Ўзбекистон | 17:41
1762
1 дақиқада ўқилади

Ноқонуний пақилдоқ ва салют отишнинг жазоси кучайтирилди

Бундай ҳуқуқбузарлик учун амалда 2,4 млн сўмдан 7 млн сўмгача жарима бор. Янги қабул қилинган ва уч ойдан кейин кучга кирадиган қонун асосида, энг кам жарима 7,1 млн сўм, энг кўпи эса 11,8 млн сўм бўлади. Бенгал чироқлари, қарсилдоқ ва тортлар учун кичик фонтанлар каби I хавф синфига мансуб пиротехника воситаларига рухсат берилади: уларни ишлаб чиқариш, олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш мумкин.

Фото: Kun.uz

13 январ куни Ўзбекистон президенти “Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Унга кўра, пиротехника буюмларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиш билан бирга қўлланадиган маъмурий жарима миқдори БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача деб белгиланди. Амалда бу жарима БҲМнинг 5 бараваридан 20 бараваригача эди.

Янги қонунда пиротехника буюмлари хавфлиликнинг 4 та синфига бўлинган.

Хавфлиликнинг I синфига кирувчи пиротехника буюмларини (бенгал чироқлари, қарсилдоқ, тортлар учун кичик фонтанлар) жисмоний ва юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариш, тайёрлаш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ташиш, ўтказиш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишга рухсат берилади.

Хавфлиликнинг II–V синфларига кирувчи пиротехника буюмлари эса тақиқланади.

Қонун 2026 йил 14 апрелдан кучга киради.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид