Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ерлар хорижликларга сотиляпти. Келажакда бунинг оқибатлари қандай бўлади?
Сирдарё вилоятининг қатор туманларида фермер хўжаликларининг ер майдонлари олиб қўйилиб, аукцион орқали сотувга чиқарилмоқда: уларнинг эҳтимолий харидори хорижлик инвесторлар бўлади. Kun.uz студиясида иқтисодчи Отабек Бакиров ва экспертимиз Камолиддин Икромов билан мазкур мавзуда суҳбат қилдик.
Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Ерларни ёппасига олиб қўйиш ҳаракати бўляпти, Ховос, Гулистон, Оқолтин, Қўрғонтепада. Олиб қўйишдан ташқари бўш ер, захирадаги ерларни ўзимизнинг деҳқонлар ололмайдиган даражада йириклаштиришяпти лотларни. Мисол учун, 1000 гектар лот қўйилган... Уни арзон нархда чет эллик инвестор сотиб олади. Тахминан 1 гектари 8 миллион сўмдан тўғри келяпти. Лекин худди ўша ҳудудда, битта туманда шу фермерлар 5 гектар ернинг 1 гектарини 80 миллион сўмдан 400 миллион сўмга сотиб олган ҳолатлари бор. Ўзимизнинг қоракўз деҳқонлар деҳқончилик қила олишига кўзи етиб сотиб олган. Лекин уларнинг пули етмайдиган даражада катта лотларни қўйиш кимга керак бўлиб қолди? Бунинг тагида нима бор?
Бу билан тегишли ташкилотлар шуғулланиши керак. Узоқ муддатли ижарага бергандан кейин мулк ҳуқуқи шаклланади...
Ховос туманида ҳозир 17 минг гектар ер дирекцияга ўтади дейишяпти. Келажакда бу ерлар инвесторга берилади деган гаплар бор. Бунақада у ҳудудда кейин деҳқончилик ўлиб қолади-ку. Узоқ муддатли ижарага бергандан кейин ижара муддатини чўзиб беришга тўғри келиб қолиши мумкин.
Шокир Шарипов, журналист: Иқтисодиёт фани нима дейди?
Отабек Бакиров, иқтисодчи: Ҳуқуқ қандай ишлашига боғлиқ. Ўтган йили президент фармони чиққан эди. Бешта туманда ҳуқуқий эксперимент тарзида фермер хўжаликларининг 80 фоиз ерини захирага топширса, қолган 20 фоизини норматив қийматининг 50 фоиз қийматида сотиб олиш устувор ҳуқуқи берилиши тўғрисида. Тажриба. Фармонда бу тажрибани бутун Ўзбекистонга татбиқ этамиз дейилган. Шу фармон чиққан пайтда ўз-ўзидан менда саволлар туғилди.
Биринчи савол. Фермер хўжаликлари узоқ йиллардан буён ижара шартномаси асосида ишлаяпти ўзи, мерос қолдириш ҳуқуқидаги ижара шартномаси асосида. Бусиз ҳам ижара ҳуқуқидаги ерларни нима учун топшириши керак ва нима учун янги ижара шартномаси асосида ўзларига 20 фоизини, яна пул тўлаган ҳолда қабул қилиб олиши керак?
Иккинчи савол. Агарда захирада қанчадир гектар миқдордаги ер йиғилса, фарқи йўқ Андижондами, Сирдарёдами, у йиғилган ерларнинг лотлари максимум ва минимумлари қандай бўлади? Сиз айтаётган нарса худди шунга бориб тақалади. Нима учун лотларнинг йириклашиши, яъни битта лотдаги ер майдонининг йириклашиши ёмон? Чунки бунда сиз потенциал талабгорларни ўйиндан чиқариб юборасиз, рақобатдан чиқариб юборасиз. Бу потенциал талабгорларнинг аксари маҳаллий инвесторлар бўлади. Чунки уларнинг имкониятлари, ресурслари чегараланган. Фермерларни назарда тутадиган бўлсак, улар ишлаб чиқаришга пулини тиккан, аллақачон буғдойини эккан, айланма маблағларининг маълум бир қисми аллақачон ишлаб чиқаришда. Яъни бу ерда имкониятлар тенг эмас. Шунинг учун биз ўзимиз мезонларни белгилаб олишимиз керак лотларда, максимум ва минимум бўйича.
Учинчи тарафи. Мен буни шу фармон чиқишидан аввал, 2017 йилда, ҳар хил тажрибалар бошланганда айтганман, шундан бери айтиб келаман. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерлари берилса ҳам, мисол учун, хўжалик субъектларига аукцион асосида берилса ҳам, ижара ҳуқуқининг 51 фоиз назорати Ўзбекистон резидентлари ихтиёрида бўлиши керак.
Камолиддин Икромов: Шу ерда гапингизни бўлай. Шу масала Қозоғистонда кўтарилган. 2016 йилда хорижликлар кираман деганда…
Отабек Бакиров: Жуда катта норозилик бўлган.
Камолиддин Икромов: Ҳа. Ҳозир уларда Ер кодексининг 37-моддаси бор, қишлоқ хўжалик корхонасига чет эллик инвесторлар кириши умуман тақиқлаб қўйилган. Фақат ўзининг фуқароси…
Отабек Бакиров: Қозоғистон хато қилгандан кейин шу ўзгаришларни қилган. Назарбоев пайтида эди. Эски администрация пайтида бўлган у воқеалар. 16-йилмиди?
Камолиддин Икромов: Қаттиқ тўлқинланишлар, норозилик бўлган.
Отабек Бакиров: Чунки қозоқлар, биласиз, тарихда бир неча марта ўзларининг ерларидан қувилган. Бир неча марта бўлган бу. Очарчилик пайтида шимолдан қувилган. Репрессияларни биздан кўра оғирроқ ўтказган, турли империяларнинг таъсирини, зарарли оқибатларини ўзларида кўпроқ кўрган қозоқ биродарларимиз.
Шокир Шарипов: Ирсий хотирада қолиб кетган...
Отабек Бакиров: Ҳа. Шунинг учун мен иқтисодий нуқтаи назардан айтяпман, яъни бизда оператив назорат бўлиши керак. Яъни ижарага берилаётган ер майдонлари устидан доимий равишда оператив назоратни Ўзбекистон резидентлари сақлаб туриши керак деб ҳисоблайман. Бу қанақадир худбинлик эмас, инвесторларга қарши фикр эмас. Инвестормисан, кел, ўзбекистонлик ҳамкор топ, биргаликда ишла, технологиянгни олиб кел, илғор тажрибангни қўлла. Бу битта бизнинг қўшниларимизда эмас, Европа Иттифоқидаги жуда кўп ер ҳуқуқини либераллаштирган мамлакатларда ҳам шундай қоидалар мавжуд. Яъни бу…
Шокир Шарипов: Суверенитет масаласи...
Отабек Бакиров: Ҳа.
Камолиддин Икромов: Мен Зимбабве ва бошқа Африка давлатлари мисолини ўргандим. У ерга кириб борганда, инвестор бўлиб кириб борган, хусусий ширкат бўлиб. Лекин кейинчалик шу хусусий ширкат ўз улушини ўзининг давлатига сотган. Ва ер бошқа давлат балансига ўтиб кетиб қолган. Узоқ муддатли ижара шартномаси бўлса ҳам, узоқ муддатга йўқотилган ва ўша ҳудудга маҳаллий аҳолининг кириши тақиқлаб қўйилган.
Отабек Бакиров: Тўғри айтяпсиз. Энди қозоқларни, Африка давлатларини қўяйлик-да, ўзимиз қилган хатоларни айтайлик. Охирги тўққиз йил, 10 йил ичида қилган хатоларимизни.
Мисол учун, биз цемент заводларини хусусийлаштирдик. Назорати офшорларда бўлган компанияларга цемент заводларини турли йўллар билан топширдик. Газ омборимизни топширдик Газлидаги. Ҳозир ўша газ омбор эгаси ҳам ўзининг мулкчилик ҳуқуқини биздан ташқаридаги юрисдикцияда алмаштира олади. Цемент заводлари ҳам шу. Тасаввур қилинг, 100 фоиз ёки 51 фоиздан кўп улушга эга бўлган қўшма корхона ўзининг мулкдорларини, асл мулкдорларини бемалол алмаштираверади Ўзбекистондан ташқаридаги юрисдикцияда. Бунинг учун бизнинг жуда калта ўйлайдиган ҳокимларимиздан рухсат сўраб ўтирмайди.
Ўзимизнинг тарихимизда бўлди-ку, охирги тўққиз йил ичида. Нечта биз қўштирноқ ичида хусусийлаштирган цемент заводининг мулкчилик ҳуқуқи ўзгарган бўлса, ҳаммаси Ўзбекистондан ташқаридаги юрисдикцияда амалга оширилди. Охирги бир мисол – Газлидаги газ омбори юрисдикцияси ўзгаргани. Яъни бизнинг ихтиёримиздан, назоратимиздан ташқаридаги воқеалар.
Қонунчилигимизда бўшлиқлар жуда катта, ҳалигача сақланиб қолган. Бу бўшлиқни биз атай қолдирдик деб ўйламайман. Биз етарли сиёсий тажрибага эга эмаслигимиз туфайли қолдирдик деб ўйлайман. Қарор қабул қилувчиларимиз 10 йил, 20 йил, 50 йил келажакни кўриб қарор қабул қилиши керак. Биз фақат бугунги кун учун эмас, келажак учун ҳам масъулмиз-да.
Кўриб чиқишимиз керак, кейин ҳали айтган гапим: фармон талаблари ҳали қонунчиликда акс этгани йўқ. Биз биламиз, қонунчиликда акс этганидан кейин у олий юридик асосга эга бўлади. Биз қайси асосларда фермер хўжаликларининг ерларини қайтариб олишимиз мумкин, қайси мезонлар асосида, қайси мезонлар асосида фермерларга яна қайтариб ижара ҳуқуқини сотишимиз мумкинлигини қонунда акс эттиришимиз керак.
Хорижлик ҳамкорларимиз билан жуда қуюқ муносабатга киришиб қолган ҳокимлар, ижроия органлардаги раҳбарларимиз мени хавотирга солади.
Қани энди ўшаларга қилаётган мулойимлигини ўзимизнинг инвесторларга, ўзимизнинг фермерларга қилса... Тасаввур қилинг, ўзимизнинг фермерларга шунақа муносабат бўлса, бизнинг фермерлар қанақа қанот олади. Мен тушунмайман шу нарсани – улар нимаси билан устун ёки уларнинг қарор қабул қилувчиларимизга қандай таъсир доираси бор? Нима билан боғлиқ? Кўп кўзга ташланади. Андижон вилоятида, ҳозир мана Сирдарёда авж олаётган воқеалар, Ховосдаги воқеалар. Халқнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Кўриб турибди ҳаммасини. Яшириб бўлмайди буни. Иқтисодчи сифатида фикримни сўрасангиз, мен айтаман: бунинг юридик асоси бўлиши керак, ҳуқуқий асоси бўлиши керак.
Камолиддин Икромов: Хавфсизлик масаласи ҳам бор. Ҳозир сиз шунга яқин келдингиз. Бизда иккита стратегик, яъни муҳим йўллар бор. Биттаси Қамчиқ довони, икки томондан қўриқланади, яъни пост қўйилган. Иккинчиси, биз ҳозир аҳамият бермаётганимиз, бу Сирдарё вилояти. Энди шуни, иккита йўлнинг иккита бағрини биз хорижий инвесторларга берсак, эртага бу хавфсизлик масаласида ҳам жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Бу ерда хорижий давлатларнинг диаспораси ташкил бўлаётгандек, шу ерда концентрацияси кўп. Буни ҳам эътиборга олиб, ер бериш масаласида жуда ҳам эҳтиёткорлик қилишимиз керак.
Ерлар ҳозир дирекцияга бериляпти, дирекция эртага уларга ижарага беради. Мана, ҳозир Жаҳон Савдо Ташкилотига киряпмиз, бошқа ҳуқуқий меъёрлар бор, эртага халқаро ҳуқуқ билан ўзини, яъни ўша диаспорасини ҳимоя қиламан дейиши ҳам мумкин-да. Бу биринчи масала. Эртага улардан тортиб олинса, мисол учун, у ерни 5 йил, 10 йилдан кейин келиша олмай қолинди, дирекция ёпилиб кетди дейлик. Буларнинг ижара муддати бор, тўғрими? Мисол учун, 25 йилга олди, беш йилдан кейин ёпилди, 20 йиллик ижара муддати бор. Мана, Венесуэлада нима бўлди? Худди шунақа бўлган. Олдинига улар нефтни қайта ишлашган, заводлар қурилган, кейин биттаси келган-да, “бўлди, биз буни национализация қиламиз”, деган, яъни тортиб олган ва мана, орадан 15-20 йил ўтган бўлса ҳам, биттаси чиқди-да, “ўша пайтда сен бизнинг мол-мулкимизни тортиб олган эдинг”, деб очиқ айтди-ку. Кириб, битта одамни ўғирлаб чиқиб кетди у ердан. Калласини олиб кетди давлатнинг. Қанақа таҳқирланди ўша халқ.
Отабек Бакиров: Хавфсизлик масаласини айтдингиз. Мен легитимлик масаласини гапирмоқчиман. Ҳар қандай нолегитим эгалланган мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи сўроқ остида қолаверади. Қачондир, фарқи йўқ, беш йил ўтар, 10 йил ўтар, унинг мулкчилик ҳуқуқи сўроқ остига олинаверади. Уни ҳокимият ҳам исталган пайтда ишлатади уларга қарши. Шунинг учун мен айтаман, 94-йиллардан бошлаб нечта мулк қайсидир қонунбузилишлари ёки қонундаги тешиклар воситасида маъмурий таъсир чоралари билан хусусийлаштириш амалга оширилган бўлса, ҳаммаси қайта кўриб чиқилган. Мен ҳали бирорта истисно кўрмадим! Ҳаммаси қайта кўриб чиқилган. Яъни бугун шошмашошарлик билан, ура-ура билан қилинаётган экан, ана шу инвесторларимиз, қўштирноқ ичидаги хорижий инвесторларимиз ҳам ўйлаб кўриши керак. Уларнинг мулк ҳуқуқи қанчалик кафолатланади? Бугун фермернинг ҳуқуқи бузилаётган бўлса, ким кафолат беради уларнинг ҳуқуқи бузилмаслигига?
Камолиддин Икромов: Энди уларнинг орқасида кучли давлат бор-да.
Отабек Бакиров: Уларнинг орқасида фақатгина давлат эмас, коррупция ҳам бор. Тушуняпсизми? Энг асосий таъсир омиллардан бири, афсуски, бу нарсани энди очиқ айтишга тўғри келади, коррупция. Мисол учун, Абхазияни қаранг. Ер майдонларини Россия эгаллаб олиб, ўтган йили, 2025 йилда, ёзда қанча можаролар бўлди. Яъни гўёки Абхазиянинг мустақиллигини Россия қўллаб-қувватлаган, лекин амалда нима билан якунланди бу? Нима демоқчиман? Ҳозир саволнинг биринчи қисми бу бугунги фермер хўжаликларимиз, асл ижара ҳуқуқи тегишли бўлган фермер хўжаликларимизни ҳимоялаш билан боғлиқ бўлиши керак.
Афсуски, 2025 йилда, 2026 йилда ҳуқуқи ҳимояланмаган қатламларни талаш жуда ҳам авж олди. Институционал равишда ҳуқуқи ҳимояланмаган қатламларни. Бу истеъмолчилар бўладими, фермерлар бўладими, авж олди. Буларни турли кўринишларда талаш, ҳар хил йўллар билан уларнинг бўйнига харажатли нарсани юклаш ёки ҳуқуқларидан маҳрум қилиш жуда ёмон авж олди.
Ёмон тенденциялардан яна биттасини айтай, Kun.uz бир марта ёзди, эътибор бердим. Оммавий ахборот воситаларимиз ҳам жим турибди. Бу масалани ҳар хил овозлар, хориждаги овозлар кўтаряпти. Нима сабабдан бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз жим турибди? Мен шуни қабул қила олмаяпман. Жуда оғир нарса.
Шу пайтгача суд орқали ҳал этолмаган, ҳокимият идораларида ҳал қилолмаган, турли мурожаатлар билан ҳам натижага эриша олмаган масалаларда халқимиз учун ягона ва охирги илинж оммавий ахборот воситалари бўлиб келган. Шу охирги илинжи ҳам йўқ бўлиб қоляпти, овози ўчиб қоляпти. Мана шу ҳам мени жуда қаттиқ хавотирга солади. Нима сабабдан биз апелляция қилишимиз керак хориждаги оммавий ахборот воситаларига? Кун тартибига хабар чиқмаса, муаммо ҳам йўқ. Тушуняпсизми?
Шокир Шарипов: Озгина бир-икки қадам нариёқни моделлаштирайлик-да, футуризм билан шуғулланайлик...
Отабек Бакиров: Қаранг, мулк ҳуқуқи кафолатланмаган, мулк ҳимояланмаган жойда иқтисодий ўсиш бўлмайди!
Шокир Шарипов: Шуни айтганман-да.
Отабек Бакиров: Фарқи йўқ, қишлоқ хўжалигими бу ёки истеъмол бозорими, мулк ҳимояланмадими, у жойда ўсиш бўлмайди. Ўша дордан қочган инвесторлар ҳам ҳоким билан шерик бўлади. Қайсидир амалдор билан шерик бўлади. Уришиб қолмагунича, сен-менга бормагунича.
Комолиддин Икромов: Амалдор алмашгунча...
Отабек Бакиров: Ҳа. Улар ҳам тушуниши керак. Улар амалдорларнинг кейингисини ҳам коррупциялаштира оламан деб ўйлаяпти деб ўйлайман-да.
Камолиддин Икромов: Мисол учун, 8-9 миллиондан ерлар сотилган уларга, 25 йилга 9 миллион сўм тўлаб олди у ерни. Лекин худди ўша ернинг бир йиллик ижараси, мисол учун, ўша давлатда 30 миллион сўм. Тушуняпсизми? Ундан ташқари, биз солиқ тўловчилар тўлаган пулларимиздан фермерларга субсидия берилади. Хорижий инвесторлар ҳам субсидия олишга ҳаққи бор, қонунчиликда чегара йўқ. “Инвесторга берилмасин, фақат фермерга берилсин” деган жойи йўқ. Томчилатиш қилса ҳам, электр энергия учун ҳам субсидияларимиз бор. Бошқа ишлар учун ҳам. Ундан ҳам улар фойдаланади-да. Улар учун жуда ҳам қизиқ-да бу.
Тўғри, уларнинг тажрибаси бор, технологияни тўғри қўяди. Аммо бизникилар ҳам етиб олиши ўтган йили исботланди, 90 центнерни олди-ку фермерларимиз.
Мана, устоз-шогирдни жорий қилинглар, деди президент. Нимага буларга устоз берилмаяпти? Фермерлар қарз бўлиб қолган дейишяпти. Сабабини сўрадикми? Кредит олганига 5 йил бўлган, кластер банкрот бўлган. Кластер ерини олган фермерлар. Аукциондан, яъни пул тўлаб олишган. Энди қарз бўлиб қолди-да? Мисол учун, пахтасини топширган кластер пулини вақтида бермаган. Ваҳоланки, у кластерни ким тавсия қилган? Биринчи ўринда ўша ҳокимият “пули бор, жавоб, фермерга пулини вақтида тўлаб беради, ўғирламайди, алдамайди” деб ҳокимият берган-ку!
Отабек Бакиров: Гап тавсияда эмас, мажбурлашда ҳам-да.
Камолиддин Икромов: Ҳа, кейин уни фермерга мажбурлаб пахтасини беришган. У тарозидан уриб қолиб, пахтасини олди. Пулини тўламади вақтида. Дон корхоналари ҳам пулини тўламади. Ҳозир мана, “Зомин Текстил”га жиноят иши очишибди. Пулини бермаган-да. Вақтида бермагандан кейин... электр энергиянинг пеняси ҳам бор, банк кредитларининг пеняси бор, бошқалар бор.
Отабек Бакиров: Йўқ, битта фермер банкрот бўлса, қарздор бўлса, бу фермернинг муаммоси. Агар 100 та фермер банкрот бўлиб, қарздор бўлиб бўлса, бу тизимнинг муаммоси. Тизимли қараш керак бу масалага.
Камолиддин Икромов: Фермерларни тизимли банкрот қилиб, кейин “инвестор”га бермаяпмизми ерни? Шунақа саволлар ҳам чиқиши табиий. Хавфсизлик идоралари бу нарсаларни кўтариши керак-да. Буни биз гапиришимиз керак эмас-ку.
Отабек Бакиров: Келажак ҳақида гапирдингиз. Тажрибаларимиздан, цемент заводлари мисолидан келиб чиқиб айтсак, ҳаво, сув, тупроқ заҳарланиш масаласига қарасак, улар бу ерда яшамайди-да. Сизнинг фермерингиз, сизнинг ишлаб чиқарувчингиз бу ерда яшайди, сиз билан бирга сув ичади, сиз билан нафас олади.
Шокир Шарипов: Болалари шу ерда катта бўлади.
Отабек Бакиров: Ҳа. Мисол учун, эски замонда раислар халққа қайишган дейдилар. Нимага? Ўша раис шу халқ билан бирга сув ичган, ўлимига, тўйига борган. Тушуняпсизми? Тобутини кўтарган. Халқнинг ичидан бўлган-да. Шунинг учун ҳам қайғуриш бўлган, биргаликда ижтимоий қайғуриш бўлган.
Мен айтмоқчи бўлган нарса — биз хатоларимиздан тўғри хулоса чиқара олдикми? Мисол учун, цемент заводлари мисолида, ўша Андижонда тупроқни, ҳавони, сувни заҳарлаётган цемент заводлари тўғрисида, Жиззахдаги цемент заводлари тўғрисида тўғри хулоса чиқара олдикми? Тўғри хулоса чиқара олган бўлсак-ку, майли. Тўғри хулоса чиқармаган бўлсак, еримизнинг келажаги қандай бўлади? Туғмас хотин қилиб қўяди-ю.
Камолиддин Икромов: Мисол учун, булар катта ерларни эгаллаб олганидан кейин, нарх-наво ўйнайди-да. Эртага пахтадан бошқа нарсалар ҳам экилади, картошка дейлик, ё гуруч Хоразм, Сирдарёда. Ва эртага шу нарсаларнинг нарх-навосини ҳам ўйнатишни бошлайди-да. Эртага маҳсулотлар қиммат бўлиб кетганидан кейин, аҳоли ўзи эка олмагандан кейин булардан қиммат сотиб олишга тўғри келади ва ўртада зиддият пайдо бўлади. Беш-ўн йилдан кейин икки томон бир-бирига қарши бўлади. Ўшанда инвестор “бизни камситяпти” деб ёрдамга чақирса, нима бўлади унда? Яъни ташқаридан ёрдам чақирса, “бизни камситяпти, ижара ҳуқуқимиз бор 20 йилга, одамларни бизга қарши қайраяпти”, деса... У томонларини ўйлашяптими?
Отабек Бакиров: Шунинг учун ҳаммаси қонунда акс этиши керак. Озиқ-овқат хавфсизлиги принциплари қонунда акс этиши керак, яъни манфаатларимиз акс этиши керак. Экологик ҳолат масалан: бир неча йил аввал қилган хатомиз оқибатини декабрда татидик-ку, қанча қимматга тушди! Кўрдик-ку, тоза ҳаво қанча қийматга эга эканини, бойдан камбағалгача, оддий фуқародан амалдоргача, ҳамма кўрди-ку! Мана бу хатоларнинг ҳам эртага оқибатини, тўловини биз ҳаммамиз баравар кўрамиз. Кимдир кўриб, кимдир кўрмай қолмайди эмас.
Мулк ҳуқуқи масаласи қонунда акс этиши керакми? Ҳа, ҳаммаси қонунчиликда акс этиши керак аввало. Аввал қонунда белгилаб олайлик. Мана, нима қиляпти парламент? Парламентда ўтирган партияларимиз нима қиляпти? Мен тушунмайман-да. Улар Ўзбекистон халқи манфаатини ифода этадими ёки топшириқларни, айрим тепадан тушган, кабинетлардан тушган топшириқларни ифода этадими?
Шокир Шарипов: 21-асрнинг мана, 26-йилига келдик. Фермерларга ҳали ҳам батрак сифатида қараляпти. Тадбиркорлик субъекти сифатида қаралмаяпти.
Отабек Бакиров: Ишлаб чиқарувчи сифатида қаралмайди, солиқ тўловчи сифатида қаралмайди, тадбиркорлик субъекти сифатида қаралмайди.
Чунки ҳокимларни қишлоқ хўжалигидан ташқарига олиб чиқа олмадик-да. Шарқдан бир вакил келса, ҳокимнинг олдига кириб рози қиладиган бўлса, ҳаммани чақириб, битта протокол билан ерингни топширасан дейиш мумкин бўлиб қоляпти-да. Яна буни биз ҳаммамиз халққа яқин, халқпарвар одам деб ҳисоблаган ҳокимлар амалга ошириб, бошлаб беряпти. Бу нарса Андижонда бошланганда ҳайрон қолмасдим, Сирдарёда бошлангани ҳайрон қолдирди. Ўзи банкир, иқтисодчи одам бўлса! Оқибатларини бошқалар тушунмаса ҳам, бошқа тоифадаги ҳокимлар тушунмаса ҳам, у тушуниши керак эди-ку!
Камолиддин Икромов: Тўғри, фермерга тадбиркорлик субъекти сифатида қаралмайди, батрак, бригадир ўрнида кўрилади, шахс деб эмас. Яъни ҳаммасига рози бўлган одам кирган соҳага ўз вақтида.
Эркинлик берилса, аралашмаса, мисол учун, шу пахтанинг ўзидан ҳам шу қарзини икки-уч йилда тўлаб юборади аслида. Оғир ҳудудлар бор. Ховос тумани ҳам оғир ҳудудлардан биттаси. Лекин шуларнинг ҳам кўзи етяпти, қарзни тўлаб юборади уч йилда. Кооператив қилиш мумкин, шакллар кўп. Стимул бериш шакллари кўп.
Солиғини белгилаб қўяйлик. Мисол учун, 70-80 центнердан чиқадиган солиғини белгилайлик, аралашмайлик, солиғини тўласин, ишини қилсин.
Шокир Шарипов тайёрлади.
Мавзуга оид
09:41 / 19.05.2026
Ўзбекистонликлар АҚШда 10 ойгача қишлоқ хўжалигида ишлаши мумкин
18:56 / 18.05.2026
Чорва моллари ва асаларилар ҚҚСнинг нол ставкаси қўлланадиган рўйхатга киритилди
10:45 / 12.05.2026
Фермерлар учун дизель ёнилғиси бўйича субсидия жорий этилди
09:57 / 12.05.2026