Ўзбекистон | 16:50 / 19.01.2026
413
3 дақиқада ўқилади

Чақирув қоғозлари электронлаштирилиши мумкин: низом лойиҳаси 

Чақирилувчи ва ҳарбий хизматга мажбур фуқароларни мудофаа ишлари органларига электрон тарзда чақириш ва хабардор қилиш тартибини белгилайдиган низом лойиҳаси эълон қилинди. 

Фото: Kun.uz 

Лойиҳага кўра, чақирув хабарномалари ЯИДХП (my.gov.uz) шахсий кабинети ҳамда “Рақамли ҳукумат”нинг Ягона хабардор қилиш тизими орқали СМС кўринишида юборилади.

Низом лойиҳасига кўра, ваколатли орган сифатида Мудофаа вазирлиги ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари органлари белгиланади.

Чақирув хабарномаси СМС ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетга юборилган хабар шаклида етказилади.

ЯИДХП орқали чақирувчига электрон чақирув қоғози юборилади, СМСда эса фуқаронинг Ф.И.О., чақирилиш вақти-манзили ва (кабинети борларга) ҳавола кўрсатилади.

Чақирув хабарномалари дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар 24 соат юборилиши мумкин; дам олиш куни ёки иш вақтидан кейин тушган ҳолатларда ҳисоб-китобда навбатдаги иш куни асос қилиб олиниши белгиланган.

ЯИДХПда кабинети бўлмаганларга фақат СМС юборилади, кабинети ҳам йўқ ва расмий телефон рақами ҳам бўлмаганларга чақирув қоғози яшаш жойи бўйича етказилиши кўзда тутилган.

Электрон чақирув қоғози (кабинетга келган вақтдан) ёки СМС олинган вақтдан бошлаб етказилган деб ҳисобланади.

СМС етказилиши мобил операторлар томонидан назорат қилиниб, етказилмаган бўлса автоматик қайта юбориш тартиби назарда тутилган.

Фуқаролар чақирувга келмаганлик учун асосли сабабларни (касаллик, хизмат сафари, хорижда бўлиш ва ҳ.к.) электрон ёки ёзма тарзда тақдим этиш ҳуқуқига эга; бу маълумотлар мустақил комиссия томонидан қайта кўриб чиқилиши шартлиги қайд этилган.

Агар чақирув хабарномаси етказилмагани ёки фуқаро ундан хабардор бўлмагани аниқланса, ҳолат фуқаро фойдасига ҳисобланиши белгиланган.

Биринчи марта келмаслик ҳолати асосли сабаб билан бўлса — огоҳлантириш, такроран бажармаса — маъмурий, фақат атайлаб қочиш исботи бўлса жиноий жавобгарлик қўлланиши мумкинлиги айтилган.

Электрон чақирув қоғози Ўзбекистон бўйлаб қоғоз шакли билан тенг юридик кучга эга деб белгиланмоқда.

Ижро учун: қонунийлик ва шаффофлик бўйича Мудофаа вазирлиги, техник таъминот ва интеграция бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги масъул этиб кўрсатилган.

Фуқаролар ваколатли орган ходимлари хатти-ҳаракатларидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид