Жаҳон | 07:44
19725
3 дақиқада ўқилади

Рейтинг: дунёдаги энг қудратли 50 та армия

Яқинда АҚШнинг Венесуэла президенти Николас Мадурога қарши ўтказган операцияси ҳарбий қудрат фақат қўшинлар сони ёки қурол-яроғдаги устунлик билан эмас, бошқа омиллар билан ҳам белгиланишини яққол кўрсатди.

Фото: Depositphotos

Мадуро ва унинг турмуш ўртоғини мустаҳкамланган ҳарбий объект ҳудудидан атиги бир неча соат ичида муваффақиятли олиб чиқиш шахсий таркиб тайёргарлиги, разведка ва логистика қанчалик ҳал қилувчи рол ўйнашини намойиш этди. Айнан шу омиллар кўп жиҳатдан қуролли кучларнинг ҳақиқий қувватини шакллантиради.

Ушбу инфографика 2025 йилда дунёдаги энг қудратли армиялар рейтинги (топ-50)ни тақдим этади. Унинг асосида 145 та давлатнинг ҳарбий салоҳиятини баҳолайдиган Global Firepower Index маълумотлари ётади.

Индекс 60 дан ортиқ параметрни ҳисобга олади: амалдаги ҳарбий хизматчилар сони, қуруқлик, ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучлари, логистик имкониятлар, табиий ресурслар ҳамда географик омиллар ва бошқалар. Муҳим жиҳат: ҳарбий қудрат индекси қанчалик паст бўлса, мамлакат шунчалик кучли ҳисобланади.

Биринчи ўринда — АҚШ: индекс кўрсаткичи энг паст ва амалдаги хизматда 1,3 миллиондан ортиқ ҳарбий хизматчига эга. Бу АҚШнинг беқиёс глобал қамрови, илғор технологиялари ва қудратли логистик инфратузилмасини акс эттиради.

Фото: Visual Capitalist 

Ундан кейин Россия ва Хитой келади. Хитой етакчи учликдаги энг катта фаол қўшин сони билан ажралиб туради — 2 миллиондан ортиқ. Россия эса катта инсон ресурсларини кенг қуруқлик ва стратегик имкониятлар билан уйғунлаштиради.

Ҳарбий хизматчилар сони аҳамиятли бўлса-да, у тўлиқ тасаввур бермайди. Масалан, Япония, Буюк Британия ва Франция қўшинлари сони айрим пастроқ ўриндаги давлатларга нисбатан анча кам бўлишига қарамай, барибир етакчи ўнликка киради.

Япониянинг юқори ўрни унинг ривожланган ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучлари билан изоҳланади: дунёдаги энг қудратли эсминец бирлашмаларидан бири, замонавий қирувчи самолётлар ва самарали ракетага қарши мудофаа тизими.

Буюк Британия нисбатан кичик қуруқлик армиясига қарамай, кучли авиация ва денгиз кучларига эга ҳамда НАТО операцияларига чуқур интеграциялашган. Франция эса ядро қуроли, океан флоти ва мустақил равишда хорижда ҳарбий операциялар ўтказа олиш қобилияти исботлангани туфайли етакчи ҳарбий давлатлар қаторида қолмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид