Жаҳон | 11:05
1458
3 дақиқада ўқилади

Украина: Чернобил атом электр станцияси энергия тизимига уланган

ЧАЭСдаги саркофаг ва ишлатилган ядро ёнилғисини сақлаш омборлари электр билан таъминланмоқда, деб хабар берди Украина Энергетика вазирлиги. АЭХА маълумотларига кўра, бундан олдин жанг ҳаракатлари фонида станция ташқи электр таъминотидан маҳрум бўлган.

Фото: Efrem Lukatsky/AP

Чернобиль атом электр станцияси (ЧАЭС) ҳудудидаги барча объектлар — жумладан янги саркофаг ва ишлатилган ядро ёнилғисини сақлаш омборлари Украина бирлашган энергетика тизимига одатий режимда уланган. Бу ҳақда Украина Энергетика вазирлиги сешанба, 20 январ куни кундузи Telegram’да хабар қилди.

“Саноат майдонида ва чиқариб ташлаш ҳудудидаги радиация фони назорат даражаларидан ошмайди”, — дейилади баёнотда. Вазирлик қўшимча қилишича, “қайта ҳужумлар содир бўлган тақдирда” станция зарур миқдорда ёнилғи захираси ва соз ҳолатдаги захира электр манбалари билан таъминланган.

Вазирлик маълумотига кўра, аҳоли ва атроф-муҳит учун тўғридан тўғри хавф йўқ. Энергетиклар ва станция ходимлари вазиятни кучайтирилган режимда кузатишда давом этмоқда.

20 январ куни эрталаб Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) X ижтимоий тармоғида кенг кўламли жанг ҳаракатлари натижасида станция ташқи электр таъминотидан тўлиқ маҳрум бўлганини хабар қилган.

“Украина Энергетика вазирлиги таъкидлайдики — агрессорнинг бундай ҳаракатларига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бу ядровий ва радиацион хавфсизликнинг барча асосий тамойилларини қўпол тарзда бузишдир”, — деб қайд этган вазирлик. “ЧАЭС объектларини электрсиз қолдириш хавфини юзага келтириб, душман нафақат Украинанинг, балки бутун Европа қитъасининг хавфсизлигини таҳдид остига қўяди”, — деб огоҳлантириш берилган.

АЭХА бош директори Рафаэл Гросси ва Украина энергетика вазири Денис Шмихал агентлик бошқарув кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини ташкил этишга келишиб олган. Украина Энергетика вазирлиги маълум қилишича, йиғилиш “Россиянинг Украина энергетика тизимига берган ҳужумлари оқибатларини баҳолаш” учун ўтказилади.

АЭХА аввалроқ хабар беришича, 20 январ эрталаб ЧАЭСдан бошқа станцияларга олиб борувчи электр узатиш линиялари (ЭУЛ) ҳам шикастланган, шунингдек, ядровий хавфсизлик учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган Украинадаги бир қатор электр подстанцияларига ҳам зарар етган.

Бундан олдин, 2025 йил 1 октябрда Россиянинг энергия инфратузилмасини ўққа тутиши оқибатида ЧАЭСда электр таъминоти вақтинча узилган — у тахминан уч соат давом этган. Ўшанда саркофаг ва ишлатилган ёнилғи омбори электрсиз қолган. Электр таъминоти ўша кечнинг ўзида қайта тиклашга муваффақ бўлинган. Радиация фони назорат қийматларидан ошмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид