Жамият | 14:01
3499
5 дақиқада ўқилади

110 та фермер банкрот бўлса, бу тизимнинг муаммоси – фаоллар

Сирдарёнинг Ховос туманида ҳокимлик нақ 110 та фермердан ерини тортиб олиш учун судга даъволар киритди. Kun.uz суҳбатлашган фермерчилик фаоли Камолиддин Икромовга кўра, 1-2 та ёки нари борса 10 та фермер банкрот бўлса, унинг муаммоси бўлиши мумкин, лекин 110 та фермер банкрот бўлса, бу – тизимнинг муаммоси. Иқтисодчи Отабек Бакиров бунақада ер унумдорлиги пасайиб кетишидан хавотир билдирди.

Kun.uz студиясида бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги дуч келиб турган асосий муаммолар, мазкур муаммолар сабаб соҳа 21-асрда ҳам биз истаган кўриниш олмаётгани, фермерга ҳамон тадбиркорлик субъекти, солиқ тўловчи, ишлаб чиқарувчи сифатида қаралмаётгани мушоҳада қилинди.

Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Фермерлар катта қарз бўлиб қолган, дейишади. Сабабини сўрадикми? Бу фермерларнинг кўпчилиги банкрот бўлган кластернинг ерини олган. Аукциондан, яъни пул тўлаб олишган. Энди нимага қарз бўлиб қолди улар? Чунки пахтасини топширган кластерлар пулини вақтида бермаган. Ваҳоланки, у кластерни ким тавсия қилган уларга? Биринчи ўринда ўша ҳокимият тавсия қилган: “зўр кластер, пули бор, жавоб, фермерга пулини вақтида тўлаб беради, ўғирламайди, алдамайди”, деб ҳокимият тавсия берган-ку!

Камолиддин Икромов

Отабек Бакиров, иқтисодчи: Тавсия эмас, мажбурлашган.

Камолиддин Икромов: Ҳа. Кейин фермерни мажбурлаб, унга пахтасини топширтирган. У эса тарозидан уриб қолиб, пахтасини олди, пулини тўламади вақтида. Дон корхоналари ҳам пулини тўламади. Ҳозир мана, битта кластерга жиноят иши очишибди. Пулини бермаган-да. Вақтида бермаганидан кейин электр энергиянинг пеняси бор, банк кредитларининг пеняси бор, бошқалар бор. Пулини вақтида олмаганидан кейин оператив ишларни қилолмаган, вақтида ўғит солмаган, ҳосилдорлиги камайиб кетган. Фермер зарарга чиқмай, ким зарарга чиқсин?

Кейин бунақа – фермерларнинг оммавий зарарга чиқиши учун ким жавоб беради? 110 та фермер банкрот дейиляпти. 110 та – кичкина кўрсаткич эмас! Битта-иккита, майли 10 та фермер банкрот бўлса, тажрибасизликдан бўлади. Лекин юзлаб фермер банкрот бўлса, ким жавоб беради бунга? Жавобгар бўлиши керак-ку. Шу аҳволга бекорга келиб қолмаган-ку у.

Отабек Бакиров: Битта фермер банкрот бўлса, қарздор бўлса, бу фермернинг муаммоси. 100 та фермер банкрот бўлиб, қарздор бўлса, бу энди тизим. Тизимнинг муаммоси.

Камолиддин Икромов: Яъни тизимли банкрот қилиб қўйиб, инвесторга бермаяпмизми ерларни? Шунақа саволлар ҳам қўйилиши керак-да! Хавфсизлик идоралари бу саволларни кўтариши керак. Буни биз гапиришимиз керак эмас аслида, ташкилотлар бор-ку керакли, кичкина нарса эмас-да бу.

Солиғини белгилаб қўяйлик, 70-80 центнердан чиқадиган солиғини белгилайлик ва аралашмайлик, солиғини тўласин, ишини қилсин.

Отабек Бакиров

Отабек Бакиров: Керакли хулоса чиқара олдикми, мисол учун, цемент заводлари мисолидан, ўша – Андижонда тупроқни, ҳавони, сувни заҳарлаётган цемент заводлари тўғрисида, Жиззахдаги цемент заводлари тўғрисида тўғри хулоса чиқара олдикми? Тўғри хулоса чиқара олган бўлсак-ку, майли. Тўғри хулоса чиқармаган бўлсак, еримизнинг келажаги қандай бўлади? Туғмас хотин қилиб қўяди-ю.

Парламентда ўтирган партияларимиз нима қиляпти, мен тушунмайман. Улар Ўзбекистон халқи манфаатини ифода этадими, ёки топшириқларни, айрим тепадан тушган, кабинетлардан тушган топшириқларнигина ифода этадими?

Шокир Шарипов, журналист: Мана, 21-асрнинг 26-йилига келдик. Фермерларга ҳали ҳам “батрак” сифатида қараляпти-да. Тадбиркорлик субъекти сифатида қаралмаяпти.

Отабек Бакиров: Солиқ тўловчи сифатида қаралмайди, ишлаб чиқарувчи сифатида қаралмайди, тадбиркорлик субъекти сифатида қаралмайди. Ҳокимларни қишлоқ хўжалигидан ташқарига олиб чиқара олмадик-да! Қайсидир битта шарқдан вакил келса, ҳокимнинг олдига кириб рози қиладиган бўлса, ҳаммани чақириб туриб, битта протокол билан “ерингни топширасан” дейиш мумкин бўлиб қоляпти-да!

Ҳуқуқий ҳужжат қани? Бўпти, мен ҳозир қонун керак деб айтяпман, қонун йўқ экан. Қайсидир ҳужжатда шу жараёнлар кетма-кетлиги акс этганми? У ерда фермерларнинг ҳуқуқи қаерда бошланиб, қаерда тугаши, дирекциянинг ҳуқуқи қаерда бошланиб, қаерда тугаши, янги ижарачининг ҳуқуқи қаерда бошланиб, қаерда тугаши ёзилганми?

Камолиддин Икромов: Энди, кўрмаганмиз-да бу нарсани.

Отабек Бакиров: Яна битта муаммо – ёпиқ қарорлар масаласи. Қаерда ёпиқ қарор кўрсангиз, билингки, у ерда коррупция бор. Нима учун ёпиқ қарор чиқаришади бўлмаса? Коррупция манфаати борлиги учун ёпиқ қарор чиқаришади.

Муаллиф:  Шокир Шарипов

Мавзуга оид