Жаҳон | 12:17 / 17.01.2026
2128
3 дақиқада ўқилади

FT: АҚШ “Тинчлик кенгаши”ни Украинада ҳам қўллаш ҳақида ўйламоқда

АҚШда Ғазо сектори учун тузилган “Тинчлик кенгаши”нинг фаолиятини Венесуэла, Украина ва бошқа инқирозли ҳудудларга ҳам кенгайтириш таклиф қилинмоқда, деб хабар берди FT манбалари.

Фото: Lian Yi/Xinhua/picture alliance

АҚШ президенти Доналд Трамп раҳбарлигидаги ва Ғазо сектори учун мўлжалланган тинчлик режасини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида тузилган “Тинчлик кенгаши”нинг амал қилиш доирасини Украина, Венесуэла ва дунёдаги бошқа инқирозли минтақаларга ҳам кенгайтиришни америкалик амалдорлар таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times (FT) газетаси манбаларга таяниб жума куни, 16 январда ёзди.

Нашр маълумотига кўра, тегишли режа 20 январ куни очиладиган Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ)да тақдим этилиши мумкин.

FT билан 16 январ куни суҳбатда исми ошкор этилмаган АҚШ амалдори айтишича, ҳозирги босқичда Трамп назоратидаги “Тинчлик кенгаши” Фаластин-Исроил зиддиятига — Ғазо секторидаги можарога эътиборни жамлаши ва бошқа йўналишларга кенгайтирилмаслиги керак.

Шунга қарамай, мақолада айтилишича, ғарб ва араб дипломатлари бундай истиқбол туфайли хавотир билдирмоқда. Хусусан, улар “Тинчлик кенгаши” БМТ билан параллел ишлайдиган қандайдир алоҳида тузилмага айланиб қолишидан қўрқмоқда.

Шу тариқа, дипломатик манбалар FT’га АҚШ амалдорлари “Тинчлик кенгаши” фаолиятини Венесуэлага ҳам татбиқ этишни таклиф қилганини айтган. Венесуэла АҚШ армияси ушбу мамлакат раҳбари Николас Мадурони қўлга олиш бўйича операция ўтказганидан бери инқироз ҳолатида экани таъкидланади.

Украина масаласида эса, FT’га АҚШ билан музокараларда қатнашаётган Киевнинг юқори лавозимли амалдори айтишича, Трамп раҳбарлигидаги алоҳида “Тинчлик кенгаши” Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш бўйича таклифларнинг муҳим қисми ҳисобланади. “Ҳозирда бу кенгашни айнан Украина-Россия масаласини ҳал қилиш учун махсус тузиш таклиф қилинмоқда”, — дея FT суҳбатдошидан иқтибос келтиради.

Унинг сўзларига кўра, Украина учун мўлжалланган “Тинчлик кенгаши” таркибига Украина, Россия, Европа ва НАТО вакиллари кириши ва Украина президенти Володимир Зеленский “90 фоизга тайёр” деб атаётган 20 бандли тинчлик режасининг бажарилишини назорат қилиши мумкин.

Шу билан бирга, Москва ўз талабларидан воз кечишга тайёр эмас. Томонлар ўртасида ҳалигача муроса топилмаган масалалардан бири — Украинанинг эҳтимолий ҳудудий ён босиши. Киев буни мақбул деб ҳисобламайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид