Жаҳон | 10:08
716
2 дақиқада ўқилади

Немисларнинг учдан икки қисми федерал ерлар сони қисқаришига қарши

Бавария бош вазири айрим федерал ерларни бирлаштириш таклифини илгари сурган эди, аммо Германия аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи бу ғояга қарши чиқди. Зёдернинг ғояси Бавария учун молиявий юкни камайтиришга қаратилган бўлса-да, унинг ўзи бошқараётган ерда ҳам қўллаб-қувватланмади.

Фото: Ben Knight/DW

Германия аҳолисининг мутлақ кўпчилиги федерал ерларни бирлаштириш ва улар сонини қисқартиришга қарши чиқмоқда. Сешанба, 20 январ куни эълон қилинган ижтимоий сўров натижаларига кўра, Бавария бош вазири Маркус Зёдер томонидан илгари сурилган бу ғояга респондентларнинг 64 фоизи қарши эканини билдирган. Сўровда қатнашганларнинг 30 фоизи ташаббусни қўллаб-қувватлаган, 6 фоизи эса жавоб беришдан тийилган.

Зёдер ўз таклифини шундай изоҳлади: Бавария ҳудудлар ўртасида молиявий қайта тақсимлаш тизимида энг катта юкни кўтармоқда. Фақат ўтган йилнинг биринчи олти ойидаёқ Бавария тахминан 6,7 миллиард евро ҳисса қўшган. Бавариядан ташқари Германияда фақат учта федерал ер — Баден-Вюртемберг, Гессен ва Ҳамбург донор ҳудудлар ҳисобланади.

Шунга қарамай, Бавариянинг ўзида ҳам аҳолининг 67 фоизи ўз бош вазирининг ғоясини қўллаб-қувватламайди. Шунингдек, Германиянинг энг кўп аҳолига эга бошқа ерларида ҳам кўпчилик қарши чиқди: Шимолий Рейн – Вестфалияда 61 фоиз, Баден-Вюртембергда эса 69 фоиз аҳоли бу таклифни маъқулламайди.

Сўров натижаларига кўра, Ғарбий ва Шарқий Германия ерлари ўртасида ҳам катта фарқ кузатилмаган: ғояга қарши чиққанлар мос равишда 64 ва 65 фоизни ташкил этган.

Федерал ерларни бирлаштириш тарафдорлари энг кўп ХДИ/ХСИ консерватив блоки сайловчилари орасида қайд этилган (38 фоиз — “тарафдор”, 58 фоиз — “қарши”). Энг кўп қарши чиқувчилар эса Германия Социал-демократик партияси тарафдорлари бўлган (22 фоиз — “тарафдор”, 71 фоиз — “қарши”).

Мазкур репрезентатив сўров жамоатчилик фикрини ўрганиш билан шуғулланувчи Forsa институти томонидан Stern журнали ва RTL телеканали буюртмаси асосида 2026 йил 15–16 январ кунлари ўтказилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид