Ўзбекистон | 18:20
1844
2 дақиқада ўқилади

Навоийда яна автобус ағдарилди

Январ ойи бошида ҳам йўловчи автобус ЙТҲга учраб, одамлар ҳалок бўлган жой яқинида яна бир автобус ағдарилиб кетди. Оқибатда икки киши шифохонага ётқизилган. Ҳолат бўйича жиноий иш очилди.

Фото: Навоий вилояти ЙҲХБ

Навоий вилояти Томди туманида йўловчи автобус ағдарилиб кетди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ.

Воқеа 17 январ куни соат 07:00 атрофида туманнинг «Томдибулоқ» ОФЙ ҳудудидан ўтган А-379 Навоий-Учқудуқ халқаро автомобил йўлининг 189–190 километрлари оралиғида содир бўлган.

Zhong Tong автобуси ҳайдовчиси Навоий-Зарафшон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келиб бошқарувни йўқотган. Оқибатда транспорт қарама-қарши томонга ағдарилиб кетган.

Ҳодиса туфайли жабрланган икки киши Зарафшон шаҳар тиббиёт бўлимига етказилган. Автобусда жами қанча одам бўлганига ойдинлик киритилмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 5 январ куни ҳам Навоий вилоятининг Томди тумани ҳудудида 47 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетиши оқибатида икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган, 9 киши шифохонага ётқизилганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид