Жаҳон | 23:36 / 22.01.2026
1099
3 дақиқада ўқилади

Трамп Гренландияни сотиб олмоқчи – АҚШ тарихда кўплаб ҳудудларни сотиб олган

Трампнинг Гренландияни сотиб олиш нияти АҚШ учун инқилобий ғоя эмас. Мамлакатнинг ҳозирги ҳудуди тахминан 40 фоизи айнан сотиб олиш йўли билан қўлга киритилган.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп НАТО билан келишув доирасида АҚШ Гренландияга тўлиқ ва доимий киришга эришганини айтди.

«Ҳақиқатан ҳам музокаралар олиб борилмоқда, тафсилотлар муҳокама қилинмоқда. Лекин моҳиятан бу тўлиқ киришдир. Вақт бўйича чекловлар йўқ», деди у.

Трамп бир неча бор Гренландияни назорат қилиш АҚШга Хитой ва Россия томонидан кучайиб бораётган таҳдидларни ҳимоя қилиш ва уларга қарши туриш, шунингдек, АҚШнинг кўп даражали ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш бўйича «Олтин гумбаз» дастурини ривожлантириш учун зарурлигини тушунтирган.

Вашингтон бир асрдан бери оролни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда. Гренландияни сотиб олишга АҚШ 1946 йилда энг яқин келганди – шунда улар Гренландия учун 100 миллион доллар (ҳозирги курс бўйича деярли 1,7 миллиард доллар) таклиф қилган, бироқ рад жавобини олган.

АҚШ ХIХ - XX асрларда бир нечта харидлар орқали ҳудудини кенгайтирган. РБК уларни санаб ўтди.

- 1803 йилда АҚШ президенти Томас Жефферсон Франциядан Янги Орлеанни сотиб олишни режалаштирди, аммо охир-оқибат АҚШ майдони 2,1 миллион квадрат километр бўлган бутун Луизиана мустамлакасига 15 миллион доллар (ҳозирги курс бўйича 430,3 миллион доллар) эвазига эга бўлди. Мамлакат ҳудуди икки баробар кенгайди. Ҳозир бу ерларда 15 та штат бор.

- 1819 йилда АҚШ Испаниядан Флоридани 5 миллион доллар (ҳозирги курс бўйича 127,6 миллион доллар) компенсация эвазига олди.

- 1845 йилда АҚШ Мексикадан Техасни 18,3 миллион доллар (ҳозирги курс бўйича 778,3 миллион доллар) компенсация эвазига олди.

- 1848 йилда Мексика билан бўлган урушдан сўнг, АҚШ келажакдаги Калифорния ва Невада каби улкан ҳудудларни қўлга киритди. 1854 йилда темир йўл қурилиши учун АҚШ Мексикадан 10 миллион доллар (ҳозирги курс бўйича 385,9 миллион доллар) эвазига Месилла ҳудудини сотиб олди (Гадсден шартномаси).

- 1867 йилда АҚШ Россия империясидан Аляскани 7,2 миллион доллар (ҳозирги курс бўйича 157,7 миллион доллар) эвазига сотиб олди - танқидчилар масхара қилган келишув кейинчалик Вашингтонга жуда бой ресурслар олиб келди ва ҳудуднинг ўзи 49-штатга айланди.

- 1917 йилда Вашингтон Дания билан ҳозирча ягона муваффақиятли битимни амалга оширишга муваффақ бўлди. АҚШ минтақада ҳарбий иштирокини кучайтириш мақсадида Кариб денгизидаги Виржиния оролларининг бир қисмини 25 миллион доллар (ҳозирги курс бўйича 633,1 миллион доллар) эвазига сотиб олди. Бугунги кунда бу АҚШнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга бўлган нодавлат ҳудуди ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид