Сирдарёнинг Ховос туманида ҳокимлик нақ 110 та фермердан ерини тортиб олиш учун судга даъволар киритди. Kun.uz суҳбатлашган фермерчилик фаоли Камолиддин Икромовга кўра, 1-2 та ёки нари борса 10 та фермер банкрот бўлса, унинг муаммоси бўлиши мумкин, лекин 110 та фермер банкрот бўлса, бу – тизимнинг муаммоси. Иқтисодчи Отабек Бакиров бунақада ер унумдорлиги пасайиб кетишидан хавотир билдирди.

Kun.uz студиясида бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги дуч келиб турган асосий муаммолар, мазкур муаммолар сабаб соҳа 21-асрда ҳам биз истаган кўриниш олмаётгани, фермерга ҳамон тадбиркорлик субъекти, солиқ тўловчи, ишлаб чиқарувчи сифатида қаралмаётгани мушоҳада қилинди.

Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Фермерлар катта қарз бўлиб қолган, дейишади. Сабабини сўрадикми? Бу фермерларнинг кўпчилиги банкрот бўлган кластернинг ерини олган. Аукциондан, яъни пул тўлаб олишган. Энди нимага қарз бўлиб қолди улар? Чунки пахтасини топширган кластерлар пулини вақтида бермаган. Ваҳоланки, у кластерни ким тавсия қилган уларга? Биринчи ўринда ўша ҳокимият тавсия қилган: “зўр кластер, пули бор, жавоб, фермерга пулини вақтида тўлаб беради, ўғирламайди, алдамайди”, деб ҳокимият тавсия берган-ку!

Камолиддин Икромов

Отабек Бакиров, иқтисодчи: Тавсия эмас, мажбурлашган.

Камолиддин Икромов: Ҳа. Кейин фермерни мажбурлаб, унга пахтасини топширтирган. У эса тарозидан уриб қолиб, пахтасини олди, пулини тўламади вақтида. Дон корхоналари ҳам пулини тўламади. Ҳозир мана, битта кластерга жиноят иши очишибди. Пулини бермаган-да. Вақтида бермаганидан кейин электр энергиянинг пеняси бор, банк кредитларининг пеняси бор, бошқалар бор. Пулини вақтида олмаганидан кейин оператив ишларни қилолмаган, вақтида ўғит солмаган, ҳосилдорлиги камайиб кетган. Фермер зарарга чиқмай, ким зарарга чиқсин?

Кейин бунақа – фермерларнинг оммавий зарарга чиқиши учун ким жавоб беради? 110 та фермер банкрот дейиляпти. 110 та – кичкина кўрсаткич эмас! Битта-иккита, майли 10 та фермер банкрот бўлса, тажрибасизликдан бўлади. Лекин юзлаб фермер банкрот бўлса, ким жавоб беради бунга? Жавобгар бўлиши керак-ку. Шу аҳволга бекорга келиб қолмаган-ку у.