Жаҳон | 18:50 / 20.01.2026
3341
2 дақиқада ўқилади

Австралияда акулалар ҳужумидан кейин ўнлаб пляж ёпилди

Ҳодисалар қирғоқнинг турли қисмларида содир бўлган: Сиднейда ва Сидней билан Порт-Макквори ўртасидаги қирғоқда. Бир неча ҳолатда сёрферлар ва чўмилаётганлар жароҳатланган.

Фото: Reuters

Австралия ҳукумати Янги Жанубий Уэлс штатининг шарқий қирғоғидаги ўнлаб пляжни, жумладан, Сиднейдаги машҳур пляжларни сўнгги уч кун ичида акулаларнинг тўртта ҳужумидан кейин вақтинча ёпди.

Ҳодисалар қирғоқнинг турли қисмларида содир бўлган: Сиднейда ва Сидней билан Порт-Макквори ўртасидаги қирғоқда. Бир неча ҳолатда сёрферлар ва чўмилаётганлар жароҳатланган: бир нафар катта ёшли киши оёғидан жиддий жароҳат олган, икки киши, жумладан, ўсмир оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, яна бир боланинг сёрфинг тахтасини акула ғажиб ташлаган, аммо у тирик қолган.

Ушбу воқеалар фонида Сиднейдаги «Northern Beaches» ҳудудидаги барча пляж қутқарув хизматларининг кейинги огоҳлантиришларига қадар ёпилди. Расмийлар дам олувчиларни океанда чўмилишдан қайтармоқда ва бассейнларда сузиш каби муқобил вариантларни кўриб чиқишни тавсия қилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, акулалар фаоллигининг кучайиши яқинда ёғган кучли ёмғирлар билан боғлиқ бўлиб, улар қирғоқ сувларини лойқалантирган ва чучук сувли ҳудудларга кира оладиган акулалар учун янада жозибадор бўлган. Бундай шароитда улар кўпинча қирғоққа яқинроқ келади, бу эса одамлар билан тўқнашув эҳтимолини оширади.

Штат қутқарувчилари ва полиция вазиятни кузатишда давом этмоқда ва Австралияда акула ҳужумлари камдан-кам учрашини айтмоқда, аммо ҳозирги об-ҳаво шароитида хавф кучайиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид