Жамият | 18:07
11431
3 дақиқада ўқилади

Наманганда «Эшон» лақабли безори қўлга олинди

У ўз атрофига жиноятчиликка мойил шахсларни йиғиб, Наманган шаҳри ҳудудида товламачилик ва безорилик жиноятларини содир этган, шунингдек, фуқаролар ўртасидаги пул олди-берди масалаларини ҳал қилиб бериш билан шуғулланган.

Фото: Видеодан кадр

Ҳуқуқ-тартибот органлари товламачилик ва зўравонлик билан шуғулланган жиноий уюшма фаолиятига чек қўйди. Гуруҳ ташкилотчиси Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам бир неча бор судланган шахс бўлган.

«Аввал ҳам фирибгарлик ва безорилик жиноятларини содир этиб, жазо олганига қарамасдан, ўз хатосидан тўғри хулоса қилмаган шахс яна жиноятга қўл урди», – дейилади Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарида.

У ён-атрофига жиноят содир қилишга мойил бўлган бир неча шахсларни йиғиб, улар билан тил бириктирган ҳолда Наманган шаҳри ҳудудида товламачилик ва безорлик жиноятларини содир этиб, фуқаролар ўртасидаги пул олди-берди масалаларини куч ишлатиш йўли билан ҳал қилиб келган.

Маълум қилинишича, қўлга олинган 28 ёшли Баҳриддин Зайниддин ўғли Насриддинов муқаддам Жиноят кодексининг 277-моддаси биринчи, 168-моддаси 4-қисми, 228-моддаси 3-қисми ҳамда 277-моддаси 2-қисми билан судланган.

Тергов материалларига кўра, Баҳриддин Насриддинов жиноий шериклари билан биргаликда Наманган шаҳрида яшовчи танишини Баркамол авлод маҳалласи ҳудудига чақириб, уни кўча ечимларида («разборка») иштирок этмаётгани, чақирган вақтида келмаётгани ва бошқа баҳоналарни важ қилиб, унинг баданига қўли ва ўткир кесувчи жисм билан уриб, унга тан жароҳати етказган.

Наманган вилояти суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, жабрланувчининг чап елка қисмида кесилган ва санчилган жароҳатлар борлиги аниқланган. 

«Етакчиликка интилган, ўзини “Эшон” лақаби билан танитиб, гўёки кўча ишларини ҳал қилиб, фуқароларга нисбатан босим ўтказиб, ноқонуний фаолият юритиб келган ушбу шахс процессуал тартибда қўлга олиниб, унга нисбатан Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.

Ички ишлар органлари мазкур шахсдан жабр кўрган фуқароларни Наманган вилояти ички ишлар бошқармасига, ҳудудий ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига хабар беришни сўраган. Мурожаат қилган шахсларнинг маълумотлари сир сақланиши кафолатланади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид