Ўзбекистон | 15:09 / 24.01.2026
2769
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллалар “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратилади

Маҳаллалардаги муаммоларни аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш ва ҳар бир ҳудуд билан индивидуал ишлаш амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун “Рақамли маҳалла” электрон платформаси орқали маҳаллалар бир нечта ижтимоий-иқтисодий мезонлар асосида тоифаларга ажратилади.

Тақдим этилаётган ташаббусга кўра, “Рақамли маҳалла” электрон платформасида маҳаллалар инфратузилма, тадбиркорлик, камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик, низоли оилалар ҳамда аҳоли мурожаатлари каби кўрсаткичлар кесимида таҳлил қилиниб, “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари “қизил” ва “сариқ” тоифадаги ҳар бир маҳалла бўйича кўрсаткичларни яхшилашга қаратилган йиллик дастур ишлаб чиқиши, тасдиқлаши ва масъул давлат органлари билан ҳамкорликда амалга ошириши белгиланмоқда.

Ташаббус доирасида ҳар бир кўрсаткич соҳаси бўйича тегишли давлат органларига бириктирилади. Бунда “қизил” ва “сариқ” маҳаллалардаги кўрсаткичларни яхшилаш жараёни ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар фаолиятини баҳолаш мезони сифатида ҳам белгиланиши назарда тутилган.

Қолаверса, ижтимоий ривожланиш ва инфратузилма дастурлари, тармоқ дастурлари ҳамда давлат органларининг йиллик режаларини ишлаб чиқишда “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалар муаммоларини биринчи навбатда ҳал қилиш устувор вазифа сифатида қўйилиши режалаштирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид