Ўзбекистон | 11:00
867
2 дақиқада ўқилади
Реклама

ОКМК: Барқарор ривожланиш ва экологик масъулият бош мезон

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш стратегияси янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, комбинат технологик занжирининг якуний бўғини бўлган мис эритиш заводида амалга оширилаётган технологик модернизация ишлари нафақат иқтисодий самара келтирмоқда, балки экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим рол ўйнамоқда.

Фото: ОКМК

Хусусан, мис эритиш заводнинг Металлургия цехи конвертер анод бўлимида 1-сонли конвертер агрегати капитал таъмирланди. Бу жараён комбинатнинг қурилиш бўлинмалари ва заводи мутахассислари томонидан амалга оширилди.

Реконструкциянинг асосий экологик ечими — иссиқлик утилизацияси ускуналарини такомиллаштириш бўлди. Жумладан, таъмир жараёнида чанг камералари 4 қисмдан 3 тага қисқартирилди, тутун сўрғичлар тизими мақбуллаштирилди. Натижада технологик газлар ҳарорати 160°С дан 230°С гача кўтарилди. Бу ҳарорат кўтарилиши электрофилтрларнинг бир маромда ишлашини таъминлаб, сулфат кислотаси ишлаб чиқариш цехида газларни тўлиқ тутиб қолиш ва қайта ишлаш самарадорлигини оширди.

Конвертер агрегатининг ҳаво бериш тизимидаги ўзгаришлар (фурмалар сони 6 тага кўпайтирилиши) мис штейнларини конвертер жараёнини 10-15 фоизга қисқартириб, қувватини 10 фоизга оширди. Бу нафақат хомаки мис ишлаб чиқариш ҳажмини оширди, балки ёқилғи ва энергия ресурслари сарфини сезиларли даражада камайтириш имконини берди.

Бундан ташқари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида завод ҳудуди ва туташ ҳудудларда дарахт, бута кўчатларини экиш ишлари доимий тарзда амалга оширилмоқда. Шунингдек, экилган дарахт ва бута кўчатларини суғориш, парвариш қилиш ҳамда уларни қўриқлаш мақсадида корхона томонидан масъул ходимлар бириктирилган. 

ОКМКда амалга оширилаётган бундай тизимли ислоҳотлар 2026 йилда Ўзбекистоннинг "яшил иқтисодиёт"га ўтиш стратегияси доирасида металлургия саноатининг экологик тоза ва юқори технологияли соҳага айланишига хизмат қилади.

Маълумот учун 2025 йил ОКМК халқаро эътирофга - Sustainable Fitch агентлигининг 3 даражали ESG рейтинги ва 56 баллга сазовор бўлди. Бу компаниянинг барқарор ривожланиш ва экологик сиёсатга эътибор қаратишини акс эттирувчи яхши кўрсаткич ҳисобланади.

Мавзуга оид