Жаҳон | 09:35
769
3 дақиқада ўқилади

ЕИ авиарегулятори авиакомпанияларни Эрон устида учмасликка чақирди

EASA’нинг Эрон ҳаво ҳудудига кирмаслик ҳақидаги тавсияси “барча баландликлар ва парвоз сатҳида амалга оширилаётган фуқаролик рейслари учун юқори хавф” мавжудлиги билан изоҳланди.

Фото: REUTERS

Европа авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) жума куни, 16 январ кечқурун авиатаъминотчиларга Эрон ҳаво ҳудуди орқали парвозларни четлаб ўтишни тавсия қилди. Бу огоҳлантириш барча баландлик даражаларини қамраб олади, дейилади EASA сайтида эълон қилинган хабарда.

“Жорий вазият ва АҚШ томонидан ҳарбий ҳаракатлар эҳтимоли ҳисобга олинган ҳолда, шунингдек, Эрон ҳаво ҳимояси кучлари юқори жанговар шайлик ҳолатида тургани сабаб, ҳозирда Эрон ҳаво ҳудудида хато тарзда таниб олиш (нотўғри идентификация) эҳтимоли ошган, — дейди регулятор. — Қурол-яроғ ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг кенг турларига эгалик қилиниши ва улардан эҳтимолий фойдаланилиши, давлатнинг олдиндан айтиш қийин бўлган реакцияси ҳамда ҲҲМ тизимларининг эҳтимолий фаоллашуви билан қўшилиб, барча баландликлар ва парвоз сатҳида амалга ошириладиган фуқаролик рейслари учун юқори хавф туғдиради”.

EASA баҳосига кўра, АҚШ Эронга бостириб кирган тақдирда Ислом Республикасининг минтақадаги АҚШ активларига қарши жавоб ҳаракатларини истисно этиб бўлмайди. Хабарда қайд этилишича, бу Америка ҳарбий базалари жойлашган қўшни давлатлар ҳаво ҳудуди учун қўшимча хатарлар яратиши мумкин.

Аввалроқ Al Hadath телеканали Эрон ҳокимияти Ироқ билан чегара яқинидаги ҳаво ҳудудини ёпиш тўғрисида кўрсатма берганини хабар қилган эди. Бу хабарлар АҚШ томонидан эҳтимолий ҳаво зарбаси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирган, деб тушунтирди dpa агентлиги. Оқ уй матбуот котиби эса: “Трамп президент нима қилишини фақат ўзи билади”, унинг режаларидан эса фақат жуда кичик маслаҳатчилар гуруҳи хабардор, дея баёнот берди.

Шу орада Украинанинг Эрондаги элчихонаси “хавфсизлик соҳасидаги вазият кескинлашгани” муносабати билан ўз фаолиятини тўхтатишини маълум қилди. “Элчихона фаолияти қайта тикланиши, шунингдек кейинги ҳаракатлар ва эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида қўшимча равишда хабар берилади”, — дейилади дипломатик миссиянинг Facebook саҳифасида.

Эронда норозилик намойишлари 2025 йил декабр охирида бошланган. Дастлаб улар мамлакатдаги оғир иқтисодий вазиятга қарши қаратилган эди, аммо тез орада намойишчилар сиёсий талабларни ҳам илгари сура бошлади, хусусан Эроннинг олий раҳбари — оятуллоҳ Али Хоманаийни ағдариш ҳақидаги талаблар ҳам пайдо бўлди.

Мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида намойишлар тартибсизликларга айланиб кетган. АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқ-ҳимоя ташкилоти маълумотига кўра, Эронда давом этаётган норозиликлар давомида камида 544 киши ҳалок бўлган, 10 600 нафардан ортиқ киши эса ҳибсга олинган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид