Жаҳон | 08:10
4690
3 дақиқада ўқилади

Уиткофф: Тинчликка эришиш учун битта ҳал қилувчи савол қолди

АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Россиянинг Украинага қарши урушига якун ясаш бўйича музокараларда “сезиларли илгарилаш”га эришилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир бу музокаралар “битта масала”ни ҳал қилишга келиб қолган. У бу ҳақда пайшанба куни, 22 январда Швейцариянинг Давос шаҳридан Москвага учиб кетишидан олдин билдирди. Москвада у Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Фото: REUTERS

“Менимча, биз ҳаммасини битта масалага келтириб қўйдик. Уни ҳал қилишнинг турли вариантларини муҳокама қилдик, демак бу ҳал бўладиган иш. Шундай экан, агар ҳар икки томон бу муаммони ҳал қилишни истаса, биз буни қиламиз”, — дея AFP агентлиги Уиткоффнинг Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ)да айтган сўзларини келтиради. У қайси масала ҳақида гап кетаётганини аниқлаштирмаган.

Аввалроқ Уиткофф АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер билан бирга Путин билан учрашиш учун 22 январ кечқурун Москвага учиб кетишини маълум қилган эди. Трампнинг махсус вакили айтишича, улар Россия пойтахтига “тун ярмига яқин” етиб келади, Путин билан учрашувдан кейин эса Америка делегацияси ишчи гуруҳлар доирасидаги кейинги музокаралар учун БААга йўл олади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг аниқлаштиришича, Уиткофф ва Кушнернинг Путин билан учрашуви “кечки соат етти-саккиздан кейин” бўлиб ўтади. “Суҳбат Украина бўйича тартибга солиш мавзуси ва бошқа масалалар бўйича давом этади”, — дея “Интерфакс” агентлиги Песковнинг сўзларини келтиради.

Ундан Уиткоффнинг Украина бўйича тартибга солиш масаласидаги оптимизмини бўлишадими, деб сўралганда, Путин матбуот котиби Россия томони “айниқса Уиткоффнинг Москвага келиши ва унинг Путин билан учрашуви арафасида музокараларнинг жорий босқичини шарҳлашни истамаслиги”ни айтган. Шу билан бирга, Песков Россия АҚШнинг “саъй-ҳаракатлари ва самарадорлиги”ни қўллаб-қувватлашини қайд этган.

22 январ тонгида Украина президенти Володимир Зеленский Давосга етиб келди. Бир кун олдин Трамп ЖИФдаги чиқиши вақтида украин раҳбари билан Давосда учрашиш нияти борлигини айтган эди. Украинадаги “Европейская правда” газетаси президент матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, икки раҳбар учрашуви маҳаллий вақт билан соат 13:00 да бўлиши кутилганди, соат 14:30 да эса Зеленскийнинг асосий маърузаси белгиланганди.

Зеленскийнинг ўзи 20 январ куни Швейцарияга фақат АҚШ билан хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳужжатлар, шунингдек “фаровонлик режаси” (Украинани урушдан кейин тиклаш режаси) имзолансагина боришини айтган эди. У буни Киев ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларига Россиянинг навбатдаги оммавий ҳужуми оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни давом эттириш зарурлиги билан изоҳлаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид