Жаҳон | 15:22 / 19.01.2026
2842
2 дақиқада ўқилади

Германияда Сурия раҳбари аш-Шаръанинг ташрифига қарши акциялар ўтказилади

Германияда бир нечта фаоллар гуруҳи Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаръанинг 19–20 январ кунларига режалаштирилган сафарига қарши норозилик акцияларини эълон қилди. Бу ҳақда якшанба, 18 январ куни dpa агентлиги хабар берди.

Фото: AP

Акцияларнинг бири 19 январ куни куннинг иккинчи ярмига мўлжалланган. Норози фуқаролар “Аҳмад аш-Шаръа — Мерц таклиф қилди, биз эса айблаймиз” шиори остида федерал канцлер идораси биносидан Бранденбург дарвозаларигача юриб боришни режалаштирган, у ерда митинг бўлиб ўтади. Бундан ташқари, яна бир акция ҳам ўтказилиши кутилмоқда.

Кутилишича, Аҳмад аш-Шаръа Берлинда ГФР президенти Франк-Валтер Штайнмайер ва канцлер Фридрих Мерц билан учрашади. Шунингдек, дастурда Германиянинг сиёсий доиралари ва бизнес вакиллари билан музокаралар ҳам бор. Музокараларнинг асосий мавзуси суриялик қочқинларнинг ватанга қайтиши бўлиши керак.

Аш-Шаръанинг келишига қарши, аввало, Германиядаги Суриядан келган қочқинлар орасидаги диний ва этник озчиликлар вакиллари чиқиш қилди. Улар аш-Шаръа бошчилигида ҳокимиятга келганлар таъқиби сабаб Суриядан қочиб келган. Бу — христианлар, ёзидлар, дорзийлар, курдлар ва алавийлар.

Курдлар алоҳида равишда аш-Шаръани ҳукумат кучлари ва ИИВ ҳозир Ҳалаб вилоятида курд қўшинларига қарши олиб бораётган куч ишлатиш амалиёти учун танқид қиляпти.

Фуқаролик уруши тугаганига қарамай, сурияликлар Германияни тарк этиб, ватанга қайтишга шошилмаяпти. Сўнгги бир йилда Германиядаги сурияликлар сони атиги 3,5 фоизга камайган — 974 мингдан 940,5 мингга. Бу ҳақда ГФР ҳукуматининг “Сўллар” партияси депутатларининг парламент сўровига берган жавобида айтилади.

Шу билан бирга, ўн минглаб сурияликлар Германияда бутунлай қолиш учун ГФР фуқаролигини оляпти. Германиянинг ҳар тўртинчи янги фуқароси — суриялик. 2024 йилда улар 83 150 киши, 2023 йилда эса 75 минг бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид