Спорт | 05:08
8663
16 дақиқада ўқилади

«Сити» яна ютқазди, «Реал» 6 та гол урди. Кун ўйинлари

«Интер»ни ҳам енгган «Арсенал» 100 фоизлик натижа қайд этмоқда, «ПСЖ»да эса сенсацион мағлубият. Сешанба оқшомида ЕЧЛ гуруҳ босқичида ўтказилган ўйинлар ва гуруҳ жадвалидаги вазият.

«Сити» Норвегияда «музлади»

«Будё-Глимт» – «Манчестер Сити» 3:1
Голлар:
Ҳег, 22 (1:0). Ҳег, 24 (2:0). Ҳауге, 58 (3:0). Шерки, 60 (3:1)
«Будё-Глимт»: Хайкин, Бертуфт, Гундерсен, Беркан, Севольд, Берг, Фет (Мяяття, 82), Эвен (Эукленн, 76), Ҳауге, Бломберг (Салтнес, 76), Ҳег (Ҳелмерсен, 76)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Ҳусанов, Аллейн, Айт Нури, Люис, Родри, О`Райли, Рейндерс, Шерки, Фоден (Мармуш, 70), Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Родри, 61. Шерки, 90
Четлатиш: Родри, 62 (иккинчи сариқ)

«Манчестер Сити» кутилмаганда Норвегияда «Будё-Глимт»га 1:3 ҳисобида ютқазди ва ўйин давомида 0:3 ҳисобида ортда ҳам борди. Гвардиола бу ўйинга асосий таркибни туширди ва ҳеч нарса қила олмади. Жамоа шунчалик ёмон ўйнадики, тажрибали ва совуққон Родрининг ҳам асаблари дош бермади – у иккинчи бўлим бошидаёқ майдонни тарк этди.

«Буде» 22-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олганди: тўп майдон марказида эгалланди – ва вингер Уле Бломберг ҳимоячилар орасидан ўтиб кетди. Ҳусанов уни елкаси билан туртиб йиқитгани ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади, у яна ўрнидан турди ва олис устун олдида очилган Каспер Ҳегни голли пас билан таъминлади.

Икки дақиқа ўтмасдан меҳмонлар дарвозаси яна бир бор ишғол этилди. Бу вазиятда 20 ёшли ҳимоячи Макс Аллейн голга сабабчи бўлди: у майдон марказида йўқ жойдан тўпн олдирди ва қарши ҳужумда Ҳег осонлик билан дарвозани ишғол этди.

«Сити» иккинчи бўлимда ҳам ўзига кела олмади: аввалига 52-дақиқада Хокон Эвен урган гол офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо инглизлар барибир учинчи голдан қоча олишмади: олти дақиқа ўтиб «Милан»нинг собиқ вингери Йенс Ҳеуге олис бурчак томон қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Бироз ўтиб Райан Шерки жавоб голини урди ва ўйинга интрига қайтгандек бўлди. Аммо Родри 53 сония ичида икки бор сариқ карточка олиши барчасини чиппакка чиқарди. Испаниялик яримҳимоячи икки ҳолатда ҳам «Буде»нинг қарши ҳужумини тўхтатишга уриниб, фол ишлатди.

● «Сити» қаторасига иккинчи ўйинда ютқазмоқда: жамоа «МЮ»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин ҳали ўзига кела олмаган. Умуман олганда, «шаҳарликлар»да инқироз кузатилмоқда: Пеп шогирдлари барча турнирлар доирасидаги сўнгги етти ўйинда атиги икки ғалабага эришга – Англия кубогида «Эксетер»га ва Лига кубогида «Нюкасл»га қарши ўйинларда. 

● «Сити» ЕЧЛда сўнгги саккиз сафар учрашувидан бештасида ютқазди. Умумий гуруҳ босқичида ҳали барчасини тузатиш мумкин, аммо плей-оффда сафардаги мағлубиятлар қимматга тушиши тайин. 

● Эрлинг Ҳоланд қаторасига тўртинчи ўйиндирки майдонни голсиз тарк этмоқда. Ушбу форвард 2026 йил бошидан буён атиги бир гол урди – «Брайтон»га қарши ўйинда пеналтидан урилган гол фақат дуранг ҳисобни таъминлаганди (1:1).

«Буде» бу ғалаба эвазига плей-оффга йўлланма берувчи топ-24 ўринларига яқинлашди. Норвегияликлар плей-оффга чиқиш учун сўнгги турда «Атлетико» майдонида ғалаба қозониши ва рақобатчиларнинг натижаларига қараши керак бўлади. 

«Сити» ҳозирча еттинчи ўринга тушди, аммо чоршанба оқшомидаги ўйинлардан кейин кучли саккизликни тарк этиши тайин.

«Реал»да осон ғалаба

«Реал» – «Монако» 6:1
Голлар:
Мбаппе, 5 (1:0). Мбаппе, 26 (2:0). Мастантуоно, 51 (3:0). Керер, 55 – автогол (4:0). Винисиус Жуниор, 63 (5:0). Тезе, 72 (5:1). Беллингҳэм, 80 (6:1)
«Реал»: Куртуа, Раул Асенсио (Себалйос, 46), Ҳаусен, Камавинга (Карваҳал, 76), Валверде (Месо, 83), Тшуамени, Беллингҳэм, Арда Гулер (Ф. Гарсия, 76), Винисиус Жуниор, Мастантуоно (Г. Гарсия, 71), Мбаппе
«Монако»: Кен, Дайер, Керер, Кайю Энрике, Вандерсон (Уттара, 61), Тезе, Закариё (Бамба, 73), Фати (Кулибали, 61), Головин (Мишал, 84), Аклиуш, Балогун (Илениҳеня, 73)
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм, 44 – Закариё, 33

«Реал» дарҳол олдинга ташланди. Мадридликлар ўзларини исботлаши талаб этиларди – мухлислар уларга шу ўйин олдидан ҳам ҳуштакбозлик қилишди.

5-дақиқадаёқ Килиан Мбаппе норози мухлисларга жавоб қайтарди: Франко Мастантуоно Федерико Валвердени олдинга бошлади, уругвайлик яримҳимоячи франциялик жамоадошини зарбдор нуқтага чиқарди. Килиан ёшликдаги жамоасига урган голини хотиржамлик билан нишонлади. 

20 дақиқа ўтиб меҳмонлар ҳимоядаги хато учун иккинчи бор жазоланди: яна Килиан дарвоза бурчагини аниқ нишонга олди, бу сафар унга Винисиус ассистентлик қилди. Умуман олганда, бутун ҳужум чиройли амалга оширилди: Эдуардо Камавинганинг товондаги нозик ҳаракати ва Арда Гулернинг паси – топ даража. 

«Монако» шундан кейингина олдинга ўтиб, жавоб ҳужумларини уюштира бошлади: латерал Жордан Тезенинг олис масофадан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинини титартди. Аммо бундан ортиғига жамоанинг кучи етмади. Иккинчи бўлимда «Реал» тўлиқ куч билан ҳаракат қилди ва ҳисобни йирик кўринишга келтирди: 51-дақиқада Винисиус Мастантуонога ҳам голли узатма берди.

Яна беш дақиқа ўтиб бразилиялик вингернинг саъй-ҳаракатларидан кейин ҳимоячи Тило Керер ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. 

63-дақиқада эса Винисиуснинг ўзи ҳам гол урди: у рақиб жарима майдонига осонлик билан ёриб кирди ва тўққизликка кучли зарба йўллади. Аммо Чемпионлар лигаси жорий мавсумидаги биринчи голини нишонламади. У шунчаки Алваро Арбелоанинг олдига келиб, уни қучоқлаб қўйди.

«Монако» ўйин охирида Тезенинг голи билан жавоб қайтарди. Кейин эса Жуд Беллингҳэм ўйинга якуний нуқтани қўйди.

6:1 – Арбелоанинг ЕЧЛда мураббий сифатидаги дебюти аъло даражада чиқди.

● Винисиус – «Реал»нинг ЕЧЛ ўйинларидаги иккинчи энг яхши ассистентига айланди. Энди унинг ушбу турнирдаги голли узатмалари сони 29 тага етди – ва Криштиану Роналдунинг натижасига яна иккита қолди. Турнир тарихидаги энг яхши ассистент мақомигача эса яна 13 пас етарли. 25 ёшли вингер шу руҳда давом этадиган бўлса, бу довонни ҳам забт этиши тайин. 

● Мбаппе ЕЧЛнинг етти ўйинида 11 гол уришга улгурди. Килиан – «Реал»нинг бир турнирда 10+ гол қайд этган тўртинчи футболчиси. Роналду етти мавсумда шундай натижа қайд этган, Раул ва Карим Бензема – биттадан.

● Мбаппе Роналдунинг ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги голлар сони бўйича рекордини (11 гол) такрорлади.

Бу ғалабадан кейин «Реал» очколари сонини 16 тага етказиб, умумий жадвалда иккинчи ўринга кўтарилди. Жамоа бу билан амалда 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилди.

Охирги турда мадридликлар Жозе Моуринио бошқарувидаги «Бенфика» меҳмони бўлишади. 

«Арсенал» йўқотишсиз давом этмоқда

«Интер» – «Арсенал» 1:3
Голлар:
Габриэл Жезус, 10 (0:1). Сучич, 18 (1:1). Габриэл Жезус, 31 (1:2). Йокереш, 84 (1:3)
«Интер»: Зоммер, Ачерби, Бастони, Аканжи, Зелински (Диуф, 82), Сучич, Барелла (Фраттези, 63), Димарко, Луис Энрике (Бонни, 82), Тюрам, Мартинес (Эспозито, 63)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Москера (Габриэл Магаляйнс, 75), Люис-Скелли, Тимбер (Уайт, 64), Субименди, Эзе (Райс, 64), Мерино, Троссар (Мартинелли, 79), Сака, Габриэл Жезус (Йокереш, 75)
Огоҳлантиришлар: Бастони, 72. Ачерби, 82 – Мерино, 72. Райс, 90

«Интер» ва «Арсенал» сўнгги вақтларда ҳаддан ташқари ёпиқ ва прагматик футбол кўрсатишда айбланади, аммо уларнинг ўзаро учрашуви турнинг марказий тўқнашуви сифатида эътиборга молик эди. Нима бўлганда ҳам бир томонда Чемпионлар лигасининг ўтган мавсуми финалчиси ҳозирги турнирда жадвал пешқадамига қарши майдонга тушганди. Қолаверса, икки жамоа ҳам ҳозирда ўз чемпионатларида биринчи ўринда бормоқда.

Артета тиғиз тақвимни ҳисобга олиб, жиддий ротацияга қўл урди. Миландаги ўйинда лондонликларнинг асосий таркиб футболчилари – Габриэл, Райс, Йокереш ва Эдегор захирада қолдирилди.

Лекин бу меҳмонларга илк дақиқалардан ҳужумкор футбол намойиш этишга халал бермади. «Арсенал» футболчилари дастлабки 40 сония ичида мезбонлар дарвозасига икки бор зарба беришга улгурди. Кетма-кет ҳужумлар 10-дақиқада мантиқий гол билан якунланди: анчадан буён илк бор бошланғич таркибда тушган Жезус Тимбернинг узатмасини голга айлантирди.

Аммо мезбонлар ҳам дарҳол ҳисобни жавоб қайтаришди: майдон марказида тўп учун курашда Лаутаро ғолиб чиқди ва тезкор қарши ҳужум бошлаб берди. «Арсенал» ҳимоячилари Маркус Тюрам ва Николо Барелланинг зарбаларини блоклашди, аммо жарима майдони ташқарисига қайтиб чиққан тўпга Петар Сучич етиб келди ва дарвозани ўққа тутди. Бу «Арсенал» ЕЧЛнинг жорий мавсумида ўтказиб юборган иккинчи гол бўлди.

13 дақиқа ўтиб Жезус дублни расмийлаштирди. Бурчак зарбасидан кейин 172-сантиметрлик Леандро Троссар тўпни боши билан дарвозабон ҳудудига ташлаб берди, у ерда турган 175-сантиметрлик бразилиялик ҳужумчи бошда йўллаган зарбаси билан дарвоза тўрини ишғол этди.

Биринчи бўлимда очиқ футбол намойиш этган жамоалар жами 19 зарба йўллади ва «Арсенал»нинг зарбалари аниқроқ чиқди.

Танаффусдан кейин Троссар ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйиши мумкин эди, аммо унинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси бироз хато кетди. Кейин эса Лаутаро Мартинес ўрнига захирадан ўйинга қўшилган Франческо Эспозито икки вазиятдан фойдалана олмади.

84-дақиқада меҳмонлар ўйин масаласига нуқта қўйишди: Йокереш қарши ҳужумда ўз имкониятидан фойдаланиб, дарвоза тўққизлигини аниқ нишонга олди.

● «Арсенал» еврокубокларда илк бор қаторасига етти ўйинда ғалаба қозонди. 7 турда 7 ғалабага эришган жамоа амалда гуруҳ босқичининг 1-ўрнини кафолатлади. «Қайрат»га қарши сўнгги тур ўйинида Артета шогирдларига мағлубият ҳам бу ўринни ўзида сақлаб қолишига халал бермаслиги мумкин.

● Жамоалар ўйин давомида жами 32 зарба йўллашди, xG кўрсаткичи 1,33 га қарши 2,12 кўринишини олди. 

● Жезус «Арсенал»нинг бу мавсумда бурчак зарбаларидан кейинги 19-голини урди – бу жами голларнинг қарийб тўртдан бирини ташкил этади. «Канонирлар» барча турнирлар доирасида урган жами голлар сони 80 тани ташкил этмоқда.

Португалия комплекси

«Спортинг» – «ПСЖ» 2:1
Голлар:
Суарес, 74 (1:0). Кварацхелия, 79 (1:1). Суарес, 90 (2:1)
«Спортинг»: Руй Силва, Матеус Рейс, Гонсалу Инасиу, Мангаш (Ваяннидис, 63), Фреснеда, Морита, Симоес (Сантос, 87), Тринкан (Кочорашвили, 90+6), Араухо, Катаму (Браганса, 87), Суарес
«ПСЖ»: Шевале, Маркинос, Пачо, Нуну Мендеш, Заир-Эмери, Руис (Забарний, 80), Витиня, Маюлу (Кварацхелия, 66), Барколя (Рамуш, 71), Дуэ, Дембеле
Огоҳлантиришлар: Мангаш, 59. Суарес, 90 – Кварацхелия, 90

Куннинг яна бир сенсацияси Португалияда кузатилди. «Спортинг» бу мавсумда ўз стадионида яхши ўйнамоқда. Лиссабон клуби «ПСЖ» билан ўйинга қадар «Қайрат», «Марсел» ва «Брюгге» каби клубларга қарши учрашувларда уч ғалабага эришганди.

Даражаси бу рақибларга қараганда анча юқори бўлган парижликлар икки гол уришди, аммо ҳакамлар бригадаси Уоррен Заир-Эмери ва Усмон Дембеленинг голларини қоидабузарлик туфайли бекор қилди. Ўйиннинг ҳал қилувчи воқеалари эса иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида рўй берди. Аввалига Луис Суарес мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, беш дақиқа ўтиб Хвича Кварацхелия мувозанатни тиклади. 90-дақиқада эса Люк Шевале Тринкаунинг зарбасини қайтарди, аммо тўпга биринчи бўлиб етиб келган Суарес ғалаба голини урди. «ПСЖ» 2026 йилда иккинчи бор ютқазди. «Спортинг» эса умумий жадвалда ушбу рақибга очколар сони бўйича етиб олди.

Томас Франк ишда қолди

«Тоттенҳэм» – «Боруссия» Д 2:0
Голлар
: Ромеро, 14 (1:0). Соланке, 37 (2:0)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Дансо, Ромеро, Удоджи, Порро, Грэй, Бергвалл (Байфилд, 62), Симонс, Спенс, Одобер, Соланке (Коло Муани, 70)
«Боруссия» Д: Кобел, Шлоттербек, Бенсебаини, Антон, Беллингҳэм, Нмеча (Чуквуэмека, 64), Свенссон, Коуту (Байер, 76), Брандт (Рюэрсон, 46), Адейеми (Силва, 64), Гирасси (Эмре Жан, 46)
Огоҳлантиришлар: Грэй, 86 - Рюэрсон, 86
Четлатиш: Свенссон, 24

«Тоттенҳэм» – Дортмунднинг «Боруссия» клуби учун анча ноқулай рақиб. Немислар клуби бунгача лондонликларга қарши ўйинларда қаторасига уч бор ютқазганди. ЕЧЛ умумий гуруҳ босқичи 7-турида эса тўртинчи мағлубият қайд этилди. Асосий воқеалар биринчи бўлимда бўлиб ўтди. Кристиан Ромеро бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди, 10 дақиқа ўтиб эса Даниэл Свенссон қизил карточка олиб, меҳмонларни қийин аҳволда қолдирди.

Бўлим охирида Доминик Соланке турнинг энг ғалати голига муаллифлик қилиб, ҳисобдаги фарқни оширди. «Тоттенҳэм» ҳужумчиси бу вазията бир неча уринишдан кейингина тўпга зарба бера олганди. Якунда «Тоттенҳэм» ғалабани сақлаб қолди ва умумий жадвалда «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» каби жамоаларни ортда қолдириб, 1/8 финал босқичига тўғридан тўғри йўлланма учун яхши имконият сақлаб қолди. Томас Франк эса ҳозирча ишдан бўшатилмайди.

«Копенҳаген» – «Наполи» 1:1
Голлар:
Мактоминай, 39 (0:1). Ларссон, 72 (1:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ларссон, 72’
«Копенҳаген»: Котарски, Габриэл Перейра, Судзуки, Лопес, Мелинг (Гарананга, 81), Мадсен (Классон, 81), Дилэйни, Ашури (Клем, 63), Ал-Юнусси, Корнелиус (Ларссон, 63), Дадасон (Хатзидиакос, 36)
«Наполи»: Милинкович-Савич, Буонджорно, Жуан Жезус, Ди Лоренцо, Мактоминай, Лоботка, Гутеррес (Амброзино, 75), Спинаццола (Оливера, 63), Элмас (Лукка, 81), Вергара (Ланг, 63), Ҳойлунд
Огоҳлантиришлар: Ал-Юнусси, 42. Клем, 90 – Ҳойлунд, 40. Ди Лоренцо, 82
Четлатиш: Дилэйни, 35

«Қайрат» – «Брюгге» 1:4
Голлар:
Станкович, 32 (0:1). Ванакен, 38 (0:2). Верман, 74 (0:3). Меҳеле, 84 (0:4). Садибеков, 90+2 (1:4)
«Қайрат»: Анарбеков, Мартинович, Сорокин, Луиш Мата, Тапалов (Станоев, 79), Касабулат (Абиш, 79), Глейзер (Садибеков, 76), Жоржинио (Рикардинио, 75), Громыко, Мринский, Эдмилсон (Биркурманов, 76)
«Брюгге»: Яккерс, Ордонес, Меҳеле, Саббе (Сике, 85), Ветлесен (Сандра, 64), Станкович, Сейс (Мейер, 78), Боржеш (Тресолди, 78), Ванакен, Дякон, Верман (Кэмпбелл, 78)
Огоҳлантиришлар: Сорокин, 80. Садибеков, 90

«Олимпиакос» – «Байер» 2:0
Голлар:
Коштиня, 2 (1:0). Торимий, 45+1 (2:0)
«Олимпиакос»: Тзолакис, Пирола (Бьянкон, 74), Рецос, Ортега, Коштинья, Эссе, Музакитис (Дани Гарсия, 74), Шикинью (Скипиони, 82), Мартинш (Оньемаечи, 79), Родиней, Тареми (Эль-Кааби, 74)
«Байер»: Бласвих, Андрих, Баде, Куанса, Фернандес, Гарсия, Грималдо, Васкес (Тилльман, 58), Поку (Калбрет, 81), Маза (Артур, 70), Кофане (Шик, 70)
Огоҳлантиришлар: Рецос, 5. Торимий, 73 – Кофане, 29

«Вилярреал» – «Аякс» 1:2
Голлар:
Олувасейи, 49 (1:0). Глух, 61 (1:1). Эдвардсен, 90 (1:2)
«Вилярреал»: Тенас, Марин, Вейга, Кардона, Моуринио, Комесанья, Партей (Парехо, 74), Молейро (Бюкенен, 46), Пепе (Морено, 72), Олувасейи, Перес (Микаутадзе, 72)
«Аякс»: Ярош, Бас, Бауман, Вайндал (Фитц-Джим, 84), Гоэи, Регер (Итакура, 54), Мокио (Бунида, 71), Классен, Годтс, Глух (Эдвардсен, 84), Долберг (Стер, 71)
Огоҳлантиришлар: Моуринио, 60. Парти, 71. Марин, 80 – Вайндал, 12. Бауман, 88

Умумий гуруҳ жадвалининг биринчи қисмидаги вазият:

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид