Ўзбекистон | 18:31 / 26.01.2026
1864
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан 386 та ҳужжат асоссиз яширилгани маълум бўлди

Яширилган қарорлар ташкилий тузилмани тасдиқлаш, маблағ ажратиш, рағбатлантириш, лавозимга тайинлаш масалаларига оид экани аниқланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги январ ойида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан «яширин» ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) грифи билан қабул қилинган қарор ва фармойишларни ўрганди.

Таҳлиллар натижасига кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан жами 1907 та қарор ва фармойиш ушбу асосларда қабул қилингани аниқланди. Дастлабки ўрганишлар жараёнида мазкур ҳужжатларнинг 386 таси асоссиз равишда яширилгани маълум бўлди

Яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, 156 таси лавозимга тайинлаш ҳамда 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат.

Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Фарғона (67 та, 44 фоиз), Хоразм (32 та, 39 фоиз), Бухоро (58 та, 37 фоиз), Қашқадарё (41 та, 26 фоиз) ва Самарқанд (38 та, 15 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига асоссиз яширилган 68 та қарор ва фармойишни очиқлаш ва мазкур қонунбузилишларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан тақдимномалар киритилган.

Таъкидланишича, ҳар бир қарор ва фармойишга нисбатан белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши таъминланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид