Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия айблови: Россия Украинага қарши “совуқ қуроли”ни ишга солди
Германия РФ ҳукуматини украиналикларга нисбатан ҳарбий жиноятлар содир этишда айблади. Украина энергия таъминоти тизимига доимий ҳужумлар уюштириш орқали Россия “совуқни қурол сифатида ишлатмоқда”, — деди Германия ҳукумати расмий вакилининг ўринбосари Штеффен Майер чоршанба куни, 21 январда Берлинда.
Фото: Reuters
“Унинг ҳаракатлари чуқур маънода ғайриинсоний ва инсонни нафратлантирувчи тусга эга”, — деди у. Берлин вакилига кўра, қарийб тўрт йилдан бери давом этаётган тўлиқ кўламли уруш Украинани заифлаштириш ва ҳолдан тойдиришга қаратилган. “Бизнинг фикримизча, Россия у ерда ҳарбий жиноятлар содир этмоқда”, — дея қўшимча қилди у.
Германия ҳукумати “давом этаётган оммавий Россия ҳаво зарбалари”ни энг қатъий шаклда қораламоқда. “Ўзининг ҳарбий агрессияси бошланганидан бери энг совуқ қишда Россия Украинага фуқаролик объектлари ва энергетика инфратузилмасига қарши шафқатсиз ҳужум тўлқинларини амалга оширмоқда, — деди Майер. — Юз минглаб болалар, кекса одамлар, бутун оилалар электр, иситиш ва иссиқ сувсиз совуққа чидашга мажбур”.
9 январдан бери Россия армияси Украина пойтахтининг энергетика инфратузилмасига қарши ҳозиргача энг вайронкор ҳужумни давом эттирмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский маълумотларига кўра, Киевда Россиянинг узлуксиз зарбалари оқибатида тахминан 4000 та уй иситишсиз қолган, биноларнинг қарийб 60 фоизида электр таъминоти йўқ. Зеленский 21 январ куни махсус “энергетик селектор” якунлари бўйича, пойтахт ва Киев вилоятидан ташқари энг оғир вазият Харкив шаҳри ва вилоятида, шунингдек Суми, Чернихив ва Днипропетровск вилоятларида кузатилаётганини билдирди.
Киев ҳокимияти бир неча кун олдин Украина пойтахти аҳолисини имкон қадар шаҳар ташқарисига чиқиб кетишга чақирган эди. Киев мэри Виталий Кличко 20 январ куни AFP’га берган интервюсида, бу чақириққа тахминан ҳар олтинчи аҳоли амал қилганини айтди. 9 январдан бери шаҳарни 3,6 миллион аҳолидан 600 минг киши тарк этган. Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Германия ҳозирча Украинадан келаётган қочқинлар сони ошганини кузатмаяпти.