Кўчмас мулк | 07:55
4996
2 дақиқада ўқилади

Inaura: Дубайда ғайриоддий осмонўпар бино лойиҳаси тақдим этилди

Дубай марказида қурилиши режалаштирилаётган Inaura номли янги осмонўпар бино лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳанинг энг диққатга сазовор қисми — бинога юқори қаватлар орасига “киритилган”, қимматбаҳо тошдек ёруғлик сочиб турадиган сфера.

Фото: MVRDV

Осмонўпар бинолар шаҳар манзарасини деярли тўлиқ эгаллаб олган жойда қандай ажралиб туриш мумкин? Вариант — ҳақиқатан ҳам улкан иншоотлар қуриш. Яна бир йўл — бошқача ёндашиб, ёрқин ва эсда қоларли образга таяниш. MVRDV архитектура бюроси иккинчи вариантни танлаб, Inaura номли минора лойиҳасини тақдим этди. Унинг энг асосий акценти — бинога юқори қаватлар орасига “киритиб қўйилган”, ёруғлик тарқатиб турадиган, қимматбаҳо тошга ўхшаш сфера бўлади.

Inaura'ни Downtown Dubai ҳудудида қуриш режалаштирилган. Бино шаҳарнинг турли нуқталаридан яхши кўриниши учун шундай йўналтириладики, ойналардан Бурж-Халифага — ҳозирча дунёдаги энг баланд бинога таъсирли манзаралар очилиши кўзда тутилган.

Осмонўпар бинонинг баландлиги 210 метр бўлади. Бу анча баланд, аммо Дубайдаги Бурж-Халифа ёки Tiger Sky Tower каби улкан миноралар билан солиштирганда анча камтарроқ кўрсаткич.

Архитектура жиҳатидан минора нисбатан босиқ, тўртбурчак шаклга эга бўлади. У шиша фасад билан қопланади, фасадни горизонтал ритм ва периметр бўйлаб жойлашган балконлар “жонлантиради”. Ва, албатта, ўша ёруғлик тарқатиб турадиган сфера — у бир вақтнинг ўзида ҳам кучли визуал белги, ҳам таъсирчан дам олиш зонаси вазифасини бажаради.

Ички майдонларнинг асосий қисмини турар жой апартаментлари ҳамда меҳмонхона эгаллайди. Қулайликлар қаторида ресторан, тренажёр зали, бассейн ва эксклюзив спа-мажмуа кўзда тутилган. Қурилиш қачон якунланиши ҳали эълон қилинмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид