Жаҳон | 11:47
4118
4 дақиқада ўқилади

Синдзо Абэни отиб ўлдирган шахс умрбод қамоққа ҳукм қилинди

2022 йилда қўлбола тўппончадан Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэни ўлдирган 45 ёшли Тэцую Ямагами умрбод қамоққа ҳукм қилинди. У ўз ҳаракатини диний ташкилотга нисбатан нафрат билан изоҳлаган.

Фото: REUTERS

Япониянинг Нара шаҳри туман суди 45 ёшли Тэцую Ямагамини умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. У 2022 йил июл ойида қўлбола тўппонча ёрдамида мамлакатнинг собиқ бош вазири Синдзо Абэни отиб ўлдирган эди. Судланувчи айбини тан олди. Бу ҳақда чоршанба, 21 январ куни AFP агентлиги хабар берди.

Умрбод қамоқ жазосини прокуратура талаб қилди. Прокуратура вакили бу сиёсатчининг ўлдирилишини мамлакатнинг “урушдан кейинги тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса” деб атаб, бу жиноят жамият учун “ниҳоятда оғир оқибатлар” келтириб чиқарганини айтди. Ҳимоя томони эса мижози учун 20 йилдан ортиқ бўлмаган жазо сўради — улар Ямагами “дин билан боғлиқ зўравонлик” қурбони бўлгани ва реабилитация учун имкониятга лойиқлигини таъкидлади.

Ямагами ҳукми эълон қилинишига кириш учун деярли 700 киши навбатда турган. Суд залидаги 31 та бўш ўрин улар орасида қуръа ташлаш орқали тақсимланганини Япониянинг Kyodo агентлиги қайд этди.

67 ёшли Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэга ҳужум 2022 йил 8 июл куни содир этилган. У парламент сайловларига икки кун қолганда Нара шаҳрида Либерал-демократик партияни қўллаб-қувватлаш митингида нутқ сўзлаётган бўлган. Ҳужумчи Абэнинг орқасидан икки марта ўқ узишга улгурган, сиёсатчи кўкрак қафаси ва бўйин соҳасидан яраланган ва бир неча соатдан сўнг шифохонада вафот этган.

Ўқ отган Тэцую Ямагами воқеа жойида қўлга олинган. У ўз қилмишини черковга нисбатан нафрат билан тушунтирган: унинг онаси эрининг ўз жонига қасд қилиши ва бошқа ўғлининг оғир аҳволидан кейин, оилани сақлаб қолиш умидида, 1954 йилда Сеулда Мун Сон Мён томонидан ташкил этилган Бирлашиш черковига катта маблағлар хайрия қилган (жами — тахминан 100 млн иена ёки тахминан 540 минг евро). Бу эса оиланинг банкрот бўлишига олиб келган, натижада Ямагами олий таълимдан воз кечишга мажбур бўлган ва 2005 йилда ўз жонига қасд қилишга уринган. Шундан кейин унинг акаси (ёки укаси) ҳам ўз жонига қасд қилган.

Ямагамининг айтишича, у аввал ушбу черков вакилини нишонга олишни режалаштирган, аммо охир-оқибат Абэни танлаган — у Абэни “ташкилот билан яқин боғлиқ” ва унинг ғояларини Японияда илгари сурган, деб ҳисоблаган.

Собиқ бош вазир Бирлашиш черкови аъзоси бўлмаган, аммо Япониянинг кўплаб сиёсатчилари каби баъзан ташкилот тадбирларида кўриниш берган. Абэ ўлдирилганидан кейинги кенг жамоат резонанси фонида мамлакатда бир нечта текширув ўтказилиб, ҳукмрон Либерал-демократик партия сиёсатчилари билан мазкур ташкилот ўртасидаги алоқалар аниқланган.

Шу сабаб тўрт нафар вазир истеъфога чиққан. 2025 йил март ойида эса Токио суди Бирлашиш черковини диний ташкилот мақомидан маҳрум қилди. Қарор шу билан изоҳланганки, муассаса издошларни қиммат буюмларни сотиб олишга мажбурлаб, “уларнинг ўз руҳий фаровонлиги ҳақидаги хавотирларидан фойдаланган”.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид