Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил яна Ғазога зарба берди: 11 нафар фаластинлик ўлдирилди
Чоршанба куни Исроил кучлари Ғазода камида 11 нафар фаластинликни ўлдирди. Қурбонлар орасида икки нафар бола, 3 нафар журналист ва бир аёл бор. AFP Исроилдан ўз ходимининг ўлими бўйича тўлиқ тергов ўтказишни талаб қилди.
21 январь куни Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 11 нафар фаластинлик, жумладан икки нафар бола ва уч журналист ҳалок бўлди, яна олти киши жароҳатланган.
Ғазо соғлиқни сақлаш идораси директори Мунир ал-Буршнинг Al-Jazeera'га айтишича, чоршанба куни уларнинг автомобили нишонга олинган пайтда ҳалок бўлган фотомухбирлар Мисрнинг Ғазога ёрдам кўрсатиш бўйича қўмитаси учун ишлаган. Мазкур қўмита Мисрнинг Ғазодаги гуманитар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Хусусан, журналистлар Анас Ғунайм, Абдул Раъуф Шаат ва Муҳаммад Қешта Ғазонинг марказий қисмида, «Нетзарим йўлаги» деб аталувчи ҳудуд яқинида Исроил зарбасига учраган. Ушбу ҳужумда яна бир киши ҳам ҳалок бўлган.
Интернетда тарқалган видео лавҳаларда йўл четида ёниб кетган, бомбаланган автомобиль кўринади, вайроналар орасидан ҳали ҳам тутун кўтарилиб турган.
Қўмита матбуот котиби Муҳаммад Мансурнинг Associated Press'га айтишича, журналистлар янги ташкил этилган кўчирилганлар лагерини тасвирга олаётган бўлган. Унинг сўзларига кўра, зарба Исроил назоратидаги ҳудуддан тахминан 5 километр узоқликда содир бўлган. Исроил ҳарбийлари машина Миср қўмитасига тегишли эканини билган.
Исроил армияси радиосига кўра, ҳарбийлар автомобилдаги шахслар армия кучлари ҳақида разведка маълумотларини йиғиш учун дрондан фойдаланганини даъво қилмоқда.
Журналистларга ҳужум
Ўлдирилган журналистлардан бири — Абдул Раъуф Шаат Agence France-Presse учун мунтазам материаллар тайёрлаб келган. Бироқ ҳодиса вақтида у AFP топшириғи билан ишламаётган эди.
«Абдул Рауф – Ғазони ёритган, AFP жамоаси томонидан жуда яхши кўриларди. Уни меҳрибон ҳамкасб сифатида эслашади», дейилади агентлик баёнотида. Агентлик унинг ўлими бўйича тўлиқ тергов ўтказилишини талаб қилди.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, 2023 йилда уруш бошланганидан бери Ғазода 200 нафардан ортиқ фаластинлик журналист ва ОАВ ходими ҳалок бўлган. Улар орасида AP, Reuters, Al-Jazeera, AFP каби ўнлаб машҳур ОАВлар ходимлари бор.
Кам сонли ташкил этилган пресс-турларни истисно қилганда, Исроил халқаро журналистларнинг урушни ёритиш учун ҳудудга киришини тақиқлаган. ОАВлар асосан Ғазодаги фаластинлик журналистлар ва маҳаллий аҳоли берган ахборотга таянмоқда.
Бошқа қурбонлар
Ғазонинг марказий қисмида содир бўлган алоҳида ҳужумда бир оиланинг уч нафар аъзоси, жумладан Дайр ал-Балаҳда бир бола ҳалок бўлган. Манбаларга кўра, қурбонлар ота, унинг ўғли ва яна бир қариндоши бўлган.
Ғазонинг жанубида эса 13 ёшли бола Исроил аскарлари томонидан ўққа тутилиб ўлдирилган. AP нашрининг шифохона ходимларига таяниб ёзишича, бола Бани Суҳайла шаҳрида ўтин йиғаётган пайтда отиб ташланган.
«У эрталаб оч ҳолда чиқиб кетди. Тез бориб келишини айтганди,» дейди кўз ёшларини артаётган боланинг онаси Сафаа аш-Шарафий.
Интернетда тарқалган кадрларда боланинг отаси шифохона каравотида ётган ўғлининг жасади устида кўз ёш тўкиб тургани кўринади.
Ғазонинг жанубидаги Хон Юнус атрофида содир бўлган алоҳида ҳужумда 32 ёшли аёл отиб ўлдирилган. AP'га кўра, Бурейж лагерида танк ўқи зарбаси оқибатида уч ака-ука ҳалок бўлган.
Сулҳнинг такрорий бузилиши
Фаластин расмийларининг айтишича, бу ҳужумлар – АҚШ воситачилигидаги сулҳ кучга кирганидан бери урушдан вайрон бўлган анклав учун энг қонли кунлардан бири бўлди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 10 октябрдан бери Исроил ўқи ва зарбалари оқибатида 470 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Камида 77 киши Исроил назоратидаги ҳудудлар билан Ғазонинг асосий аҳолиси яшайдиган сулҳ чизиғи яқинида ўлдирилган.
АҚШ келишувни олдинга силжитиш ва унинг мураккаб иккинчи босқичини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.
Бундан ташқари, Исроил совуқ об-ҳаво шароитида оғир гуманитар эҳтиёжга дуч келаётган тахминан 2,2 миллион аҳолиси бор Ғазога озиқ-овқат, тиббий ёрдам ва бошпана материалларининг кириб келишини ҳануз чеклаб келмоқда.
Мавзуга оид
10:30 / 21.01.2026
Лукашенко Трампнинг “Тинчлик кенгаши”га қўшилишга рози бўлди
22:38 / 20.01.2026
Исроил БМТ Фаластин қочқинларига ёрдам агентлиги қароргоҳини бузиб ташлади
16:26 / 19.01.2026
Ўзбекистон Трампнинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилади
13:11 / 19.01.2026