changeinuzbekistan.com
Ўзбекистон дунёдаги яшаш учун энг арзон давлатлар қаторига кирди. Numbeo халқаро таҳлилий платформаси томонидан эълон қилинган рейтинг маълумотлари шундан далолат беради.
Тадқиқот натижаларига кўра, республика 155 та давлат орасида 138-ўринни эгаллади (ўрин қанчалик паст бўлса, яшаш даражаси ҳам шунча арзон). Ўзбекистонда яшаш қиймати индекси 27,3 пунктни ташкил этди, бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири.
Рейтингни тузишда таққослаш базаси сифатида Ню-Йорк (АҚШ) қабул қилинган, бу ерда нарх даражаси шартли равишда 100 пунктга тенг. Индекс қанчалик паст бўлса, мамлакатда яшаш шунчалик арзон бўлади. Ҳисоб-китобга уй-жой ижараси, коммунал хизматлар, озиқ-овқат, ресторан харажатлари ва аҳолининг харид қобилияти киритилган.
Numbeo маълумотларига кўра, Ўзбекистонда нархларнинг паст даражаси харажатларнинг деярли барча асосий тоифалари бўйича қайд этилган.
Яшаш қиймати индекси (нархларнинг умумий даражаси) - 27,3 пункт.
- Уй-жой ижараси индекси 12,2 пункт бўлиб, бу ижаранинг нисбатан арзонлигини кўрсатади;
- Уй-жой ижарасини ҳисобга олган ҳолда яшаш қиймати индекси - 20,6 пункт.
- Озиқ-овқат нархлари индекси - 30,1 пункт.
- Ресторан ва кафелардаги нархлар индекси – 23 пункт.
- Аҳолининг харид қобилияти индекси - 47,8.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳам асосий товарлар, ҳам хизматлар нархи паст мамлакат бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, харид қобилияти кўрсаткичи аҳолининг чекланган даромадларини кўрсатади.
Марказий Осиё мамлакатлари глобал рўйхатнинг қуйи қисмида - яшаш қиймати энг паст бўлган давлатлар қаторида:
- Қозоғистон - 128-ўрин (яшаш қиймати индекси - 29,8);
- Тожикистон - 136-ўрин (27,9);
- Ўзбекистон - 138-ўрин (27,3);
- Қирғизистон - 140-ўрин (27,3).
- Туркманистон бўйича маълумот йўқ.
Рейтингда яшаш учун энг қиммат мамлакатлар Бермуда, Кайман ва Виржиния ороллари деб топилган. Яшаш қиймати энг паст бўлган давлатлар қаторига Покистон, Ҳиндистон ва Ливия киради.
Яшаш қийматининг арзонлиги ҳар доим ҳам юқори фаровонликни англатмайди. Реал ҳаёт сифатини баҳолаш учун аҳолининг даромадлари кундалик харажатларни қоплашга қанчалик имкон беришини акс эттирувчи харид қобилияти муҳим аҳамиятга эга.
Мавзуга оид
19:23
Ўзбекистон мобил интернет тезлиги рейтингида 5 поғонага пастлади
15:13 / 15.01.2026
Ҳудудлар рейтинги: металлургия ишлаб чиқаришида Навоий ва Тошкент вилояти олдинда
07:36 / 15.01.2026
2026 йилда дунёдаги энг бой одамлар рейтинги
07:34 / 03.01.2026