Иқтисодиёт | 19:02 / 22.01.2026
1534
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ташқи савдоси: асосий тенденциялар

2025 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 81 млрд доллардан ошди. Бунда Хитой ва Россиянинг улуши 37 фоизни ташкил қилди. Йил давомида мутлақ рекорд – 9,9 млрд долларлик олтин сотилди. Ички бозорда нархларнинг қимматлашиши фонида гўшт импорти 70 фоизга ошди. Тақчилликнинг ортиб бораётганига қарамай газ экспорти давом эттирилди. Шунингдек, электр токи сотуви ҳам қиймат жиҳатдан 45 фоизга ошиб, 169 млн долларга етди.

Фото: Kun.uz

2025 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 13,9 млрд долларга ёки 20,7 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 33,8 млрд доллар (+24 фоиз), импорт ҳажми эса 47,3 млрд доллар (+18,5 фоиз) бўлди. Ташқи савдо салбий сальдоси эса 13,5 млрд доллардан ошди.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг энг катта қисми Хитой (21,2 фоиз), Россия (16 фоиз) Қозоғистон (6,1 фоиз), Туркия (3,7 фоиз) ва Жанубий Корея (2,1 фоиз) билан қайд этилган.

2025 йилда 2024 йилга нисбатан йирик ҳамкор 20 та давлатдан Жанубий Корея (-14 фоиз), Туркия (-0,4 фоиз), АҚШ (-2 фоиз) ва Полша (-2,3 фоиз) билан савдо айланмаси миқдори қисқарди. Қолган 16 та давлат билан умумий савдо ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Хусусан, Швейцария (+84 фоиз), БАА (+52,7 фоиз), Афғонистон (+47,5 фоиз), Қирғизистон (+37,1 фоиз) ва Ҳиндистон (+33,3 фоиз) каби давлатлар билан умумий савдо айланмасида катта ўсиш қайд этилган.

Умуман олганда, охирги йилларда асосий ҳамкор давлатлардан Жанубий Корея ва Туркия билан савдо ҳажми давомли тарзда қисқариб боряпти. Масалан, 2 йил ичида Корея билан бу кўрсаткич 26 фоизга пасайган.

Экспорт

Ўтган йилда 9,9 млрд долларлик (+32,3 фоиз) олтин сотилди. Бу умумий экспортнинг 29,3 фоизини ташкил этади. Охирги 3 ойда қимматбаҳо металл экспорти амалга оширилмаган. Сўнгги йилларда қуйидаги қийматдаги олтин сотуви амалга оширилган:

  • 2019 йил – 4,9 млрд доллар (умумий экспортнинг – 28,2 фоизи);
  • 2020 йил – 5,8 млрд доллар (38,3 фоиз);
  • 2021 йил – 4,1 млрд доллар (24,7 фоиз);
  • 2022 йил – 4,1 млрд доллар (21,3 фоиз);
  • 2023 йил – 8,1 млрд доллар (32,8 фоиз);
  • 2024 йил – 7,4 млрд доллар (27,8 фоиз).

Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (11,8 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,7 фоиз), кимёвий воситалар (6,3 фоиз), турли хил тайёр буюмлар (5 фоиз) ва минерал ёқилғилар (4,4 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлди.

Ҳисобот даврида 628,8 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 фоизга кўп. Бундан ташқари, 674 млн долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари (+18,6 фоиз), 169 млн долларлик электр токи (+45,6 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган. Шунингдек, 357 млн долларлик автомобиль ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 13,8 фоизга кам.

Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозори Россия (12,8 фоиз), Хитой (7,3 фоиз), Қозоғистон (4,6 фоиз), Афғонистон (4,5 фоиз), Туркия (3,4 фоиз), Франция (2,6 фоиз), Қирғизистон (2,3 фоиз), БАА (2,1 фоиз), Тожикистон (2 фоиз) ва Покистон (1 фоиз) давлати бўлди. Ушбу мамлакатларга умумий экспортнинг 40 фоиз қисми тўғри келган.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,8 фоиз), саноат товарлари (15,3 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (11,8 фоиз) ҳисобига тўғри келди.

2025 йилда 4,5 млрд долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,5 фоизга кўп. Энг катта ўсиш гўшт ва гўшт маҳсулотлари (869 млн долларлик) импортида кузатилган – 70,6 фоиз. Ўтган йилда 1 млрд 659 млн долларлик газ сотиб олинган, бу 2024 йилги кўрсаткичнинг 98,8 фоизини ташкил этади. Шунингдек, 1 млрд 555 млн долларлик (+5,8 фоиз) бензин импорт қилинган.

Охирги йилларда газ импорти қуйидагича ўзгарди:

  • 2020 йил – 50,4 млн доллар;
  • 2021 йил – 154,5 млн доллар;
  • 2022 йил – 281,9 млн доллар;
  • 2023 йил – 694,9 млн доллар;
  • 2024 йил – 1 млрд 679,7 млн доллар.

Еттита давлат, жумладан, Хитой (31,2 фоиз), Россия (18,3 фоиз), Қозоғистон (7,2 фоиз), Туркия (4 фоиз), Корея (3,5 фоиз), Германия (2,7 фоиз) ва Ҳиндистондан (2,4 фоиз) жами импортнинг 60 фоиздан кўпроқ қисми амалга оширилган. 

Мавзуга оид