Жаҳон | 07:52
10653
8 дақиқада ўқилади

Сув ютиб юборган 7 шаҳар: афсоналардан илмий хариталаргача

Денгизлар ва кўллар туби остида инсонлар эндигина “кўра” бошлаётган кўчалар, уйлар ва шаҳарлар яширинган. Сунъий йўлдошлар ва сонарлар пайдо бўлишидан анча олдин бутун шаҳарлар сув остига ғойиб бўлган: айримларини зилзилалар “ютиб” юборган, бошқаларини эса секин-аста кўтарилаётган денгиз йўқ қилиб борган. Асрлар давомида уларнинг излари кўздан яширин қолди — фақат афсоналар ва маҳаллий ривоятлардагина яшаб келди.

Фото: Getty Imagеs

Сўнгги йилларда сувости археологияси янги босқичга чиқди. 2024 йилдан 2026 йил бошигача бўлган даврда олимлар илғор шўнғиш усуллари, геофизик тадқиқотлар ва 3D-реконструкциядан фойдаланиб, дунёнинг энг сирли сувости шаҳарларидан айримларини қайтадан ўрганди. Бу изланишлар шаҳарлар қандай ишлагани, нега йўқолиб кетгани ва сув тагида нима сақланиб қолганини очиб беради. Қуйидаги етти объект табиий офатлар, экологик силжишлар ва вақт таъсирида ўзгариб кетган шаҳар дунёсига назар ташлаш имконини беради.

1) Тонис–Гераклион — Миср

Искандария яқинидаги Абу-Кир қўлтиғида сув остида қолган Тонис–Гераклион Мисрнинг йирик порти бўлиб, Ўрта Ер денгизи савдосини Нил водийсининг ички ҳудудлари билан боғлаб турган. Франк Годдио раҳбарлигидаги сўнгги сувости экспедициялари босқичларида Амон ибодатхона мажмуаси атрофидаги янги зоналар ҳужжатлаштирилди, шунингдек ундан шарқ томонда Афродитага бағишланган юнон ибодатхонасининг мавжудлиги аниқланди.

Топилмалар орасида бронза ва керамика буюмлари, шунингдек юнон қуроллари бор — бу шаҳарда эллинистик даврдан анча олдин ҳам юнон савдогарлари ва ёлланма аскарлар бўлганини тасдиқлайди.

Ушбу кашфиётлар Тонис–Гераклион ҳақидаги тасаввурни мустаҳкамлайди: у кўп миллатли савдо “дарвозаси” бўлган, у ерда ибодат масканлари ва порт инфратузилмаси яқин уйғунлашган. Кейинчалик эса шаҳар тупроқ чўкиши ва сейсмик омиллар келтириб чиқарган сув тошқинлари натижасида сув остига кетган.

2) Каноп (Канопус) — Миср

Абу-Кир қўлтиғидаги яна бир йирик шаҳар — Каноп ҳам денгиз тубидан объектларни кўтариш ва ҳужжатлаштириш давомида ўзининг катта Рим меъморий иншоотларини очишда давом этмоқда. 2025 йил август ойидаги нашрларда археологлар таъбири билан айтганда, “яхлит Рим шаҳри” аниқланган сувости тадқиқотлари ҳақида хабар қилинди: ибодатхоналар, цистерналар, балиқ ҳовузлари, шунингдек ҳайкаллар ва меъморий элементлар.

Шу тариқа, муҳандислиги ривожланган ва сув ресурсларини бошқариш тизимига эга бўлган қирғоқбўйи шаҳар маркази манзараси намоён бўлади. Бу эса Каноп узоқ вақт мавжуд бўлиб, Рим давригача қайта қурилишлардан ўтганини кўрсатади.

Ишлар, шунингдек, Канопнинг Искандария иқтисодий ҳудудидаги денгиз ва савдо роли қанчалик катта бўлганини таъкидлайди: бу ерда кундалик шаҳар ҳаёти ва ишлаб чиқариш жараёнлари бугун чўкмалар ва сайоз сув остида “консервация” бўлиб сақланиб қолган.

3) Тору-Айгир — Иссиқкўл, Қирғизистон

2025 йил охирида Иссиқкўлда ишлаётган сувости археологлари Тору-Айгир мажмуасини ўрганишда катта ютуққа эришганини маълум қилди: бу жой кичик форпост эмас, балки тўлақонли ўрта аср шаҳри бўлгани қатъий тасдиқланди. Улар пишиқ ғиштдан қурилган бинолар, дон тегирмони, катта керамик идишлар ва энг муҳими, XIII–XIV асрларга оид мусулмон қабристони-некрополини топди — қабрлар Макка томонга қаратилган.

Тадқиқотчилар, шунингдек, жамоат ёки диний вазифа бажарган бўлиши мумкин бўлган йирик иншоотни ҳам қайд этди (тахминан масжид, мадраса ёки ҳаммом). Айрим манбалар шаҳар йўқолишини XV асрдаги кучли зилзила ва кейинги қирғоқ чизиғи ўзгаришлари билан боғлайди. Тору-Айгир Ипак йўли савдоси билан боғлиқ “қайта кашф этилган” сувости шаҳарларининг энг ёрқин мисолларидан бирига айланди.

4) Байи — Италия

Неапол қўлтиғидаги римликларнинг афсонавий дабдабали курорт шаҳри Байи — сувости шаҳарлар ичида ўрганиш учун энг қулайларидан бири бўлиб, шунга қарамай янги кашфиётлар келтиришда давом этмоқда. 2024 йил июл ойида тадқиқотчилар сувости археологик парки ҳудудидаги Рим вилласига боғлиқ нафис мозаик пол топилганини хабар қилди — бу шаҳар меъморчилигининг элитар хусусиятини яна бир бор таъкидлади.

2025 йил август ойида археологлар иситиш тизимига хос элементларга эга бўлган сув остидаги Рим ҳаммом мажмуаси топилганини эълон қилди. Айрим манбалар уни Рим сиёсий элитасига алоқадор нуфузли вилланинг бир қисми бўлиши мумкин, деб тахмин қилади. Бу топилмалар Байи фақат яхши маълум объектгина эмас, балки ҳали ҳам жаҳон даражасидаги кашфиётлар бериши мумкин бўлган жой эканини кўрсатади.

5) Олус — Греция

Олус — Крит оролининг шимоли-шарқида жойлашган қадимги юнон қирғоқ шаҳри бўлиб, тектоник чўкиш ва денгиз сатҳининг узоқ муддатли кўтарилиши натижасида аста-секин сув остида қолган. Зилзила ёки цунами сабаб тўсатдан йўқолиб кетган шаҳарлардан фарқли ўлароқ, Олус харобалари ўн йиллар давомида сув остида қисман кўриниб турган — деворлар ва пойдеворлар ҳозирги Элунда яқинида жойлашган.

Антик манбалар шаҳар мавжуд бўлганини тасдиқласа-да, унинг аниқ режаси ва кўлами узоқ вақт ноаниқ қолган. 2020-йилларда янги хариталаш усуллари қўлланган замонавий сувости тадқиқотлари аввалги кузатувларни аниқлаштиришга ёрдам берди.

Натижада Олуснинг турар жой мавзелари ва порт атрофи зоналарининг сезиларли қисми бугун саёз сув остида ётгани тасдиқланди. Бу шаҳар — денгиз томонидан секин “ютилган” камёб мисоллардан бири: у экологик ўзгаришлар асрлар давомида шаҳар марказини қандай “ўчириб” юборишини кўрсатади.

6) Дварка — Ҳиндистон

Ҳиндистон ғарбида Гужарат штати соҳилидаги қадимги Дварка археология ва ривоятларда эрта тарихий даврнинг муҳим порти сифатида анча вақтдан бери маълум. 2026 йил бошида Ҳиндистон Археологик хизмати (ASI) олдин ўрганилмаган қирғоқ зоналарини замонавий технологиялар ёрдамида тадқиқ этиш учун ерусти ва сувости изланишларининг кенг кўламли дастурини қайта бошлаганини эълон қилди.

Мутахассислар айтишича, келгуси ишлар фақат классик соҳил ёдгорликларига эмас, балки Бет-Дварка атрофида ва Гомти дарёси қуйилиши яқинидаги сувости ҳудудларига ҳам қаратилган бўлади — у ерларда олдинроқ структурали аномалиялар ва тош объектлар қайд этилган.

Бу ташаббус Дварканинг сувостидаги шаҳар тузилмасини ўрганишда жиддий кучайтиришни англатади ва чўкмалар ҳамда саёз сув остида анча кенг ҳудуд сақланиб қолган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Янги маълумотлар Жанубий Осиёнинг энг машҳур сувости шаҳарларидан бири ҳақидаги тушунчани ва унинг қадимги денгиз савдо тармоқларидаги ролини сезиларли кенгайтириши мумкин.

7) Хибара-дзюку — Япония

Хибара-дзюку — Эдо давридаги шаҳар бўлиб, ҳозирги Фукусима префектурасидаги Китасиобара қишлоғи ҳудудида жойлашган. У 1888 йилда Бандай вулқонининг ҳалокатли отилиши оқибатида сув остида қолган: вулқон дарё ўзанларини тўсиб қўйган ва натижада Хибара кўли ҳосил бўлган. Шаҳар тақдири тарихий манбалардан анча яхши маълум эди, бироқ 2025 йил декабр ойида унинг илмий “иккинчи кашфи” рўй берди.

JAMSTEC (Япония фан ва технологиялар агентлиги), Киото университети ва бошқа ташкилотлар тадқиқотчилари нурли эхолокацион сканерлаш ва тарихий кадастр хариталари асосида яратилган сувости посёлкасининг юқори аниқликдаги 3D-реконструкциясини эълон қилди.

Кўл тубида сақланиб қолган мавзелар, йўллар, сув каналлари ва ибодатхоналарга олиб борувчи йўлаклар аниқланди. Батиметрия маълумотларини урушдан олдинги ер ҳисоб-китоб ёзувлари билан бирлаштириш 2024–2025 йилларда яратилган сув остидаги тарихий шаҳарларнинг энг батафсил реконструкцияларидан бирини берди ва замонавий технологиялар йўқолган шаҳар манзарасини ўн йиллар ўтса ҳам “қайтариб бериш”га қодир эканини яққол кўрсатди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид