Ўзбекистон | 11:36
2097
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қуёш панеллари остида экин етиштириш бўйича тажриба бошланди

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида қишлоқ хўжалиги ва қайта тикланувчи энергияни уйғунлаштирган агриволтаика лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 800 кВт қувватда “яшил энергия” ишлаб чиқариш режалаштирилиб, қуёш панеллари остида сабзавот, картошка ва полиз экинларини етиштириш бўйича илмий тажрибалар ўтказилади.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида халқаро ҳамкорлик доирасида навбатдаги муҳим ташаббус — агриволтаика лойиҳаси амалга оширилмоқда. У қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта тикланувчи энергия соҳаларини уйғунлаштирган ҳолда, илм-фан ва инновацияларни бевосита амалиётга жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятли, дея қайд этилди.

Маълум қилинишича, мазкур лойиҳа Франциянинг Voltalia SA компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилмоқда. Агриволтаика технологияси орқали бир вақтнинг ўзида электр энергияси ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш имконияти яратилади. Бу ечим ер ҳамда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, илмий тажрибалар кўламини кенгайтириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига хизмат қилиши таъкидланди.

Лойиҳанинг очилиш тадбирида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук иштирок этган. Тадбирда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, “яшил энергетика” ва аграр илм-фанни уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, институтнинг Тошкент илмий-тажриба станцияси ҳудудида синов тариқасида 800 кВт қувватга эга “яшил энергия” ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. У 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант асосида амалга оширилиб, қуёш панеллари остида сабзавот, картошка ва полиз экинларини етиштириш бўйича илмий тажрибалар олиб борилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида институт ҳудудидан 1 гектар ер майдони ажратилиб, томонлар ўртасида инвестицион шартнома имзолангани маълум қилинди. Ташаббус қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларининг амалий самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид