Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ургутдаги бино бузилишига Маданий мерос бошқармаси ва ҳокимлик изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманида қурилиш услуби билан анъанавий шарқ меъморчилигини эслатадиган бино бузиб ташланаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Тарихий иншоотни эслатадиган бино бузилиши жамоатчилик ўртасида норозилик келтириб чиқарди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси муносабат билдирди. Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан бошқарма мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар натижасида видеода акс этган иншоот маданий мерос объектлари давлат рўйхатига киритилмагани аниқланган. Шунингдек, ушбу бино белгиланган тартибда муҳофазага олинган тарихий ёки маданий мерос объекти ҳисобланмаслиги маълум қилинган.
Ургут тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам Kun.uz’га ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди. Унга кўра, туман марказида жойлашган мазкур бино 1992 йилда ҳашар йўли ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан намозгоҳ сифатида барпо этилган. Бироқ иншоот узоқ йиллар давомида фойдаланилмасдан келинган.
Маълум қилинишича, ушбу бино маданий мерос объектлари ёки тарихий ёдгорликлар рўйхатига киритилмаган, давлат муҳофазасида турмайди ҳамда унга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган. Шу билан бирга, иншоот жойлашган ер майдони Ургут тумани ҳокимлиги захираси ҳисобида турган.
Ҳокимликка кўра, айни пайтда туман марказида шаҳарсозлик қиёфасини яхшилаш, транспорт оқимини тартибга солиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида инфратузилмани ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур режалар доирасида бино белгиланган тартибда бузилиб, йўл қисми кенгайтирилиши ва автомобиллар учун қўшимча тўхташ жойлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
10:18 / 11.03.2026
Пойтахтда туризм ва маданият йўналишига янги раҳбар тайинланди
11:51 / 18.12.2025
"Бу — бирламчи тиббий хизмат тизимидаги катта муаммоларнинг акси" - Саида Мирзиёева Ургутдаги оилавий поликлиникада бўлди
13:00 / 11.12.2025
Қорақалпоқ ўтови ЮНЕСКО номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилди
16:13 / 05.12.2025