Жамият | 19:52 / 19.01.2026
4150
4 дақиқада ўқилади

БААда Шайх Зайд мукофоти совриндорлари тақдирланди

Ушбу мукофот динлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат, ижтимоий адолат ва инсон салоҳиятини ривожлантириш йўлида муҳим ҳисса қўшган шахслар ҳамда институтларга бериб келинади. Ҳакамлар ҳайъати таркибида Саида Мирзиёева ҳам бор.

Бирлашган Араб Амирликларида Шайх Зайд номидаги «Инсоний биродарлик» мукофотининг (Zayed Award for Human Fraternity) 2026 йилги лауреатлари эълон қилинди.

Озарбойжон ва Арманистон ўртасида имзоланган тарихий тинчлик келишуви, шунингдек, афғон қизлари таълими ҳимоячиси, ҳуқуқ фаоли Зарқа Яфтали жорий йилги мукофот совриндорлари сифатида эътироф этилди.

Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги битим – икки давлат раҳбариятининг Кавказдаги ўнлаб йиллар давом этган можаролар ва гуманитар азоб-уқубатларга барҳам беришга қаратилган муҳим сиёсий қарори сифатида баҳоланган.
 
Бутун умрини аёллар ва болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга бағишлаган аёл Зарқа Яфтали эса ушбу мукофотга Афғонистон ва ундан ташқаридаги 100 мингдан ортиқ аҳолига таълим ресурслари, психологик-ижтимоий ёрдам ва маҳалла даражасида хизматлар кўрсатгани учун сазовор бўлган.

Мукофот совриндорларини танлаш жараёни халқаро миқёсда тан олинган мустақил ҳакамлар ҳайъати томонидан амалга оширилди. Ҳайъат таркибида турли минтақалардан етук сиёсий, диний ва гуманитар арбоблар билан бир қаторда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди. У Марказий Осиёдан ушбу ҳайъатга киритилган биринчи ва ҳозирча ягона вакил ҳисобланади.

Саида Мирзиёева 2026 йил мукофоти лауреатлари эълон қилиниши тинчлик ва инсон қадр-қиммати тамойилларига глобал ахлоқий содиқликни ўзида мужассам этганини тасдиқлади. У бу эътироф халқаро ҳамжамиятга яна бир бор умид бағишлаши ва инсоният биродарлигининг муҳим ва барқарор ўзгаришларга ҳисса қўшиш қобилиятини тасдиқлашини таъкидлаган.

2026 йилги мукофот совриндорлари орасида эътироф этилган тинчлик келишуви икки давлат раҳбариятининг мураккаб тарихий зиддиятларни мулоқот ва келишув йўли билан ҳал этишга бўлган сиёсий иродасини ифодалайди. Озарбойжон президенти Илҳам Алиев ушбу мукофотни минтақавий ва глобал тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилганини таъкидлади. Арманистон бош вазири Никол Пашинян мукофотни умумий ва жамоавий ютуқ, икки халқ ўртасида ишончни мустаҳкамловчи рамзий эътироф сифатида баҳолади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Зарқа Яфтали эса мукофотнинг унга берилиши афғон аёллари ва қизлари учун муҳим умид ва далда бўлишини қайд этган. У кўп йиллар давомида таълим олиш имкониятидан маҳрум қатламлар учун билим ресурслари, ижтимоий-психологик ёрдам ва маҳаллий даражадаги қўллаб-қувватлаш хизматларини йўлга қўйган.

Маълумот учун, Шайх Зайд номидаги «Инсоний биродарлик» мукофоти 2019 йилда Абу Дабида Рим папаси Франциск ва Ал-Азҳар бош имоми Аҳмад ат-Таййиб ўртасидаги тарихий учрашув шарафига таъсис этилган. Ўшандан буён мукофот дунёнинг турли минтақаларидан бўлган ўнлаб етакчи шахслар ва ташкилотларга топшириб келинмоқда.

У алоҳида шахслар ва ташкилотларга инсоний биродарлик қадриятларига асосланган янада тинч, уйғун ва раҳм-шафқатга тўла дунёни барпо этишга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади. 2019 йилдан буён 19 та давлатдан 19 нафар лауреат ушбу мукофотга сазовор бўлган.

2026 йилги совриндорларни тақдирлаш маросими 4 феврал куни, БМТ томонидан эътироф этилган Халқаро инсоний биродарлик кунида Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид