Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2025 йилда Ўзбекистон маҳсулотлари 75 та давлатга экспорт қилинган
Қозоғистоннинг Tribune нашри Ўзбекистон президенти бошчилигида ТИВ ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти муҳокама қилинган йиғилиш ҳақида мақола эълон қилди. Материалда 2025 йилда ташқи савдо айланмаси илк бор 80 млрд доллардан ошгани, 2026 йил учун эса экспортни 40 млрд долларга етказиш мақсади қўйилгани қайд этилган.
Қозоғистоннинг Tribune нашрида Ўзбекистон президенти бошчилигида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган йиғилиш ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Материалда ёзилишича, 2025 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси илк бор 80 миллиард доллардан ошган. Йил якунларига кўра, экспорт ҳажми 33,5 миллиард долларга етган, хорижий инвестициялар оқими эса 43 миллиард доллардан ортган.
Қайд этилишича, ўтган йилги халқаро ташрифлар, музокаралар ва иқтисодий форумлар давомида умумий қиймати 160 миллиард долларлик келишувлар имзоланган. Шунингдек, экспорт географияси кенгайиб, Ўзбекистон маҳсулотларини 75 та давлатга етказиб бериш қарийб 4,5 миллиард долларга ошган.
Йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий дипломатиянинг янада амалий моделига ўтишини маълум қилган. Элчилар фаолияти учун асосий самарадорлик кўрсаткичлари сифатида улар иш олиб бораётган мамлакатлардан экспортни ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва фуқароларни чет элда қонуний иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашиш каби йўналишлар белгиланмоқда.
Маълум қилинишича, йиғилишда енгил саноатни ривожлантириш ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг АҚШ, Туркия, БАА, Хитой, Германия, Саудия Арабистони, Россия ва Польшада ваколатхоналарини очиш режалаштирилган. Tribune ёзишича, мазкур мамлакатларда тўқимачилик маҳсулотлари импортининг умумий ҳажми 90 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, камида 15 та хорижий компания ва халқаро брендларни Ўзбекистонга жалб қилиш, соҳадаги 100 та корхонада Better Work, BCI ва Organic стандартларини жорий этиш вазифаси қўйилган. Вилоят ҳокимларига элчихоналар билан ҳамкорликда 500 та йирик тўқимачилик экспортёрлари маҳсулотлари намуналарини хориждаги дипломатик ваколатхоналарга жойлаштириш топширилган.
Материалда 2026 йил учун янги мақсадли кўрсаткичлар ҳам келтирилган: экспорт ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш ва 50 миллиард доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириш. Элчиларга ҳудудларнинг рақобат устунликларини таҳлил қилиш ва асосий эътиборни инвесторлар, технологиялар ҳамда янги бозорларни жалб этишга қаратиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, Tribune'га кўра, Ўзбекистоннинг АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Хитой, Япония ва Сингапурдаги элчихоналарига Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш учун дунёнинг энг яхши 100 талик рейтингидаги университетларни жалб қилиш чораларини кўриш топширилган.
Мавзуга оид
18:32 / 22.01.2026
«Келин ўғирлаш» ортидан содир этилган қотиллик Қозоғистонни ларзага солди
13:16 / 21.01.2026
Ўзбекистон гуруч экспортида Қозоғистон биринчи ўринда
17:52 / 20.01.2026
Тўқаев Қозоғистонда вице-президент лавозимини тиклашни таклиф қилди
12:10 / 20.01.2026