Жаҳон | 18:32
39044
4 дақиқада ўқилади

«Келин ўғирлаш» ортидан содир этилган қотиллик Қозоғистонни ларзага солди

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 21 ёшли қиз Нурой Серикбойнинг мудҳиш тарзда ўлдирилиши мамлакатни ларзага солди. Вазиятга президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам аралашди ва Чимкент полициячиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилди. Чимкент шаҳар ИИБ мансабдорлари ишдан олинди, полициячиларга жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Tengrinews

Чимкентлик қиз Нурой Серикбой 11 январ куни шаҳар кўчаларидан бирида ўлдирилди. Терговчилар унинг танасида ўнлаб пичоқ жароҳатларини аниқлади. Гумонланувчи икки кундан сўнг, шаҳардан 10 километр узоқликда қўлга олинди ва ҳибсхонага жойлаштирилди. Жиноятда 28 ёшли эркак Шерхон Аймахон гумон қилинмоқда.

Қозоғистон парламенти депутати Мурат Абенов агар полиция қизнинг ота-онаси баёнотларига ўз вақтида муносабат билдирганида, Нуройнинг фожиали ўлими юз бермас эди, деди. Депутат сўзларига кўра, эркак қизни камида олти ой давомида таъқиб қилган. Танишувдан сўнг, унга совчи қўйган, лекин рад жавобини олган. Кейин биринчи жиноят содир бўлди - қизни унинг иродасига қарши зўравонлик билан ўғирлади. Шунда ота-она қизини уйига қайтаришга муваффақ бўлган ва Чимкент полициясига қизини зўравонликдан ҳимоя қилишни сўраб ариза берган. Аммо жиноят иши қўзғатилмаган, чора кўрилмаган, гумонланувчи ҳибсга олинмаган.

Шерхон Аймахон ва Нурой Серикбой

Қизнинг ўлдирилиши қозоғистонликларни ларзага солди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У ҳақда ҳатто президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам гапирди. 20 январ куни бўлиб ўтган Миллий қурултой йиғилишида у Ички ишлар вазирлигига Чимкент полициячиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни, Бош прокурорга эса бу масалани синчковлик билан текширишни топширди.

Ҳодиса ортидан Чимкент шаҳар ИИБ бошлиғи Нурлан Алмасбеков ва унинг биринчи ўринбосари Қурманбек Сахов ишдан олинди.

Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Одиловга кўра, тартиб посбонлари бепарволикда гумон қилинмоқда.

«Жабрланувчининг никоҳ тузишга мажбурлаш бўйича мурожаати чоғида ўз хизмат вазифаларидан келиб чиқиб, жиноят ишини рўйхатдан ўтказиш чораларини кўрмаган мансабдор шахсларга жиноят иши очилди. Аризани қабул қилмаган ва ишни ёпиб юборган мансабдор шахслар ишдан бўшатилди», деди Одилов.

Унинг қўшимча қилишича, биринчи навбатда туман ИИБ мансабдор шахслари жавобгарликка тортилади. Бундан ташқари, шаҳар ИИБ раҳбарияти ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

2025 йил сентябр ойида Қозоғистонда никоҳга мажбурлаганлик ва келин ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Масалан, илгари «ўғри» қурбонини ўз ихтиёри билан қўйиб юборган бўлса, жазодан қутулиб қолиши мумкин эди. Янги қонундан бундай банд чиқариб ташланди, айбдор шахс қизни озод қилган ёки қилмаганидан қатъи назар жиноий жавобгарликка тортилиши лозим. Бундан ташқари, Қозоғистонда никоҳга мажбурлаш бўйича Жиноят кодексининг 125-1-моддаси киритилди. Оғирлаштирувчи ҳолатларда энг кўп жазо ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш бўлади.

Қозоғистонда юз берган мудҳиш қотиллик Қирғизистонда 2025 йил сентябр ойи охирида 17 ёшли Айсулу Мукашеванинг зўрланиши ва ўлдирилиши ҳолатига ўхшаб кетади. Ушбу ҳодиса ҳам қирғизистонликларни ларзага солган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Қотиллик ортидан президент Садир Жапаров бундай жиноятни содир қилганлар учун ўлим жазосини тиклашни таклиф қилди. Кейинчалик, Қирғизистон президенти маъмурияти ўлим жазосини қайтариш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Бироқ, Қирғизистон Конституциявий суди 2025 йил 10 декабрда Конституцияга ўзгартириш киритиш орқали ўлим жазосини тиклашни номақбул ва юридик жиҳатдан имконсиз деб топди, чунки бу «Конституция ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зиддир».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид